25

«ИЖТИМОИЙ ФИКР» ВА ВЦИОМ ЎРТАСИДА ПРОФЕССИОНАЛ ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Халқаро профессионал ҳамкорликни ривожлантириш доирасида «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази вакилларининг Россия Федерациясидаги Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) вакиллари билан ишчи учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар жамоатчилик фикрини ўрганиш ва социологик тадқиқотлар соҳасида икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш масалаларини муҳокама қилдилар. 

Томонлар социологик тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тажриба алмашиш, замонавий методологик ёндашувларни муҳокама қилиш, тадқиқот натижаларини таҳлил қилиш ва тақдим этиш амалиёти юзасидан фикр алмашдилар.

Шунингдек, «Ижтимоий фикр» Маркази ва ВЦИОМ иштирокида қўшма эксперт ва илмий-амалий тадбирлар, семинарлар, давра суҳбатлари ҳамда профессионал учрашувларни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бундай тадбирлар икки мамлакат социологлари ўртасида тажриба ва билим алмашинувини кенгайтириш ҳамда профессионал мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувда ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар йўналишини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ёш социологлар ва социология йўналишида таҳсил олаётган талабаларни илмий-амалий тадбирлар, таълим дастурлари, тадқиқот лойиҳалари ва тажриба алмашиш ташаббусларига кенгроқ жалб этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ёш мутахассисларнинг профессионал салоҳиятини ошириш, замонавий тадқиқот методологияларини ўзлаштириш ҳамда уларнинг халқаро профессионал алоқаларини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратиши қайд этилди.

Учрашув якунида, томонлар ўзаро алоқаларни изчил давом эттириш, қўшма ташаббусларнинг аниқ форматларини ишлаб чиқиш ҳамда «Ижтимоий фикр» Маркази ва ВЦИОМ ўртасидаги профессионал ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.