30.06.2022
457
Янги Ўзбекистон ёшлари куни
Бугунги кунда сайёрамиз аҳолиси орасида 2 миллиарддан ортиқ йигит-қизлар бор, бу бутун инсоният тарихидаги ёшлар сонининг рекорд кўрсаткичи ҳисобланади.
Барча даврларда ёшлар жамият тараққиётини таъминлашнинг асосий манбаи, реал ижтимоий-сиёсий ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб келган. Ёшлар ҳаётга янги тенденциялар ва технологияларни олиб киришмоқда, ўзларини ҳақиқий ижодкорлар, илҳом манбаи, иқтисодий, ижтимоий, маданий, сиёсий ва маънавий ҳаётнинг муҳим иштирокчилари ва ижодкорлари сифатида намоён этмоқдалар.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсати халқаро ҳамжамиятда муайян қизиқиш уйғотмоқда. Зеро, БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашининг Женевада бўлиб ўтган Ёшлар форумида, “БМТ-2030 Ёшлар стратегияси”ни амалга оширишда Глобал тараққиёт тўғрисидаги ҳисобот маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2020 йилда ёшлар иштирокида пандемиядан кейин муносабат билдириш ва тикланиш соҳасидаги энг яхши кўрсаткичларни намойиш этган, шунингдек, ёшларга маданият ва архитектура соҳасида имкониятлар яратган энг етакчи мамлакатлар сафига киритилган. Ўзбекистон “БМТ-2030 ёшлар стратегияси”ни жадал амалга оширишда энг фаол деб топилган етакчи мамлакатларнинг ўнталигига кирди, уларда ташкилот томонидан қўллаб-қувватланган бир қатор ёшлар ташаббуслари амалга оширилмоқда.
Янги Ўзбекистонда кенг кўламли чора-тадбирлар асосида аниқ мақсадларни кўзловчи ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш изчил давом эттирилмоқда, бу унинг самарадорлиги ва таъсирчанлигидан далолат беради. Ижтимоий, маънавий-маърифий соҳаларда тизимли саъй-ҳаракатларни йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббус Ўзбекистон тарихида ёшлар тарбияси ва таълимининг янги стратегиясини яратди.
Ўз навбатида, Ўзбекистондаги барча ўзгаришларнинг асоси бўлган тарбия ва таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Келажак учун энг муҳим инвестициялар – билим ва таълимга киритилган инвестициялардир. Мамлакатимизнинг барча минтақаларида янгидан-янги олий таълим муассасалари, илмий-ижодий марказлар ташкил этилаётгани ёш авлоднинг эртага юртимизга муносиб ўғил-қизлар бўлиб етишишига хизмат қилмоқда.
Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларига кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни рағбатлантириш вазифаларини ўзида мужассам этган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. Бугунги муваффақиятлар ёшларимизнинг интеллектуал салоҳиятларини ошириш, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллашлари йўлидаги муҳим қадамдир.
Республика Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган давлат ёшлар сиёсатини амалга ошириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида" 2022 йил 7 июнда қабул қилинган қарори "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшлар билан ишлаш; "ёшларнинг бўш вақти – раҳбарнинг иш вақти" тамойили бўйича ташаббус олимпиадаларини ўтказиш; ёшлар билан "маҳаллабай" ишлаш тизимини жорий этиш; кўча ҳаракатлари ва лойиҳаларини, танлов ва тўгаракларни тизимли ташкил этиш; ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, соҳадаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини ва тарбиявий ишлар самарадорлигини таъминлаш; ёшлар инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёшларга оид сиёсатни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш чора-тадбирларини белгилашни назарда тутувчи муҳим ва долзарб ҳужжатлардан бири бўлди.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ҳар йили мониторинг тартибида "Янги Ўзбекистон ёшлари: ҳаётий қарашлар ва қадрият устуворликлари" мавзусида комплекс тадқиқотлар ўтказмоқда, тадқиқот жараёнида ёшларнинг эҳтиёжлари, қарашлари ва ҳаётий йўналишларига таъсир қилувчи турли хил ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий омилларни аниқлаш йўли билан ёшлар ҳаётий қарашларининг моҳияти ўрганилмоқда. Олинган маълумотларга мувофиқ, Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар ёшларнинг турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатмоқда ва уларнинг шахсий фаровонлигини оширмоқда. Сўровнинг кўрсатишича, ёшларнинг мутлақ аксарияти - ўз келажаги ҳақида ишонч ва некбинлик билан ўйлайди. Олинган натижалар кўп жиҳатдан мамлакат ёшларининг ижтимоий ва маънавий ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижодий салоҳиятини очиб бериш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ўз манфаатларини рўёбга чиқариш йўлларини танлаш эркинлигини кафолатлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид сиёсати самарадорлигидан далолат беради.
Бугун - 30 июнь куни - Ўзбекистонда ёшлар куни нишонланмоқда. Шу муносабат билан «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ Янги Ўзбекистон ёшларини байрам билан самимий табриклайди ва уларга сиҳат-саломатлик, ўқиш, касбий ҳамда ижодий фаолиятларида муваффақиятлар, янада юксак чўққиларни забт этиш бахти, фаровонлик ва улкан омадлар тилайди!