28.10.2026
24
МАРКАЗДА ЁШЛАР ФАРОВОНЛИГИНИ ОШИРИШДА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТИЗИМИНИНГ ЎРНИГА БАҒИШЛАНГАН ДИССЕРТАЦИЯ ИШИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти тадқиқотчиси Аҳмедова Раъно Азиз қизининг 22.00.02 - «Ижтимоий тузилиш, ижтимоий институтлар ва турмуш тарзи социологияси» ихтисослиги бўйича социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрланган «Ахборот-коммуникация тизими Ўзбекистон ёшлари фаровонлигини ошириш омили сифатида» мавзусидаги диссертация ишининг етакчи ташкилот сифатидаги илмий муҳокамаси бўлиб ўтди.
Бугунги кунда жамиятнинг рақамли трансформацияси ахборот-коммуникация технологияларининг ижтимоий муносабатлар, таълим, бандлик, инсон капитали ва аҳоли фаровонлигига таъсирини илмий асосда ўрганиш заруратини кучайтирмоқда. Айниқса, ёшларнинг рақамли имкониятлардан фойдаланиш даражаси, ахборот ресурсларига тенг кириш имконияти, рақамли саводхонлиги ва инновацион фаоллиги уларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур диссертация тадқиқоти айнан ушбу долзарб масалаларга бағишланган бўлиб, унда ахборот-коммуникация тизимининг Ўзбекистон ёшлари фаровонлигига таъсири назарий-методологик ва эмпирик ёндашувлар асосида таҳлил қилинган.
Тадқиқот доирасида ёшлар фаровонлигини баҳолашнинг ижтимоий индикаторлари, рақамли муҳитда ижтимоий муносабатларнинг трансформацияси, ахборот-коммуникация технологияларининг таълим ва меҳнат бозоридаги имкониятларга таъсири, шунингдек, рақамли ресурслар орқали ёшларнинг интеллектуал ва ижтимоий салоҳиятини ривожлантириш механизмлари ўрганилган.
Диссертациянинг муҳим илмий жиҳатларидан бири ёшлар фаровонлигини баҳолашда «ижтимоий рақамлаштирилган капитал» индикатори ҳамда «рақамли экотизим» концепциясининг социологик асосланганидир. Шунингдек, ёшларнинг сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиши учун рақамли саводхонлик, танқидий фикрлаш, мақсадли сўровларни шакллантириш ва фанлараро таҳлил кўникмаларининг аҳамияти очиб берилган.
Мазкур тадқиқотнинг аҳамияти шундаки, унда рақамли технологиялар фақат ахборот алмашинуви воситаси сифатида эмас, балки ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилувчи ижтимоий механизм сифатида талқин этилган.
«Ижтимоий фикр» марказида ташкил этилган ушбу илмий муҳокама ёшлар фаровонлиги, ахборот жамияти ва рақамли трансформация жараёнларини социологик тадқиқ этишнинг долзарб йўналишларини илмий жиҳатдан кўриб чиқиш, тадқиқот натижаларининг амалий аҳамиятини баҳолаш ҳамда соҳадаги илмий ёндашувларни такомиллаштиришга қаратилган муҳим академик мулоқот майдони бўлди.


