11

ЎЗБЕКИСТОНДА СПОРТ РИВОЖИ: ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ПАРАОСИЁ ЎЙИНЛАРИНИ 145 ТА МЕДАЛЬ БИЛАН ЯКУНЛАДИ

Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш Ўзбекистон давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.

Ушбу йўналишнинг ҳуқуқий асосларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8 ноябрдаги ПҚ-389-сонли “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳисобланади. Ушбу ҳужжатда спорт билан шуғулланиш истагидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаатига кўра уларга “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари (кейинги ўринларда — “Инсон” марказлари) томонидан давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида спорт билан бепул шуғулланиш учун йўлланмалар бериш, адаптив спорт бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциацияси фаолиятига оид чора-тадбирлар белгиланган. 2028 йилги Паралимпия ўйинларига тайёргарлик эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 июлдаги ПҚ-221-сонли “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади.

Шу нуқтаи назардан, 18–24 октябрь кунлари Японияда бўлиб ўтган Aichi–Nagoya – 2026 V ёзги Параосиё ўйинлари якунлари алоҳида эътиборга лойиқ. Мусобақаларда Осиёнинг 45 та давлатидан 2 600 нафардан ортиқ пара спортчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида Хитой ва Япония жамоаларидан кейин учинчи ўринни эгаллаб, жами 145 та медаль — 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза медални қўлга киритди.

Ўзбекистонлик пара спортчиларнинг муваффақиятлари қатор рекордлар билан ҳам эътироф этилди. Рўза Қўзиева пауэрлифтинг бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. Мадина Мухторова ва Каромат Омонова ядро улоқтиришда, Шаҳина Йигиталиева найза улоқтиришда, Наврўза Аҳмадова диск улоқтиришда, Хуршид Қодиров 100 метрга югуришда, Егор Болотов 100 метрга чалқанча сузиш ва 200 метрга комплекс сузишда, 16 ёшли Лолахон Қодирова эса 50 метрга эркин усулда сузишда Осиё рекордларини янгиладилар. Шунингдек, пара велоспорт, пауэрлифтинг ва пара енгил атлетика бўйича яна 16 нафар спортчимиз Параосиё ўйинлари рекордларини янгилашга муваффақ бўлди.

Параосиё ўйинларида илк бор иштирок этган Егор Болотов тўртта олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди. 15 ёшли Бобурбек Тоштемиров эса пара велоспортнинг трек баҳсларида Ўзбекистоннинг Параосиё ўйинларидаги биринчи олтин медалини қўлга киритиш билан бирга энг ёш чемпион сифатида ҳам тарихга кирди.

Параосиё ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларига йўллаган табригида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев спортчиларимиз мамлакатимиз спорти тарихида яна бир шонли саҳифа очиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарганини алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбари Японияда эришилган натижалар ва тўпланган тажриба 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Пара спортчиларнинг ютуқлари нафақат спорт, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Бундай муваффақиятлар жамиятда ногиронлиги бўлган шахсларга муносабатни ўзгартиришга хизмат қилиши, қатъият, жасорат ва ўз кучига ишонч намунаси сифатида ёшларни руҳлантириши мумкин. Социологик тадқиқотлар нуқтаи назаридан эса бундай ютуқларнинг жамоатчилик кайфиятига, аҳолининг ногиронлиги бўлган шахсларга муносабатига ҳамда уларнинг спорт билан шуғулланишга жалб этилишига таъсирини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади.