18

“ИЖТИМОИЙ ФИКР” МАРКАЗИ “ЖИНОЯТ ҚОНУНЧИЛИГИНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ”  МАВЗУСИДАГИ РЕСПУБЛИКА ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯСИДА ИШТИРОК ЭТДИ

18 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари вакиллари иштирокида “Жиноят қонунчилигининг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференция доирасида жиноят қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятларни квалификация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Конференцияда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директорининг биринчи ўринбосари, социология фанлари доктори (DSc),  Виктория Сергеевна Алексеева иштирок этиб, “Сунъий интеллект даврида киберхавфсизлик: рақамли саводхонлик, хавфларни идрок этиш ва Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий заифлиги” мавзусида маъруза қилди.

Мазкур масалаларни ўрганишда аҳолининг рақамли саводхонлик даражасини баҳолаш, ижтимоий заифлик омилларини аниқлаш ҳамда фуқароларнинг замонавий технологиялар ривожланиши билан боғлиқ хавф-хатарларни қандай идрок этишини ўрганиш имконини берувчи социологик тадқиқотлар алоҳида аҳамият касб этади.

Конференция якунида мунозара бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар ўзаро фикр алмашдилар, тақдим этилган маърузаларни муҳокама қилдилар ҳамда кўриб чиқилган масалалар юзасидан ўз таклифларини билдирдилар.