20.11.2026
10
ПРЕСС-РЕЛИЗ
ОАВ вакиллари учун таклифнома
25.11.2026 й. | Тошкент шаҳри
“JAMIYATNI KÖRA OLIŞ”: 25 НОЯБРЬ КУНИ ТОШКЕНТДА ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ЎРТАСИДА АКАДЕМИК РАЪНО УБАЙДУЛЛАЕВА НОМИДАГИ СОЦИОЛОГИК ТАНЛОВ БЎЛИБ ЎТАДИ
Талабалардан ташкил топган 11 та жамоа атоқли олима таваллудининг 90 йиллигига бағишланган социологик фестивал доирасида тадқиқот вазифаларини ҳал этадилар.
25 ноябрь куни Тошкентда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази олий таълим муассасалари ўртасида академик Раъно Ахатовна Убайдуллаева номидаги “JAMIYATNI KÖRA OLIŞ” социологик танловини ўтказади. Жамоавий беллашувда талабалардан ташкил топган 11 та жамоа иштирок этади. Иштирокчилар ижтимоий муаммони аниқлаш, тадқиқотни лойиҳалаш ҳамда социология тарихи ва методологияси бўйича ўз билимларини намоён этишлари лозим бўлади.
Танлов академик Раъно Ахатовна Убайдуллаева таваллудининг 90 йиллигига бағишланган “Академик Раъно Ахатовна Убайдуллаеванинг илмий мероси: фан, жамият, авлодлар” социологик фестивали доирасида ўтказилади. Фестивал 4 ноябрь куни “Илмий мерос ва замонавийлик” мавзусидаги давра суҳбати шаклида бошланган эди.
Танлов ёш тадқиқотчиларнинг социологик тафаккурини, тадқиқотчилик кўникмаларини ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган. У фестивалнинг умумий мақсадлари: академикнинг илмий меросини асраб-авайлаш, Ўзбекистонда социология фанини ривожлантириш ҳамда тадқиқотчилар авлодлари ўртасидаги ворисийликни мустаҳкамлашга хизмат қилишни давом эттиради.
Танловда қуйидаги олий таълим муассасаларининг 11 та талаба жамоаси иштирок этади:
- Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети;
- Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
- Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети;
- Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети;
- Тошкент давлат транспорт университети.
Ҳакамлар ҳайъати таркиби ва баҳолаш мезонлари танлов бошланишидан аввал эълон қилинади.
Танловни “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори Нигина Хайруллаевна Раҳимова кириш сўзи билан очиб беради. Шундан сўнг иштирокчилар ва меҳмонларга академик Р.А. Убайдуллаеванинг илмий мероси ҳамда Ўзбекистонда социология фанининг ривожланишига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилади.
Фахрий меҳмонлар.Танловда қуйидаги фахрий меҳмонлар сўзга чиқадилар:
- Саидов Акмал Холматович - Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик, юридик фанлар доктори, профессор;
- Абдураҳмонов Қаландар Ходжаевич - Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали директори, академик, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор;
- Нуруллаева Шафоат Файзуллаевна - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари, фалсафа фанлари номзоди;
- Шаукенова Зарема Каукеновна - Социология институти директори, академик, социология фанлари доктори, профессор, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб;
- Абдуллаева Хилола Сагдуллаевна - академик Р.А. Убайдуллаеванинг набираси, Вена шаҳридаги Зигмунд Фрейд университетининг “Психотерапия илми” йўналиши докторанти. “Авлодлар хотирасидан — шахсий ҳаёт муаллифлигига : мерос ришталарини ўзлик нақшига чамбарчарс боғлаш санъати” мавзусида маъруза қилади;
- Азимов Жаҳонгир Баходир ўғли - Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори.
Танлов дастури.Танлов икки босқичда ўтказилади.
I босқич — “Muammoni ko‘rish”. Жамоалар ижтимоий муаммони аниқлайдилар, тадқиқ этиладиган ва текшириладиган иккита гипотезани шакиллантиради.
II босқич — “Zakovat”. Жамоалар социология фанининг тарихи ва методологиясига оид саволларга жавоб берадилар.
Танлов якунлари ва тақдирлаш маросими
Ҳакамлар ҳайъати танлов ғолиблари ва совриндорларини аниқлайди. I, II ва III ўринларни эгаллаган жамоалар дипломлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади. Олий таълим муассасалари вакиллари ва танлов иштирокчиларига миннатдорчилик сертификатлари топширилади.
25 ноябрь куни ўтказиладиган тадбир дастури
|
09:00–09:30 |
Иштирокчиларни рўйхатга олиш |
|
09:30–09:35 |
Танловнинг очилиши |
|
09:35–09:45 |
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Н.Х. Раҳимованинг кириш сўзи |
|
09:45–09:55 |
Академик Р.А. Убайдуллаеванинг илмий мероси ва Ўзбекистонда социологиянинг ривожланиши ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиши |
|
09:55–10:55 |
Фахрий меҳмонларнинг чиқишлари |
|
10:55–11:05 |
Социологлар мактаби фаолиятининг бошланиши. Рано Ахатовна Убайдуллаева номидаги Социологлар мактаби ўз фаолиятини бошлагани расман эълон қилиниши |
|
11:05-11:15 |
Жамоалар ва ҳакамлар ҳайъати билан таништириш, танлов регламенти ҳамда баҳолаш мезонларини эълон қилиш |
|
11:15–12:15 |
I босқич. “Muammoni ko‘rish” |
|
12:15–13:15 |
II босқич — “Zakovat”. |
|
13:15–13:20 |
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний йиғилиши |
|
13:20–13:30 |
Танлов натижаларини эълон қилиш, тантанали тақдирлаш ва ёпилиш маросими, умумий суратга тушиш |
Сана ва вақт: 2026 йил 25 ноябрь, соат 09:00 (рўйхатга олиш), 09:30 (очилиш маросими).
Ўтказилиш жойи: Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази.
Телевидение, босма ва интернет нашрлари вакилларини тадбирни ёритишга таклиф этамиз.



