356

Ҳурматли юртдошлар!

Юртимизда пандемия давом этаётган бир пайтда «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази кичик илмий ходими Саъдулла Ғайбуллаев томонидан “Бухоролик шайх ва элчи қисмати” номли 8,5 босма тобоқли китоб ёзилиб, нашрдан чиқарилди. Китобда ватандошимиз, атоқли тилшунос, элчи ва шоир *Шайх Сулаймон Афанди Ўзбакий ал-Бухорийнинг* (1821-1890) таржимаи ҳоли ва ижодий-илмий фаолияти ўзбек тилида биринчи марта тўлиқ ёритиб берилган. Унинг "Луғати чиғатой ва турки усмоний" китоби асосида венгер олими И.Кунош 1902 йилда биринчи марта ўзбекча-туркча-немисча луғат тузган ва Будапештда чоп эттирган. Ҳар икки китоб ҳанузгача илмий-амалий аҳамиятини йўқотмаган. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Шайх Сулаймон усмонлиларнинг иккита орденига сазовор бўлган ягона ватандошимиздир. У учинчи даражали “Мажидия” ва тўртинчи даражали “Усмония” орденлари билан тақдирланган.

Китоб кенг китобхонлар оммасига, бадиий-илмий адабиёт ихлосмандларига мўлжалланган.

Муаллиф ушбу китобнинг юзага келишига беғараз ёрдам берган саховатли инсонларга ўз миннатдорчилигини билдиради.