17.11.2026
2
ДАВЛАТ БАЙРОҒИ – МИЛЛИЙ ЎЗЛИК ВА УМУМХАЛҚ БИРДАМЛИГИ ИФОДАСИ
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун. Жорий йилда ушбу тарихий сананинг 35 йиллиги нишонланмоқда.
Давлат рамзлари ҳар бир мустақил мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги ва халқаро майдондаги ўрнини ифода этиш билан бирга, жамиятнинг маънавий бирлиги ва фуқаролик ўзлигини англашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўп миллатли халқимизнинг умумий Ватанга мансублик туйғуси, миллий ғурури, ўзаро ҳамжиҳатлиги ва келажак сари муштарак интилишларини ўзида мужассам этган муқаддас тимсолдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя бугунги кунда халқимизни умумий мақсадлар сари бирлаштириш, фуқароларнинг мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга.
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган социологик тадқиқот натижалари Ватан билан фахрланиш, миллий бирдамлик, келажакка ишонч ва мамлакат тақдири учун масъулият туйғуси фуқароларимиз дунёқарашида муҳим ўрин тутишини кўрсатди.
Мазкур қадриятлар жамиятда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, фуқаролик фаоллигини ошириш ва мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда муҳим маънавий асос бўлиб хизмат қилади.
Давлат байроғимизга бўлган юксак эҳтиром, аввало, Ватанимизга, халқимизга, унинг тарихи, бугуни ва келажагига бўлган ҳурмат ифодасидир.
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси барча юртдошларимизни Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги билан чин қалбдан табриклайди!
Бир байроқ остида бирлашган халқимизга тинчлик-осойишталик, мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик ва юксак зафарлар тилаймиз.
Байроғимиз – бирлигимиз, ғуруримиз ва келажакка ишончимиз тимсолидир!


