523

  “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ўзбекистон жамияти ҳаётининг энг долзарб масалалари бўйича мунтазам равишда социологик тадқиқотлар, жамоатчилик фикри сўровлари ўтказиш орқали республика аҳолисининг фикрини ўрганиб келади. Социологик сўровлар натижалари Марказ мутахассислари томонидан илмий жиҳатдан таҳлил қилинади ва ахборот-таҳлилий маълумотномалар тайёрланади, керакли тавсия ҳамда хулосалар ишлаб чиқилади.

  Айни кунларда, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари комиссиясининг буюртмасига асосан, “Нафосат-2020” фестивали доирасида “Ёшларнинг кийиниш маданияти ҳақидаги фикри” мавзусида масофавий социологик сўров амалга оширилмоқда. Ушбу сўров республикамиз ёшлари ўртасида ўтказилиб, унда 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этишлари назарда тутилган.
Мазкур фестиваль доирасида жорий йилнинг 1 декабрь куни хотин-қизларнинг ташқи кўриниши, кийиниш маданиятини миллий қадриятларимиз асосида тарғиб этишга қаратилган ёш дизайнерлар ва соҳа мутахассислари иштирокида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.
  Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати, парламент юқори палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти вакиллари ҳамда талабалар иштирок этдилар.
Марказ томонидан амалга оширилаётган “Ёшларнинг кийиниш маданияти ҳақидаги фикри” мавзусидаги социологик сўров доирасида ушбу тадбир ёш иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари ҳам ўрганилди.
Ўйлаймизки, сўровда иштирок этган респондент-ёшлар билдирган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида Марказ мутахассислари томонидан ишлаб чиқиладиган илмий хулоса ва тавсиялар жамиятимиз ҳаётида ёшларимиз тарбияси ва уларнинг кийиниш маданиятини миллий қадриятларимиз асосида тарғиб этишга хизмат қилади.

  "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Сизни "Ёшларнинг кийиниш маданияти ҳақидаги фикри" мавзусидаги сўровимизда иштирок этишга таклиф этади.

СЎРОВДА ИШТИРОК ЭТИШ