19.07.2020
409
Тадқиқотнинг мақсади: миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепциясига мувофиқ мамлакатдаги миллатлараро муносабатлар ҳолати ва унинг ривожланиш тенденцияларини аниқлаш, Ўзбекистонда яшовчи турли миллатлар вакилларига тенг ҳуқуқ ва эркинликларнинг таъминланиш даражаси ҳақида ўзбекистонликларнинг фикрини ўрганиш, шунингдек, жамиятда миллий асосда пайдо бўлиши мумкин бўлган зиддиятлар ва ихтилофларнинг сабабларини аниқлаш.
Жамоатчилик фикри сўрови 2020 йил 25 июнь - 4 июль кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида ўтказилди. Унда туманлар, аҳоли пунктлари, уй хўжаликлари ва респондентлар орасидан тасодифан танлаб олинган жами 931 нафар респондентлар сўралди.
Маълумот Марказ мутахассислари тайёрлаган ягона саволнома бўйича чуқурлаштирилган, бевосита юзма-юз интервью ўтказиш орқали йиғилди.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, турли миллатлар вакилларининг аксарияти мамлакатдаги миллатлараро муносабатларга ижобий баҳо берадилар ва Ўзбекистонда барча миллатлар ва элатлар вакилларининг яшаши учун зарур шарт-шароитлар, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик учун мустаҳкам пойдевор яратилган, Ўзбекистон халқларининг этник ва маданий ўзлигини сақлаб қолиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамият ва давлат манфаатларини уйғунлаштириш юзасидан самарали чора-тадбирларлар кўрилмоқда, деб ҳисоблайдилар.
Сўралган фуқароларнинг фикрича, мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар ва миллатлараро тотувликнинг барқарор ҳолати асосини Ўзбекистонда яшаётган барча халқларнинг маданий қадриятлари, маънавий, ижтимоий ва инсоний алоқалари, ижтимоий хулқ нормалари, ҳаётий қадриятлари ва маданий йўналишларининг умумийлиги ташкил этади.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, ўзбек халқининг менталитети миллатлараро тотувлик ва дўстлик, тинчлик ва сиёсий барқарорлик гаровидир. Фуқаролар миллатлараро муносабатлар барқарорлигини замонавий Ўзбекистон ҳудудида азалдан яшаб келган кўплаб халқларнинг тинч-тотув яшаши ва ўзаро ҳамкорлиги анъаналари билан боғламоқдалар.