16.11.2022
367
Давра суҳбати: «Янги Ўзбекистонда ижтимоий ишнинг долзарб масалалари»
2022 йил 16 ноябрь куни Ёшлар ишлари агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси анжуманлар залида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети «Ижтимоий иш» кафедраси томонидан «Янги Ўзбекистонда ижтимоий ишнинг долзарб масалалари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) вакиллари, Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси раиси, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази директори, «Ижтимой фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ва «ИНТИЛИШ» Республика ахборот-таълим маркази раҳбарияти, шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва магистрантлари унинг иштирокчилари бўлишди.
Давра суҳбатида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг фан ва инновациялар бўйича проректори Ё.С.Эргашев, ижтимоий фанлар факультети декани К.K.Иноқов ва БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси мувофиқлаштирувчиси Д.И. Исаева кириш нутқи сўзлади.
«Ижтимоий иш» кафедраси мудири, социология фанлари доктори Н.M. Латипова «Ўзбекистонда ижтимоий иш мактабининг яратилиш тарихи»; «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ директори ўринбосари М.K.Хаджимухамедов «Ижтимоий ишда ҳамкорлик ва интеграцион фаолиятнинг долзарблиги»; Республика болалар ижтимоий мослашув маркази директори В.С.Алимова «Ногирон болаларнинг ижтимоий мослашувида ижтимоий ишнинг роли» ва Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси раиси О. Ю. Исоқов «Ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари» мавзусида маъруза қилдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар ижтимоий ишда давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиш ва интеграциялашган фаолиятни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кам таъминланган аҳоли қатламлариининг фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш зарурлигини таъкидладилар.
Учрашувда муҳокама қилинган масалалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Барқарор ривожланиш мақсадлари»да кўзда тутилган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва камбағалликка барҳам бериш, саломатлик ва фаровонликни, сифатли таълим беришни таъминлаш ва ҳамкорлик каби мақсадларга мос келади.
Давра суҳбати қизиқарли мунозаралар ва таклифларга бой бўлди.