03.03.2021
424
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази “Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқи тўғрисида: хабардорлик ва белгиланган устуворликларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида телефон сўрови ўтказди.
Тадқиқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқининг асосий қоидалари, уларнинг давлат, жамият ва ҳар бир фуқаро учун долзарблиги ва муҳимлиги тўғрисида фуқароларнинг фикрлари аниқланди.
Республиканинг барча вилоятлари ва минтақаларида ўтказилган сўровда 18 ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, шаҳарликлар ва қишлоқ аҳолиси, турли миллат, ижтимоий гуруҳ вакиллари, ишлаб чиқаришнинг турли соҳа ва тармоқларида банд бўлганлар иштирок этдилар.
Жамоатчилик фикри телефон сўрови натижаларининг кўрсатишича, ўзбекистонликларнинг фикрига кўра, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг мазкур кенгашнинг аъзоси сифатида Ўзбекистон биринчи марта иштирок этган 46-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг нутқи мамлакатимиз учун мамлакатда ва жамиятда юз бераётган демократик ўзгаришлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш масалаларида Ўзбекистон эришган аниқ ютуқлардан далолат берувчи муҳим воқеа бўлди.
Сўров натижаларига мувофиқ, мамлакат фуқароларининг кўпчилиги давлатимиз Раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқининг асосий қоидалари ҳақида билади ва улардан хабардор. Сўров иштирокчилари шунга ишонадиларки, Ўзбекистоннинг 2012-2023 йиллардаги даврга биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланишининг ўзи халқаро майдонда мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасида нуфузи ошганлиги ва ушбу йўналишда эришилган натижаларнинг эътироф этилганидан далолат беради.
Телефон сўрови натижалари Ўзбекистон Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқи ҳеч кимни бефарқ қолдирмаганини тасдиқлайди, зеро, Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуслари Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига бевосита дахлдордир.
Сўров иштирокчилари давлат Раҳбарининг нутқи янги 2021 йилдаги энг муҳим сиёсий воқеалардан бири бўлганига ишонч билдирдилар. Тадқиқот натижаларига мувофиқ, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги - 87,9% респондентлар мамлакат Президентининг нутқига ижобий муносабат билдирдилар ҳамда Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қўйилган мақсад ва вазифалар ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни самарали ҳал қилишга ёрдам беради, деб ҳисоблайдилар.
Сўров давомида Ўзбекистон Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқидаги қайси қоидалар энг кучли таассурот қолдирганлиги ёки уларнинг тасаввурларида устувор ҳисобланиши тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикри аниқланди.
Кўпчилик фуқароларнинг (87,9%) ҳисоблашича, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли тарзда ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиясини амалга ошириш масалалари энг муҳим ва долзарб ҳисобланади. Сўров иштирокчиларининг қайд этишича, кейинги йилларда конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш, меъёрий-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро андазаларни миллий қонунчиликка сингдириш соҳасида, шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларида халқаро ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлик борасида сезиларли натижаларга эришилди.
81,5% фуқароларнинг фикрича, давлат Раҳбарининг ёшларни қўллаб-қувватлашга, ёшларнинг долзарб муаммоларини халқаро даражада самарали ҳал қилишга, уларнинг иқтисодий, ижтимоий, фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга ва амалга оширишга қаратилган ташаббуслари нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун дунё ҳамжамияти учун устувор ҳисобланади.
Тадқиқот жараёнида 77,2% фуқароларнинг қайд этишича, давлат Раҳбарининг гендер тенглик қоидаларини амалга оширишга ва мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш масалаларига катта эътибор қаратганлиги уларда алоҳида қизиқиш уйғотган.
Сўров иштирокчиларининг фикрича, Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш масалалари давлатимиз Раҳбари БМТ минбаридан сўзлаган нутқнинг асосий қоидаларидан бири ҳисобланади. Сўровда иштирок этган 69,7% фуқаролар шундай фикр билдиришди.
Телефон сўрови жараёнида 52,1% фуқаролар мамлакат Президентининг қийноқларнинг ва унинг шафқатсиз, одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган барча турларининг олдини олиш бўйича самарали механизмни жорий этиш бўйича таклифининг алоҳида долзарблигини қайд этдилар. Сўров иштирокчиларининг ҳисоблашича, зўравонлик, шафқатсиз муомала қилиш ва инсон шаънини камситишнинг ҳар қандай кўринишларига муросасиз муносабатни ва янгича дунёқарашни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
49,7% респондентларнинг фикрича, давлатимиз Раҳбарининг ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларни жамият билан тўлақонли уйғунлаштириш тўғрисидаги ташаббуси муҳим ҳисобланади. Сўров иштирокчиларининг ҳисоблашича, давлат ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашни ва камситишнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни қонунан кафолатлашига қарамай, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга тўлақонли уйғунлашуви учун янада самарали чоралар кўриш зарур.
