02.07.2025
11
STADA Health Report 2025 тақдимоти ва "Ижтимоий фикр" Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг иштирокини ёритувчи таҳлилий материал
2025 йил 26 июнь куни Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency меҳмонхонасида STADA Health Report 2025 халқаро тадқиқотининг расмий тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда жаҳон соғлиқни сақлаш тизимидаги энг долзарб масалалар — жисмоний ва руҳий саломатлик, тиббий профилактика, соҳага ишонч, давлат ва хусусий институтларнинг ўрни каби муаммолар юзасидан кенг муҳокамалар олиб борилди.
Тақдимотда 22 давлатда ўтказилган сўнгги тадқиқот натижалари эълон қилинди. STADA Health Report — фармацевтика соҳасидаги нуфузли STADA Arzneimittel AG компанияси ташаббуси билан ўтказиладиган, халқаро даражадаги энг йирик ва мустақил ижтимоий-илмий тадқиқотлардан бири ҳисобланади. Бу йил тадқиқотда Ўзбекистон учинчи марта иштирок этди. Мамлакатимиздаги сўровлар февраль–март ойларида 1000 нафарга яқин фуқаро ўртасида ўтказилган бўлиб, натижалар аҳолининг соғлом турмуш тарзига бўлган муносабати, стресс ва руҳий саломатлик ҳолати, шифокорларга ишонч даражаси, тиббий хизматларга етарлилик каби муҳим кўрсаткичларни қамраб олди.
Тадбирда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари, социология фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD, Сеитов Мансур Шерикбаевич эксперт сифатида иштирок этди. У ўз чиқишида жамиятда саломатлик маданиятининг шаклланиши, оммавий онгдаги тенденциялар ва жамоатчилик фикри асосида давлат сиёсатини шакллантиришнинг ўрни ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, “Ижтимоий фикр” маркази томонидан Ўзбекистон аҳолиси орасида олиб борилаётган ижтимоий соғлиққа оид изланишлар билан бўлишди.
Тадбир доирасида STADA Health Report 2025 натижалари асосида Ўзбекистондаги ҳолатга оид маълумотлар тақдим этилди. Маълум бўлишича, Ўзбекистонлик респондентларнинг 60 фоизи ўзининг руҳий-эмоционал ҳолатини яхши ёки жуда яхши деб баҳолаган. Бу кўрсаткич жаҳон бўйича ўртача натижага (64%) яқин, аммо Венгрия (44%) ва Швеция (51%) каби мамлакатларга нисбатан юқорироқ. Шу билан бирга, 2024 йилда Ўзбекистонда ментал саломатлик бўйича ижобий баҳолар даражаси 73% ни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 13 фоизга камайгани кузатилмоқда. Бу эса стресс омилларининг ортиб бораётганини ва аҳоли руҳий ҳолатини қўллаб-қувватлашга қаратилган чораларни кучайтириш зарурлигини англатади.
Соғлом турмуш тарзини муҳим деб ҳисобловчилар 96 фоизни ташкил этса-да, амалда бунга риоя қилувчилар сони атиги 51 фоизни ташкил этмоқда. Шахсий шароитлар соғлом турмуш тарзини танлашга кучли таъсир кўрсатишининг асосий сабабларидан бири — бу ишонч омилидир. Одамлар, одатда, ўзларига яқин бўлганларга таянишади. Соғлиққа оид масалаларда энг муҳим ёрдам ва илҳом манбалари сифатида оила аъзолари (58%) ва ҳаёт йўлдошлари (57%) қайд этилган. Мутахассислар орасида эса энг катта таъсирга эга гуруҳ – терапевтлар (56%), улардан кейин фармацевтлар (30%) туради.
STADA компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори ва “Ўзбекистон ва Қирғизистон” кластери раҳбари Бахтиёр Ҳожимухамедовнинг таъкидлашича, тадқиқотда иштирок этган мамлакатлар орасида Ўзбекистон миллий соғлиқни сақлаш тизимига нисбатан билдирган ижобий баҳолари билан ажралиб туради. Ўзбекистонлик респондентларнинг 67% соғлиқни сақлаш тизими фаолиятидан қониқишини билдирган. Бу кўрсаткич иштирокчи мамлакатлар ўртача даражаси (58%)дан анча юқори бўлиб, қўшни Қозоғистондаги (36%) қолаверса, Венгриядаги (23%) даражалардан сезиларли тарзда устунлик қилади.
“Шарқий Европадаги кўплаб мамлакатларда скептик фикрлар устунлик қилаётган бир пайтда, Ўзбекистон респондентларининг соғлиқни сақлаш тизимидан қониқиш даражаси 60%дан ошган — бу иштирокчи мамлакатлар орасида энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Бу фуқароларнинг соғлиқни сақлаш тизимига ишончи сақланиб қолаётганидан ва тармоқда ижобий тизимли ўзгаришлар давом этаётганидан далолат беради. Тизимдаги айрим муаммоларга қарамай, Ўзбекистонда тиббий ёрдам сифати ва ишончлилиги борасидаги тасаввурлар барқарор ва ижобий бўлиб қолмоқда. Минтақамиз учун бу жуда яхши тенденция, чунки биз STADA глобал жамоасининг бир қисми сифатида одамларнинг саломатлигини ишончли ҳамкор сифатида қўллаб-қувватлашни ўзиимизнинг асосий вазифамиз, деб биламиз. Тадқиқот асосидаги маълумотлар орқали биз фаолият юритаётган давлатларда одамларнинг соғлом ҳаёт кечиришига нима тўсқинлик қилаётганини батафсил тушунишга ва бу тўсиқларни бартараф этишга интиламиз,” — дея таъкидлади Бахтиёр Ҳожимухамедов.
Ушбу тадқиқотнинг Ўзбекистон учун аҳамияти шундаки, у соғлиқни сақлаш соҳасида фуқароларнинг талаб ва интилишларини давлат сиёсатчилари ва тизим раҳбарларига аниқ, илмий асосланган маълумотлар орқали етказиш имконини беради. Тадқиқотдан келиб чиқадиган муҳим хулоса — аҳоли соғлом турмуш тарзини муҳим деб билса-да, уни амалга оширишда иқтисодий, руҳий ва ижтимоий тўсиқларга дуч келаётганлигидир.
Мансур Шерикбаевич ўз таҳлилларида таъкидлаганидек, бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда иш юритиш, аҳолининг руҳий ҳолатини ўрганиш ва ушбу натижалар асосида тизимли ислоҳотлар олиб бориш жуда муҳим. STADA Health Report сингари халқаро тадқиқотлар ана шу йўналишда етарлича илмий ва амалий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу тадбир – нафақат ҳисобот, балки жамият, давлат ва соҳа мутахассислари ўртасидаги очиқ мулоқот ва фикр алмашинуви учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди. Шубҳасиз, бу каби тадқиқотлар келгусида соғлом жамият пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади.