05.12.2020
615
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 28 йиллиги арафасида мамлакат аҳолисининг жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Сўровда ўзбекистонликларнинг мамлакат Асосий Қонунига муносабати, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий онги даражаси, уларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларнинг таъминланиши даражаси ҳақидаги тасаввурлари, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотининг самарадорлиги ҳақида аҳолининг фикри ўрганилди.
Сўровда мамлакат барча минтақаларининг аҳолиси, эркаклар ва аёллар, турли аҳоли қатламларига мансуб, турли ёш тоифалари ва миллатлар вакиллари, шаҳарликлар ва қишлоқдагилар, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари, фермерлар ва тадбиркорлар, талаба ва ўқувчилар, пенсионерлар ва уй бекалари иштирок этдилар.
8 декабрь куни ўзбекистонликлар давлатимизнинг ҳақли равишда асосий байрамларидан бири ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунини нишонлайдилар. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кундан буён ўтган йиллар мамлакатимизнинг Асосий Қонуни вақт синовидан муваффақиятли ўтганлигини, мамлакатнинг барқарор ривожланиши, муҳим давлат ва жамоатчилик институтлари шаклланиши учун шароитлар яратилганини, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллаганлигини, конституциявий қонунчиликни такомиллаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимини модернизациялаш, халқнинг тинч ва фаровон ҳаёти, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари кафолати ва ҳимояси учун мақбул шароитлар яратилганини ишонч билан кўрсатмоқда.
Тадқиқотда олинган натижалар жамоатчилик фикрида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва умуман олганда давлат бошқарув тизимига аҳолининг ишончини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг асосий кафолати сифатида Қонун устуворлиги тамойилини мустаҳкамлашга, демократик, ҳуқуқий давлат қуришга ёрдам беришига ишонч устуворлик қилишини кўрсатди.
Кўпчилик сўров иштирокчиларининг фикрича, фуқароларнинг асосий конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари давлат ҳимоясида, шу сабабли мамлакатда аҳолининг барча қатламлари учун Қонун устуворлиги таъминланган, барча фуқаролар учун таълим олиш, меҳнат қилиш, малакали тиббий хизматлар олиш бўйича тенг ҳуқуқлар, зарур ёшга етганда оила қуриш ҳуқуқи ва репродуктив ҳуқуқ, диний эътиқод, диний кўрсатмаларни бажариш, миллий анъаналар, удумлар, урф-одатларга риоя қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Ҳуқуқий ислоҳотлар жараёнида респондентларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини билишга, қонунчиликдаги ўзгартиришлар ва янгиликлар ҳақидаги ахборотлардан хабардорлик даражасини оширишдан манфаатдорлигининг кўпайишида аҳоли ҳуқуқий онги даражаси ўсаётганлиги кўринади. Ушбу ҳол кўп жиҳатдан ОАВ, Интернет-сайтлар орқали ҳуқуқий ахборот олиш имконининг, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳажмининг ошиши билан боғлиқдир.
Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, фуқаролар умуман олганда амалдаги суд-ҳуқуқ тизимини, уни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш натижаларини ижобий баҳолайдилар. Олинган тадқиқот натижаларига мувофиқ сўров иштирокчиларининг учдан бири мавжуд суд-ҳуқуқ тизимини етарлича самарали ва мамлакат фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминловчи тизим сифатида баҳоладилар. Айни вақтда ҳар иккинчи респондентнинг ҳисоблашича, ҳозирги вақтда ҳуқуқ тизими етарлича самарали ишламаяпти ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги замонавий талабларга ҳамиша ҳам жавоб бермайди.
Мамлакатнинг кўпчилик фуқаролари, сўровнинг асосий натижаларига мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизимидаги туб ўзгаришларсиз давлатни янада ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантиришни таъминлаш мумкин эмаслигини яхши тушунадилар. Суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар ўтказишнинг зарурати, фуқароларнинг фикрича, энг аввало, суд ҳокимияти ҳақиқий мустақилликка эга бўлганлиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш манфаатлари йўлида ҳаракат қилаётганлиги, жамиятдаги модернизациялаш ва эркинлаштириш жараёнларига мувофиқ келганлиги, халқаро ҳуқуқ механизмларининг мамлакат суд тизимига имплементация қилинганлиги ҳолатларидан келиб чиқади. Бундан ташқари сўров иштирокчилари модернизациялашган, янгиланган ҳуқуқ тизими мамлакатда коррупцияга қарши курашишнинг муҳим воситаси бўлишига умид қиладилар.
