16.11.2026
17
МИЛЛАТЛАРАРО ВА КОНФЕССИЯЛАРАРО МУНОСАБАТЛАРГА ФУҚАРОЛАРНИНГ БАҲОСИ
Турли халқлар ва этник гуруҳлар вакилларига хос бўлган маданиятлар, турмуш тарзи хусусиятлари, ижтимоий ва сиёсий қарашларнинг хилма-хиллиги мураккаб ва кўп қиррали жамоатчилик муҳитини шакллантиради. Бу эса ўзаро ҳурмат, англашув ҳамда фарқли жиҳатларни тан олиш ҳуқуқи асосида конструктив мулоқотни янада ривожлантириш ва ўзаро муносабатларни такомиллаштиришни тақозо этади. Мазкур масалалар тарихан кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат сифатида шаклланган ҳамда турли миллат, этник гуруҳ ва диний жамоалар вакиллари умумий фуқаролик ўзликни англаш, тарихий мерос ҳамда тинч ва бунёдкорлик руҳида биргаликда яшаш интилиши билан бирлашган Ўзбекистон учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Бағрикенглик Ўзбекистон халқи учун шахслараро ва маданиятлараро мулоқотнинг устувор тамойили, ижтимоий қадрият ҳамда жамиятда ижтимоий барқарорлик, фуқаролик тотувлиги ва бирдамликни таъминлайдиган пойдевор ҳисобланади.
Миллатлараро муносабатлар, маданий хилма-хиллик ва бағрикенгликни идрок этиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрининг ҳолати ва динамикасини ўрганиш Ўзбекистон жамиятидаги замонавий ижтимоий жараёнларни англашда алоҳида аҳамият касб этади.
Миллатлараро тотувлик ҳолатини холисона англаш жамоатчилик фикрини мунтазам мониторинг қилиб боришни талаб қилади, чунки айнан фуқароларнинг баҳоси, қарашлари ва тасаввурлари турли миллат вакиллари ўртасидаги мулоқотнинг реал манзарасини ҳамда ушбу муносабатлар динамикасини кўриш имконини беради.
Халқаро бағрикенглик куни арафасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Миллатлараро ва конфессиялараро муносабатларга фуқароларнинг баҳоси» мавзусида сўров ўтказди. Тадқиқотда мамлакатимизнинг барча минтақаларидаги шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, эркаклар ва аёллар, турли ёш тоифалари, миллатлар ва диний эътиқод вакиллари иштирок этишди.
Тадқиқот жараёнида олинган натижалар мамлакатимизда яшовчи халқларнинг бирдамлиги маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш, фуқароларнинг тенглиги ҳамда мамлакатнинг бугуни ва келажаги учун умумий масъулиятни англашга асосланишини тасдиқлайди.
Турли миллатлар вакиллари ўртасида тинчлик, тотувлик ва яхши қўшничилик муҳитини сақлаб қолиш, одамлар ўртасидаги ишонч, ўзаро ёрдам, бошқа халқларнинг тили, маданияти ва урф-одатларини ҳурмат қилиш ўзбекистонликларнинг муҳим ахлоқий мезонлари ҳисобланади. Бу қадриятлар жамоат онгида қай даражада мустаҳкам ўрнашиб қолгани ўтказилган сўров натижаларида ўз аксини топган. Сўровнинг кўрсатишича, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги (72,6%) мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар барқарорлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат билан ажралиб туришига қатъий ишонади. Бу рақамлар ортида мамлакатимизнинг энг катта бойлиги — умумий тақдир, ягона Ватанга интилиб яшаш ҳисси ва бир-бирига нисбатан самимий ҳурмат билан бирлашган турли миллат вакиллари туради. Кўп йиллардан буён яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам ва халқлар дўстлиги Ўзбекистон жамияти ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келмоқда. Ҳар бир халқнинг ўзига хослигини ҳурмат қилишга асосланган ана шу жипслик мамлакатда тинчлик, тотувлик ва мустаҳкам келажакнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Халқлар дўстлиги — бу нафақат тарихий мерос, балки ўзбекистонликлар асраб-авайлайдиган ва келажак авлодларга етказадиган ҳақиқий қадриятдир.
94,9% фуқароларнинг миллатлараро ва тиллар ўртасида муросасизлик ёки зиддиятларга дуч келмаётгани Ўзбекистон жамиятида тинчлик ва ўзаро англашув муҳити сақланиб қолаётганидан далолат беради.
