08.12.2022
332
БАЙРАМ ТАБРИГИ
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази барча юртдошларимизни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг муборак 30 йиллиги байрами билан қизғин муборакбод этади!
Ҳаётимизнинг Бош қомуси бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. У миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ ҳолда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун мустаҳкам замин яратди.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалдаги Конституциянинг мавқеини ҳеч шубҳасиз эътироф этган ҳолда, бош мақсади - инсон қадри ва халқ манфаатини амалда таъминлаш бўладиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш, Асосий Қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштириш ва Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворга айлантириш йўлида жуда муҳим сиёсий ислоҳотлар ўтказилмоқда.
Мамлакат тараққиётининг ғоят мураккаб шароитида бундай улкан ислоҳотларни амалга ошириш ҳар биримиздан чуқур ақл-идрок, юксак сиёсий онг, бевосита дахлдорлик ҳисси ва замонга ҳамнафас бўлишни талаб қилади. Ана шундай масъулиятли дамларда Ўзбекистон халқининг ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамликда бўлишини эса ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Бош Қомусимизни доимо эҳтиром билан улуғлаш, аждодларимизнинг Асосий қонунда эътироф этилган буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёш авлод қалбига сингдириш ҳар биримизнинг юксак фуқаролик бурчимиз бўлиши керак. Конституцияга ва қонунларга ҳурмат, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳар бир фуқаронинг ҳаёт ва фаолият тарзига айланиши лозим.
Қутлуғ байрам муносабати билан барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, туганмас куч-ғайрат, хонадонингизга файзу барака, дастурхонингизга тўкин-сочинлик тилаймиз.
Юртимиз доимо тинч, халқимиз ҳаёти фаровон ва мамлакатимиз истиқболи нурафшон бўлсин!
“Ижтимоий фикр”
республика жамоатчилик фикрини
ўрганиш Маркази