12.11.2026
4
ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ: ГЛОБАЛ ТАШАББУСЛАР, МИЛЛИЙ УСТУВОРЛИКЛАР ВА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ
2026 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Анталия шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасида ташкил этилган Жаҳон иқлим саммитининг очилиш маросимида иштирок этди.
Давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда молиявий институтлар вакилларини бирлаштирган мазкур нуфузли мулоқот майдонида иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланишнинг самарали механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистоннинг ушбу глобал жараёнлардаги фаол иштироки мамлакатнинг узоқ муддатли экологик манфаатлари, иқтисодий барқарорлиги ва аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш нуқтаи назаридан стратегик аҳамият касб этади. Хусусан, сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш, ерлар деградацияси, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари экологик муаммолар билан бир қаторда, аҳоли саломатлиги, бандлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ижтимоий ҳаёт сифатига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллар ҳисобланади.
Саммит доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳамкорлигида ишлаб чиқилган, умумий қиймати 264,4 миллион евро бўлган “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли ландшафтлар” (CLiCA) минтақавий дастурига старт берилгани экологик муаммоларга трансчегаравий ҳамкорлик асосида ёндашиш, табиий экотизимларни тиклаш ва маҳаллий аҳолининг иқлим ўзгаришларига мослашувчанлигини ошириш йўлидаги муҳим ташаббусдир.
Иқлим сиёсати самарадорлигини баҳолашда экологик жараёнларнинг нафақат табиий-иқтисодий, балки ижтимоий-психологик жиҳатларини, хусусан, аҳолининг экологик хавфларни идрок этиши, жамоатчилик муносабати ва фуқароларнинг шахсий масъулиятини ўрганиш алоҳида аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2026 йил 13–17 июл кунлари 615 нафар респондент иштирокида ўтказилган «Фуқаролар атроф-муҳитнинг ҳолати ҳақида» мавзусидаги социологик тадқиқот натижалари жамоатчилик экологик онги ва муносабатларининг муҳим хусусиятларини очиб беради.
Тадқиқот маълумотларига кўра, респондентларнинг 49,6 фоизи мамлакатдаги экологик вазиятни “ўртача”, 33,8 фоизи “яхши” ёки “жуда яхши” деб баҳолаган. Шу билан бирга, 16,0 фоиз иштирокчи экологик ҳолат юзасидан салбий фикр билдирган. Сўралганларнинг 59,0 фоизи сўнгги беш йилда экологик вазият яхшиланганини таъкидлаган бўлса, 26,2 фоизи унинг ёмонлашганини қайд этган.
Жамоатчилик томонидан энг долзарб деб баҳоланган экологик муаммолар орасида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши (29,8 фоиз), дарахтларнинг кесилиши ва яшил ҳудудларнинг қисқариши (23,6 фоиз), чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар (21,0 фоиз), ҳароратнинг меъёрдан ортиши ва об-ҳаво аномалиялари (18,7 фоиз), тоза сув танқислиги (18,5 фоиз) ҳамда иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик (17,2 фоиз) алоҳида ўрин эгаллаган.
Мазкур кўрсаткичлар экологик хавфларнинг жамоатчилик онгида, аввало, кундалик турмуш шароити, яшаш муҳити сифати ва табиий ресурслардан фойдаланиш имкониятлари орқали идрок этилишини кўрсатади.
Тадқиқотнинг яна бир муҳим натижаси жамоатчилик экологик маданияти ва ижтимоий масъулияти билан боғлиқ. Респондентларнинг 70,7 фоизи сўнгги беш йилда аҳолининг табиатга муносабати янада эҳтиёткор ва масъулиятли бўлиб бораётганини қайд этган. Бироқ 30,9 фоиз иштирокчи жамиятда атроф-муҳитга нисбатан етарлича эътибор ва ғамхўрлик мавжуд эмаслигини билдирган.
Социологик тадқиқот натижалари экологик барқарорликни таъминлашда аҳолининг хабардорлиги, шахсий масъулияти ва амалий иштирокини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Шу билан бирга, фуқароларнинг экологик муаммоларга муносабати ва уларни ҳал этиш бўйича кутилмалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашда инобатга олиниши лозим бўлган муҳим ижтимоий омиллардир.
Шу нуқтаи назардан, “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилаётган социологик тадқиқотлар аҳолининг экологик эҳтиёжлари ва хавотирларини аниқлаш, ҳудудий ҳамда ижтимоий-демографик тафовутларни таҳлил қилиш, шунингдек, амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг жамоатчилик томонидан қандай қабул қилинаётганини баҳолаш имконини беради. Бундай маълумотлар COP31 доирасида илгари сурилаётган халқаро ташаббуслар билан миллий экологик сиёсат ўртасидаги ижтимоий боғлиқликни чуқурроқ англашга хизмат қилади.
Зеро, иқлим ўзгаришига қарши курашишда технологик ечимлар, молиявий ресурслар ва халқаро ҳамкорлик билан бир қаторда, жамиятнинг экологик маданияти ва фуқароларнинг фаол иштироки ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Экологик масъулиятнинг кундалик ҳаёт меъёрига айланиши эса мамлакатнинг узоқ муддатли экологик барқарорлиги ва келажак авлодлар фаровонлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти, 2026 йил 11 ноябрь.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2026 йил 13–17 июль кунлари Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида мобил телефон алоқаси абонентлари ичидан тасодифий танлаш усули билан ўтказилган социологик тадқиқот натижалари.


