266

Мағлуб бўлишга ҳаққим йўқ эди...

Шу кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасида 90 килограмгача бўлган вазн тоифасидаги финал беллашувида жорий йилнинг 10 октябрь куни юртдошимиз Давлат Бобонов олтин медални қўлга киритди.

Самарқанд дзюдо мактабининг тарбияланувчиси Давлат Бобонов қизғин курашларда дастлаб словакиялик Петер Зилькадан устун келган бўлса, сўнг жанубий кореялик Жеу Оп Ханни мағлуб этди. Чорак финалда болгариялик Ивайло Иванов ҳам унга таслим бўлди. Муросасиз ўтган ярим финал баҳсида эса грузиялик олимпия чемпиони ва Европа чемпионати совриндори Лаша Бекауридан устун келган ўзбекистонлик дзюдочи финалга чиқиб, италиялик рақиби Кристиан Парлатини мағлубиятга учратди.

Финал баҳсини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Humo» аренага ташриф буюриб, бевосита томоша қилди ва ғолиб Давлат Бобонов (олтин), совриндорлар Кристиан Парлати (кумуш), грузиялик Лаша Бекаури ва Лука Майсурадзега (бронза) медалларни шахсан топширди ҳамда уларни қизғин табриклади.

Таъкидлаш жоизки, бу мусобақаларнинг ўтган 5 куни давомида қўлга киритилган биринчи медал эди. Мусобақадан сўнг Давлат Бобонов ярим финал баҳсида ғолиб бўлганида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ёнига келиб, мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёев финал баҳсларини «Humo» аренада бевосита шахсан кузатишини маълум қилгани ва бу хабар унга ғалабага эришиш учун юксак рағбат бўлганини сўзлаб берди. “Мағлуб бўлишга ҳаққим йўқ! Мен шу сўзлар билан финалга чиқдим. Президентимиз бевосита кузатиб турганида менинг мағлуб бўлишга ҳаққим йўқ эди. Худога шукур, сўзимнинг устидан чиқдим!” деб таъкидлади спортчи.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Давлат Бобоновни юксак ғалаба билан муборакбод этади ва унга, ўзбекистонлик барча спортчиларга янги ғалабалар ва ютуқлар тилайди!