24.08.2022
366
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот
22 август куни пойтахтдаги Конгресс-холлда мамлакат Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бизнес вакиллари ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди, унда давлат Раҳбари мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг фикр-мулоҳазаларини тинглади ва тадбиркорлик билан боғлиқ қатор ташаббусларни илгари сурди.
Учрашувда Тадбиркорлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида” имзоланган қарорга асосан мукофотланган бир гуруҳ тадбиркорларни тантанали равишда тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Хусусан, мамлакат Президенти тадбиркорликни бешта асосий йўналиш бўйича қўллаб-қувватлашни таклиф этди, биринчи йўналишда корхоналарни йиллик айланмаси миқдорига асосан тоифаларга ажратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувлар белгиланди.
Очиқ мулоқотда иштирок этган тадбиркорлар қўшимча қиймат солиғини ҳисоблаш ва қайтаришни кичик ва ўрта бизнеснинг энг муаммоли масаласи сифатида кўрсатдилар. Президент учрашувда ҚҚС ставкасини камайтиришга тайёр эканлигини тасдиқлади.
Эълон қилинган бешта ташаббуснинг иккинчиси – бизнесни кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини яратишга оид бўлди.
Ушбу мақсадда давлат кичик бизнес лойиҳаларини кенгайтиришга 20 триллион сўм йўналтиришга тайёрлиги маълум қилинди.
Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат ташаббусларининг учинчи йўналиши – бу бизнес самарали ишлаши учун керакли шарт-шароитлар, инфратузилма ва кафолатли бозор яратиш масаласи эди.
Қўллаб-қувватлашнинг тўртинчи йўналиши тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи ҳимояси ҳақида бўлди.
Ва, ниҳоят, тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бешинчи йўналиши - тадбиркорларга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига янги жавобгарлик турлари ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилиш таклифи эди.
Мулоқотда тадбиркорларни маънавий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Давлатимиз раҳбари кўп иш ўринлари яратган, ўз соҳасида инновация ва ислоҳотлар қилган, эл-юрт орасида обрў қозонган бизнес вакиллари меҳнатини эътироф этиш учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этиш таклифини билдирди.
Савдо-саноат палатаси фаолиятини такомиллаштириш зарурати ҳам кўрсатиб ўтилди.
Очиқ мулоқотда айтилган барча таклифларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилиши белгиланди.
Очиқ мулоқот якунида давлат Раҳбари тадбир иштирокчиларини яна бир бор Тадбиркорлар куни билан табриклади ҳамда билимли ва тажрибали, собитқадам тадбиркорлар олдда турган вазифаларни самарали адо этиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этишларига ишонч билдирди.
Кенг кўламли ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги давлат дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга ошириш, фаол тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун мақбул ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароитлар яратиш доирасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ҳар йили контент-таҳлил социологик методи асосида электрон оммавий ахборот воситаларининг Миллий домени расмий веб-сайтларининг “Бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш” мавзусидаги мониторинги ўтказилади. Ундан кўзланган мақсад – фаол тадбиркорлик ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар, хусусан, бизнеснинг барча тоифалари учун солиқ юкини камайтириш ва тизимлаштириш, келгусида рағбатлантириш учун алоҳида корхоналарга эмас, балки ишлаб чиқаришнинг алоҳида турлари ва хизматларга имтиёзлар тақдим этиш, ноқонуний текширувлар, хусусий бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувлар билан курашиш, экспортга йўналтирилган маҳсулот ва материалларни ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, Марказий Осиё давлатлари ва хорижий ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ички бозорни модернизация қилиш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва ҳ.к.лар билан боғлиқ мақолаларни нашр этиш фаоллиги ва ёритилиш даражасини аниқлашдир.
Манба: Президент тадбиркорларга қарзлардан воз кечилиши, солиқлар камайтирилиши, жиноий жавобгарлик бекор қилиниши ва бизнесни кенгайтиришда ёрдам берилишини ваъда қилди - Новости Узбекистана сегодня: nuz.uz