Сўров иштирокчиларининг фикрича, суд-ҳуқуқ тизимининг ислоҳ қилиниши туфайли жамият ва давлат ҳаётининг кўп соҳаларида ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Сўров жараёнида сўралганларнинг ҳар бешинчиси суд-ҳуқуқ тизимининг барча тузилмаларида жиддий ўзгаришлар юз берганлигини қайд этди, кўп фуқароларнинг фикрича, у босқичма-босқич давлатнинг нафақат жазоловчи тузилмаси, балки фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳақиқий ишончли ҳимоя қилишни, уларнинг адолатли судловдан фойдаланишини таъминлайдиган тизимга айланмоқда.
Судгача бўлган тергов ва суд жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш учун чоралар кўрилмоқда, оқловчи ҳукмлар сони жиддий тарзда кўпайди.
Судларнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган чораларнинг кўрилиши, сўров иштирокчиларининг умид қилишларича, ижроия ҳокимият органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш имконини беради, бу ўз навбатида жамиятда коррупция даражасининг пасайишига ёрдам беради.
Сўров иштирокчиларининг ҳисоблашича, ҳуқуқий ислоҳот кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга ёрдам беради, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг, ННТларнинг ваколатларини кўпайтиради.
Шу билан бирга сўров жараёнида аҳолининг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнининг асосий йўналишлари ва моҳияти ҳақида хабардорлик даражаси етарлича эмаслиги аниқланди. Шу муносабат билан фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини, ҳуқуқий онги даражасини оширишга, аҳолининг кенг қатламларига мамлакатда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг сабаблари, мақсадлари ва вазифаларини тушунтиришга қаратилган самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш алоҳида долзарблик касб этади. Респондентларнинг фикрича, ОАВлар қабул қилинган янги қонунлар ва уларнинг мазмуни ҳамда мамлакатда ислоҳотлар ўтказишнинг муҳимлиги ҳақида тезкор ахборот-таҳлилий медиа материалларни, ижтимоий рекламаларни тайёрлашни кўпайтиришлари зарур.
Тадқиқот жараёнида сўров иштирокчилари мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни амалга оширишга монелик қилувчи омилларни айтиб ўтдилар. Респондентларнинг фикрича, суд-ҳуқуқ тизими ходимлари малакасининг етарли даражада эмаслиги, коррупция, бюрократизм ва қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бажармаслик, эскича фикрлаш асоратлари, фуқаролар ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий таълимининг паст даражаси – бу муаммоларнинг ҳаммаси мамлакатда ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилишни жиддий равишда мураккаблаштиради.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, фуқароларнинг одил судловдан фойдалана олиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш муаммоси нафақат давлатнинг, балки қонунчиликни такомиллаштиришда, ҳуқуқларга риоя қилишнинг жамоатчилик мониторингида, ахборот-маърифий фаолиятда қатнашаётган фуқаролик жамияти институтларининг ҳам жиддий эътиборида. Ҳуқуқий тизимни ислоҳ қилиш доирасидаги бу барча демократик ўзгаришлар, сўровнинг кўрсатишича, жамоатчилик фикри томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Чунончи, сўров натижаларига кўра, кўпчилик фуқароларнинг ҳисоблашича, кейинги йилларда фуқароларнинг қонун асосида яшашга интилиши (87,1%), инсон ҳуқуқ ва эркинликларига муносабати ва ҳурмати (90%), ҳуқуқий онги даражаси ўсди (72,7%).
Сўров натижаларининг кўрсатишича, фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ишининг мазмуни, услуби ва шаклидаги ўзгаришларни ҳис қилмоқдалар. Мамлакатнинг кўпчилик минтақаларидаги шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи респондентларнинг қайд этишича, кейинги вақтда мамлакатда фуқаролик ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда, у жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгандир.
Умуман олганда жамоатчилик фикри сўровининг кўрсатишича, ўтказилаётган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ишида суд ҳокимиятининг роли ва аҳамиятини оширишга ёрдам бермоқда.Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг моҳияти ҳақида хабардордир. Фуқароларнинг фикрича, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуришга қаратилгандир, ижтимоий адолат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш унинг асоси ҳисобланади. Сўров натижаларининг далолат беришича, барча минтақалардаги фуқаролар, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта авлод вакиллари мамлакатда амалга оширилаётган ва одил судлов соҳасида замонавий талаблар ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон суд тизимини такомиллаштириш ва мақбуллаштиришга имкон берадиган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайдилар.