27.05.2022
406
Куни кеча ҳамкасбимиз – “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази бўлим мудири Абдумаликова Улбўсин Абдухатовна Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Ҳуқуқий саводхонлик” танлови ғолиб ва иштирокчиларини тақдирлаш маросимида юқори балл тўплаган фаол иштирокчилар сафида махсус сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросими Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни" мавзусида ўтказилган илмий-амалий конференция доирасида бўлиб ўтди.
"Ҳуқуқий саводхонлик" танлови Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги ва II жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 77 йиллиги муносабати билан 2022 йилнинг 9 апрелидан 9 май кунига қадар уюшманинг Телеграм мессенжерида онлайн тарзда биринчи бор ўтказилди. Унда журналистлар, ҳуқуқшунослар, блогерлар, талабалар ва бошқа касб эгаларидан иборат жами 4250 нафар киши иштирок этди. Ҳар бири 10 кундан иборат бўлган уч босқичда – жами бир ой давомида иштирокчилар жами 250 тадан ортиқ саволларга жавоб бердилар. Танлов натижалари Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг веб-сайтида танлов якунларига бағишланган ахборот материалида 2022 йил 9 май куни эълон қилинган эди.
Биз ҳамкасбимиз У.А.Абдумаликовани ушбу эътироф билан самимий табриклаймиз ва унга меҳнат фаолиятида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, ҳуқуқий маданиятини янада такомиллаштиришга бағишланган бундай танловлар Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланганидек, мамлакатда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришга хизмат қилади.