Телефон сўрови жараёнида 42,3% фуқаролар мамлакатда болалар ҳуқуқларини таъминлаш, болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни ва Болалар Омбудсмани тўғрисида Қонун қабул қилинишини маъқуллашларини қайд этдилар. Респондентларнинг фикрича, Ўзбекистонда болаларни маънан, ақлан ва жисмонан ривожлантириш, баркамол ривожланган авлодни тарбиялаш учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор берилмоқда, Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил(Омбудсман)нинг мавжудлиги болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдам беради, аҳоли кенг табақаларининг ушбу соҳадаги ҳуқуқий саводхонлиги ва хабардорлигини оширади.
Телефон сўрови давлат Раҳбари нутқидаги фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини қисқартириш масалалари фуқаролар учун муҳим ҳисобланишини аниқлади. Тадқиқот иштирокчилари инсонларнинг ушбу ҳуқуқи муҳимлигини ва мамлакатда аҳоли учун фуқаролик олиш масаласида барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилаётганлигини таъкидлашди.
Тадқиқот давомида фуқаролар (69,1%) мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида қўйилган мақсад ва вазифалар муваффақиятли амалга оширилишига ишонч билдирдилар, респондентлар мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини ва инсон ҳуқуқларига оид умумэътироф этилган принцип ва нормаларни амалга оширилишини таъминлаш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Улардан 45,8% респондентлар ушбу муҳим вазифаларни яқин вақт ичида тўла ва самарали амалга ошириш мумкин, деб ишонадилар, 23,3% эса белгиланган режаларни амалга ошириш учун вақт ва давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг ўзларининг куч-ғайратларини бирлаштириш керак, деб ҳисоблайдилар.
Телефон орқали ўтказилган сўровда Давлатимиз раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасида белгиланган мақсад ва вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш йўлидаги асосий тўсиқлар ҳақида фуқароларнинг фикри аниқланди.
Сўровнинг кўрсатишича, фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кўзланган режаларнинг ҳаётга татбиқ этилишига малакали, профессионал ва ташаббускор кадрларнинг етишмаслиги, фуқаролар ҳуқуқий маданияти даражасининг етарли эмаслиги, уларнинг ўз масалалари ва муаммоларини ҳал этишдаги пассив позицияси, коррупция ва бюрократик тўсиқлар, фуқароларнинг ҳуқуқий соҳа ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий моҳияти ва мазмуни ҳақида етарли даражада хабардор эмаслиги ҳамда уларни тушуниб етмаслиги халақит бермоқда.
Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш давлатда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг асосий шартларидан бири эканлигига телефон сўрови иштирокчиларининг ишончи комил.
Телефон сўрови фуқароларнинг давлатимиз Раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида белгиланган мақсад ва вазифаларни муваффақиятли ва самарали амалга ошириш йўлидаги мавжуд объектив қийинчилик ва тўсиқларни бартараф этиш ёки камайтириш чора-тадбирлари ҳақидаги тасаввурларини аниқлаб берди.
Жойларда аҳолига давлат хизматларини кўрсатувчи бошқарув органлари, шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назорати фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг янада ҳимоя қилинишини таъминлашга кўмаклашувчи асосий омиллардан бирига айланиши лозим. Сўров иштирокчилари мамлакатда ҳуқуқий таълимни яхшилаш, ҳуқуқий маданиятни ошириш, жамиятда ҳуқуқий билимларни тарқатиш, мамлакат фуқароларида қонунга итоатгўйликни, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни ҳамда аҳолида фаол фуқаролик позициясини шакллантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарур, деб ҳисоблайди.
Сўров иштирокчиларининг фикрича, ҳар томонлама чуқур билим ва юқори малакага эга, халқаро стандартларга жавоб берадиган ва ўз касбига садоқатли кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш зарур. Коррупциянинг олдини олиш, ННТ билан давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, жамоат ташкилотларининг фаолиятига жалб этиш орқали фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари ҳуқуқий ислоҳотнинг янада самарали амалга оширилишига ҳисса қўшадиган муҳим омиллар бўлиши керак.
Умуман олганда, телефон сўровининг кўрсатишича, фуқароларнинг аксарияти давлатимиз Раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги маърузасида белгиланган ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган таклиф ва ташаббуслари уларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ривожланишнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги умидлари ва тасаввурларига тўлиқ мос келади.
Ўзбекистонликлар демократик ўзгаришларнинг муҳимлигини англаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш, миллий қонунчиликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонунларни қабул қилиш, гендер тенглик ва ёшлар, болалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилиш тамойилларини амалиётга жорий этишга қаратилган сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Барча минтақалардаги телефон сўрови иштирокчиларининг кўпчилиги, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта авлод вакиллари Ўзбекистон мамлакат Президенти раҳбарлигида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умумэътироф этилган принцип ва нормаларини истиқболда ҳам ҳимоя қилиши, фаол илгари суриши ва амалда татбиқ этишига ишонч билдиради.