254

Парламент комиссиясининг
2024 йил13 июндаги 17-сонли

қарорига 1-илова

 

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди

“Тиббий ва экологик маданиятни юксалтириш  ва атроф муҳитни яхшилаш” мавзуида Давлат грантлари ажратиш учун 3-танловни

ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги мақсадларни назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари қабул қилинади:

  1. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга, болаларнинг туғма касалликлар ва нуқсонлар билан дунёга келишининг олдини олиш ва профилактикасига бағишланган материаллар тайёрлаш, аҳоли ўртасида тарғиб этиш;
  2. Хотин-қизларни оммавий спорт турлари билан шуғулланишга жалб қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи анъаналарини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
  3. Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш соҳасида ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини юксалтириш;
  4. Аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини юксалтириш, тўғри овқатланиш маданиятини оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;
  5. “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашиш;
  6. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш ва улар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилувчи ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш;
  7. Аҳоли ўртасида соғлом овқатланиш маданиятини, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини маҳаллалар, таълим-тарбия муассасаларида кенг тарғиб қилиш;
  8. Орол ҳалокатининг атроф-муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини юмшатишга, Оролбўйи ҳудудларида экологик вазиятни тиклашга ва соғломлаштиришга кўмаклашиш;
  9. Қишлоқ жойлардаги аҳоли пунктларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария-экологик муҳитни яхшилашга қаратилган тадбирларни амалга оширишга кўмаклашиш;
  10. Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик борасида барча соҳаларда жамоатчилик назоратини амалга оширишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
  11. Атмосфера ҳавоси, сув ва ер ресурсларининг ифлосланишини камайтиришига, биологик хилма-хилликни сақлаш, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашга инновацион технологияларни жалб этишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
  12. “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш бўйича тарғибот ишларини олиб боришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
  13. Сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини ошириш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
  14. Экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ННТ ва фуқаролик жамиятининг институтларини жалб қилиш.;
  15. Оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспислар ташкил этиш.

Давлат гранти ажратиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;
  2. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fondngo.uz расмий веб сайти ва https://t.me/GROUP_JAMOAT_FONDI телеграм каналида жойлаштирилган ва янги юкланган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза;
  3. Охирги ўзгартириш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг Устави (Низоми) нусхаси;
  4. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
  5. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси;
  6. Ташкилотнинг солиқ қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома;
  7. Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсия ҳамда қўллаб-қувватлаш хатлари.

Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 200 миллион сўмгача.

Ҳужжатлар 2024 йил 4 июлдан 5 августгача қабул қилинади.

Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди номига “Ўзбекистон почтаси” орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100035, Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, 1-уй. 

Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fondngo.uz расмий веб сайтида танишиш мумкин.

Маълумот учун телефонлар: (78) 238-23-76, (78) 238-23-77.