264

“Нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати шакллари” мавзусидаги интерактив сессия

Жорий йилнинг 3 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг 2023 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш-режаси ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги “ Hilton ” меҳмонхонасида “ III Тошкент Аксилкоррупция Форуми” доирасида “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати шакллари” мавзусидаги интерактив сессия бўлиб ўтди.

Ушбу форумда коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул давлат идоралари раҳбар ва ходимлари, халқаро ва маҳаллий нодавлат ташкилотларининг етакчи экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Форумдан кўзланган асосий мақсад, коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланганлиги, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, коррупция кўринишларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш, фуқароларда коррупцияга нисбатан муросасизликни шакллантириш ҳамда тўсиқсиз муҳитни барпо этишга оид тажриба алмашишдан иборат бўлди.

Интерактив сессияда Модератор томонидан кейс тайёрланди, унга кўра маърузачилар амалиёти доирасида қўлланиладиган жамоатчилик назорати усуллари ҳақида кенг муҳокама олиб борилди.

Шунингдек, журналистик суриштурувларни ўтказишда ахлоқ ва суиистеъмоллик масалаларини ҳал қилиш бўйича таклифлар ва бу мавзу юзасидан тажрибалар билан бўлишилди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директорининг биринчи ўринбосари М.К.Хаджимухамедов ва тезкор тадқиқотлар бўлими мутахассиси А.Б.Таджибаев иштирок этдилар ва ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Интерактив сессияда “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича лаборатория” лойиҳаси менежери Людмила Стайшюнайте “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишда давлат ва нодавлат сектор ўртасидаги ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати олиб борди. Шунингдек, ушбу сессияда Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, GIZ мутахассиси ҳамда Рига Олий ҳуқуқ мактабининг коррупцияга қарши курашиш бўйича катта мутахассиси Инесе Войка ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди.

Сессияда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилотининг ҳуқуқ бўйича мутахассиси Горан Клеменчич ва анжуман қатнашчилари келгусидаги вазифалар тўғрисида фикр алмашишди ва ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш ҳақида келишиб олинди.