10.08.2022
318
Чемпионларнинг тарихий ғалабаси
Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ченнай (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилган шахмат бўйича 44-Жаҳон шахмат олимпиадасининг 11-турида тарихий ғалабага эришди ва ғолиб бўлди.
Нуфузли мусобақада юртимиз шарафини Нодирбек Ёқуббоев, Жавохир Синдаров, Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидов каби шахматчиларимиз ҳимоя қилишди.
Жаҳон шахмат олимпиадасининг сўнгги турида Ўзбекистон Нидерландия терма жамоасини мағлубиятга учратиб, мусобақа ғолибига айланди. Ўзбекистон сўнгги марта 1992 йилда Олимпиада медалини қўлга киритиб, 2-ўринни эгаллаган эди.
2018 йилда 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам илк бор биринчи ўринни эгаллади.
Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам Коста-Рикани мағлуб этиб, 162 жамоа орасида 31-ўринни эгаллади. Унда Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Мафтуна Бобомуродова, Афруз Ҳамдамова ва Маржона Маликовалар иштирок этишди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси турнирнинг энг ёш жамоаларидан бири бўлди.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) Бош Ассамблеясининг якдил қарори билан 2026 йилги шахмат олимпиадасини ўтказиш жойи сифатида танланди.
Ҳиндистон ва Венгрия ҳам мусобақани ўтказиш ҳуқуқига даъвогарлик қилишд, аммо ушбу турнирни биринчи марта қабул қиладиган Ўзбекистон учун кўпчилик овоз берилди.
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаларини фахр-ифтихор билан табриклайди ҳамда янги зафарлар ва муваффақиятлар тилайди!
Фотоматериал: Ўзбекистон Шахмат федерацияси