259

18-ноябр Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун!

1991 - йил 18 - ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари VII - сессиясида “Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи” тўғрисида қонун қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунни қабул қилинганига бу йил 32 йил бўлди. Ушбу муҳим сана – қутлуғ кун билан барча ҳамюртларимизни табриклаймиз!

Давлат рамзлари — мустақиллик асосидир. Давлатимиз байроғидаги хар бир ранг, ҳар бир белги чуқур маъно-мазмунга эга. Бу рамзлар юртимизнинг бой тарихи,  озод ва эркин ҳаётимиз, ўзбек халқининг асрий орзу-истаклари, миллий-маданий анъаналаримизни ўзида мужассам этади.

Байроқдаги мовий ранг – тириклик ва барқарорликни, мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир.

 Байроқдаги оқ ранг – тинчлик ва поклик, беғуборлик тимсолидир.

Қизил йўллар – бу томиримизда оқаётган аждодлар қони, унда жўш уриб турган ҳаётий куч-қудрат тимсолидир.

Яшил ранг эса она табиатимизнинг саховатли ва табаррук тупроғи, яшариш ва янгиланиш рамзидир. Бу ранг кўп халқларда навқиронлик, умид ва шодмонлик тимсоли бўлиб ҳисобланади.

Ярим ой – ўзбек халқининг қадимий анъаналарига хос бўган рамзидир.

12 та юлдуз тасвири – қадимдан мукаммаллик, баркамоллик тимсоли бўлиб ҳисобланган. Ярим ой ва юлдузлар мусаффо осмон ва тинчлик ифодасидир.