Инсоннинг диний эътиқодига, унинг ўз маънавий анъаналари ва дунёқарашига эга бўлиш ҳуқуқига ҳурмат билан қараш жамоатчилик қадриятлари тизимида алоҳида ўрин эгаллайди. Зеро, конфессиялараро мулоқотнинг ҳақиқий маданияти энг аввало турли дин вакилларининг тинчлик ва тотувликда яшаши, ўзгаларнинг эътиқодига бағрикенглик билан қараши, шу билан бирга ўз маънавий қиёфасини сақлаб қолишида намоён бўлади.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, бундай тамойиллар жамият ҳаётида кенг равишда ўз аксини топмоқда. Сўров жараёнида 89,3% респондентлар уларнинг ўзи, яқинлари ва танишлари доирасида диний белги бўйича камситиш ҳолатларига дуч келмаганини қайд этди. Олинган маълумотлар бошқа инсоннинг эътиқоди ва маънавий танловини ҳурмат қилиш фуқароларнинг кўпчилиги томонидан инсоний муносабатларнинг табиий меъёри сифатида идрок этилишини тасдиқлайди. Бу турли конфессия вакилларига яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш, биргаликда меҳнат қилиш, фарзандларни вояга етказиш, умумий қувончли воқеаларни нишонлаш ва мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш имконини берадиган ахлоқий асосдир. Ўзаро ҳурмат, хайрихоҳлик ва тотувликка интилиш мавжуд бўлган жойда диний анъаналарнинг хилма-хиллиги инсоний бирдамликка тўсиқ бўла олмайди.
Сўров натижалари фуқароларнинг турли миллат вакиллари ўртасида тинчлик ва яхши муносабатларни сақлаб қолишга нималар ёрдам бериши ҳақидаги фикрини аниқлади.
Улар биринчи ўринга ўзбек халқининг менталитетига хос бўлган бағрикенглик ва ҳурматни қўйишди. Меҳмондўстлик, очиқкўнгиллилик, катталарга ҳурмат билан қараш, бошқа халқларнинг урф-одат ва анъаналарини эъзозлаш — буларнинг бари жамиятимиз ҳаётининг ахлоқий асосини ташкил этиб келган. Айнан мана шундай оддий кундалик кўринишларда турли миллатларга мансуб кишиларга бир-бири билан тил топишиб, тотувликда яшашга ёрдам берадиган яхши қўшничилик маданияти дунёга келади.
Фуқаролар мустаҳкам инсоний алоқалар — дўстлик, қариндошлик ришталари, қўшничилик, ўзаро қўллаб-қувватлашни ҳам аҳамиятли деб ҳисоблайди. Чунки ҳеч қандай тафовутлар одамларнинг ўзаро яқин бўлишига, байрамларни биргаликда кутиб олишига, ташвишларни баҳам кўришига ва бир-бирига ёрдам қўлини чўзишига тўсқинлик қила олмайди. Йиллар давомида шаклланадиган ана шундай муносабатлар одамлар ва бутун бошли халқлар ўртасидаги мустаҳкам кўприкларга айланади.
Бу қаторда катта авлоддан кичик авлодга асраб-авайлаб сингдирилаётган кўп асрлик тинч-тотув яшаш анъанаси алоҳида ўрин эгаллайди. Тарихан шундай шаклланганки, Ўзбекистон кўплаб халқлар учун умумий уйга айланди, уларнинг ҳар бири унинг маданий ва маънавий бойлигига ҳисса қўшди. Бу мерос бугунги анъаналар, урф-одатлар ва одамларнинг кундалик мулоқотида яшашда давом этмоқда.
Жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб қолишда миллатлараро ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва бағрикенглик маданиятини ривожлантиришга қаратилган изчил давлат сиёсати муҳим аҳамият касб этади. Бу саъй-ҳаракатлар ўзбекистонликлар томонидан қўллаб-қувватланиб, илиқ қарши олинаётгани муҳимдир. Тадқиқот иштирокчиларининг кўпчилиги мамлакатдаги барқарорликни сақлаш, халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш ва барча миллатлар вакилларининг мамлакат ҳаётида тенг ҳуқуқли иштирок этиши учун шароит яратишдаги аҳамиятини қайд этган ҳолда, давлатнинг бу соҳадаги фаолиятига ижобий баҳо беришди.
Фуқаролар диний бағрикенгликни таъминлаш чора-тадбирларига ҳам муҳим аҳамият беришди. Уларнинг бу борадаги қарашлари ҳам умуман олганда ижобий мазмунга эгадир: сўров қатнашчилари олиб борилаётган ишлар ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш, диний эътиқодларни ҳурмат қилиш ва конфессиялараро тотувликни сақлашга хизмат қилаётганини таъкидлашди. Тадқиқот иштирокчилари ушбу йўналишдаги ишларни давом эттириш зарурлигини ҳам қайд этди. Фуқаролар тинчлик ва тотувлик ўз-ўзидан пайдо бўлмаслиги, балки давлат ва жамиятнинг машаққатли меҳнати, инсонпарварлик қадриятларига содиқлиги, ҳар бир халқнинг маънавий меросига ҳурмати ва бир-бирини эшитишга тайёрлиги натижаси эканини таъкидлашди. Асосий вазифа эса мана шу эзгу анъаналарни нафақат сақлаб қолиш, балки келажак авлодлар ҳаётининг мустаҳкам пойдеворига айлантиришдан иборатдир.


