21.10.2022
325
БАЙРАМ ТАБРИГИ
Азиз юртдошлар!
Барчангизни бугунги қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами билан самимий муборакбод этамиз! Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида таъкидланганидек, “Инсон учун киндик қони томган Ватани, дунёга келтириб вояга етказган ота-онаси қанчалик азиз ва мукаррам бўлса, унинг ўзлиги ва маънавий оламини белгилайдиган она тили ҳам шунчалик қадрли ва мўътабардир”. Ҳақиқатан ҳам инсон қалбидаги энг олижаноб фазилатлар унинг она тилининг бетакрор мўъжизаси, сеҳри ва жозибаси билан шаклланади ва камолга етади.
Янги Ўзбекистон пойдеворини яратаётган ушбу тарихий кунларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг ривожини таъминлаш билан бир қаторда халқимиз тафаккурининг бебаҳо хазинаси – ўзбек тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифаларимиздан биридир. Маърифатпарвар бобомиз Исҳоқхон Ибрат бу ҳақда: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу Ватаний ишдир”, деган ҳикматли сўзлари билан донишмандларча мухтасар айтганлар.
Сўнгги йилларда юртимизда тил масаласида олиб борилаётган давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган туб ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг эканлиги кишини хурсанд қилади. Дарҳақиқат, барчамиз мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини ошириш борасида янги босқич бошланганлигининг бевосита гувоҳи бўлмоқдамиз.
Бунинг устига бугунги кунда жаҳон миқёсида 50 миллиондан ортиқ киши ўзбек тилида сўзлашиб, кўплаб мамлакатларда бу гўзал ва жозибали тил катта иштиёқ билан ўрганилаётганлиги барчамизга фахр-ифтихор ҳиссини бағишлайди.
Азиз дўстлар!
Келинг, барчамиз миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга муносиб ҳисса қўшайлик! Зеро, ўзбек тилига бўлган муносабат, мустақилликка бўлган муносабат эканлигини доимо ёдда тутайлик!
Ҳурматли юртдошлар!
Сизларни яна бир бор Ўзбек тили байрами билан самимий қутлаб, барчангизга мустаҳкам саломатлик, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга тўкин-сочинлик тилаймиз.
Ўзбек тили байрамингиз муборак бўлсин!
“Ижтимоий фикр”
республика жамоатчилик фикрини
ўрганиш Маркази