14.11.2026
2
Социологлар куни муборак бўлсин!
Ҳурматли социологлар, тадқиқотчилар, олимлар ва таҳлилчилар!
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази номидан сизларни касб байрамингиз билан чин дилдан табриклаймиз!
Ушбу сана ўз фаолиятини жамиятни ўрганиш, ижтимоий жараёнларни тадқиқ этиш ҳамда долзарб ижтимоий муаммоларга илмий асосланган ечимлар топишга бағишлаган илмий ҳамжамият вакилларини ўзаро бирлаштиради.
Глобал ўзгаришлар, демографик силжишлар ва ахборот технологияларининг жадал тараққиёти шароитида социология фанининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Социологик тадқиқотлар жамият ҳолатини холисона баҳолаш, ижтимоий кайфиятни ўрганиш ва ижтимоий ўзгаришларни прогноз қилишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Ҳар бир социологик тадқиқот ортида нафақат статистик кўрсаткичлар, балки фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари, эҳтиёжлари, манфаатлари ва орзу-умидлари мужассамдир. Айнан жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиш жамиятда кечаётган жараёнларни янада чуқурроқ англаш, долзарб муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилашда аҳоли манфаатларини инобатга олиш имконини беради.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ижтимоий ўзгаришларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг натижаларига холисона баҳо бериш ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги конструктив мулоқотни мустаҳкамлашни тақозо этаётган бугунги Ўзбекистонда социологик фаолият алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Социологларнинг илмий холислик, ишончлилик ва методологик пухталик тамойилларига таянган касбий фаолияти миллий илм-фанимизни ривожлантириш, давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда қабул қилинаётган қарорлар самарадорлигини оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Социологлар куни касбий бирдамлик, илмий анъаналар давомийлиги ҳамда ҳаётини жамиятни ўрганишга бағишлаган тадқиқотчилар меҳнатининг эътирофи тимсоли ҳисобланади.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Касб байрамингиз — Социологлар куни муборак бўлсин!
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик, улкан илмий зафарлар, тадқиқот лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш ва самарали халқаро ҳамкорлик тилаймиз.
Илмий изланишларингиз натижалари миллий социология мактабининг янада равнақ топишига, жамоатчилик ишончининг мустаҳкамланишига ҳамда юртимизнинг изчил тараққиётига муносиб хизмат қилаверсин!
Ҳурмат билан,
«Ижтимоий фикр» республика
жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси!


