11

"ЎЗБEКИСТОНДА ЗАМОНАВИЙ ОИЛА" МОНОГРАФИЯСИ


“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази замонавий жамиятда оиланинг ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама ўрганишга бағишланган кенг кўламли социологик тадқиқотлар натижаларини умумлаштирган “Ўзбекистонда замонавий оила” монографиясини тақдим этмоқда. Нашр бевосита юзма-юз интервью ва телефон сўровлари натижалари асосидаги тизимли таҳлилий ишларнинг натижаси бўлиб, никоҳга кириш мотивациясидан тортиб, то фуқароларнинг оилавий қадриятларни идрок этиши, ажрашишлар сабаблари, оила барқарорлиги омиллари ва ушбу соҳадаги давлат сиёсати билан боғлиқ кутилмаларгача бўлган кенг кўламли мавзуларни қамраб олган.

Монографияда, ўтказилган тадқиқотлар асосида, оиланинг ижтимоий институт сифатида ривожланишининг анъанавий муносабатлар ва замонавий ижтимоий кутилмаларнинг мураккаб уйғунлашуви ўз аксини топган асосий йўналишлари аниқланган.

Асосий тенденциялардан бири бу оиланинг марказий қадрият сифатидаги барқарор мавқеи ҳисобланади: аксарият респондентлар уни ҳаётнинг пойдевори, маънавий-ахлоқий таянч манбаи, шахсий ва ижтимоий қадриятларнинг дебоча нуқтаси, деб билишади.

Тадқиқотлар оила институти ривожланишининг икки томонлама йўналишини қайд этди. Бир томондан, респондентлар, айниқса, катта ёшлилар гуруҳларидаги сўралганлар анъанавий асосларнинг сақланиб қолишини афзал кўришади, бу эса оилавий меъёрларнинг чуқур илдиз отганидан далолат беради. Бошқа томондан, респондентлар оилавий муносабатларни модернизация қилиш, жумладан, эр-хотин ролларининг тенглиги, никоҳ ёшининг кечикиши ва ота-оналик мақомига онгли ёндашув тарафдори бўлишмоқда.

Тадқиқот иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги фарзанд тарбияси ва таълимини оиланинг асосий вазифаси, деб ҳисоблайди. Молиявий қўллаб-қувватлаш ва ҳиссий яқинлик ҳам барқарор никоҳ муносабатларининг муҳим таркибий қисмлари сифатида қаралмоқда. Шу билан бирга, урф-одатлар ва маданий-ахлоқий меъёрларнинг узатилиши ҳамда ижтимоий интеграция оиланинг авлодлар давомийлиги ва фуқаролик онгини шакллантириш механизми сифатида муҳимлигини таъкидлайди.

Монография ёш, ҳаётий тажриба ва ижтимоий мавқе оила аъзоларининг молиявий мустақилликка бўлган муносабатига сезиларли таъсир қилишини кўрсатди. Катта авлод кўпинча фарзандларнинг иқтисодий мустақиллиги тарафдори, айни вақтда, ёшлар мураккаб вазиятларда вақтинча қўллаб-қувватловчи мослашувчан ёндашувни ёқлашини намойиш этишди. Бу ҳолат жамоатчилик онгининг шахсий масъулият ва етуклик томон равон, аммо ишончли тарзда қайта ўзгараётганидан далолат беради.

Тадқиқотнинг алоҳида қисми ажрашиш сабабларига бағишланган. Шунингдек, эрта никоҳ ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, мактаб, ота-оналар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигига алоҳида урғу берилган.

Қизиқиш уйғотган яна бир натижа никоҳ шартномасини тузишга ижобий муносабатнинг аниқланиши бўлди. Аксарият респондентлар буни, айниқса, хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини ошириш ва анъанавий оилавий ролларнинг ўзгариши шароитида шаффоф ва барқарор муносабатларни ўрнатиш воситаси сифатида кўришмоқда.

Шундай қилиб, “Ўзбекистонда замонавий оила” монографияси Ўзбекистондаги замонавий оила тузилишининг мураккаб, кўп қатламли ва динамик манзарасини очиб беради. У оила институти нафақат барқарор ижтимоий ҳодиса, балки миллий ўзликни англаш ва ижтимоий тараққиётнинг муҳим элементи бўлиб қолаётганини намойиш этади.

Оилавий муносабатлар ижтимоий кутилмалар, маданий ўзгаришлар ва иқтисодий воқеликлар марказида бўлиб, жамият ва давлат томонидан онгли ва мувозанатли ёндашувни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг оилани қўллаб-қувватлаш соҳасидаги саъй-ҳаракатлари стратегик аҳамият касб этади. Ёш келин-куёвларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жой билан таъминлаш, оилавий тарбияни тарғиб қилиш, оиладаги зўравонликлар ва ажрашишларнинг олдини олишга қаратилган давлат дастурлари миллий тараққиётнинг умумий тизимида оила сиёсатининг устуворлиги эътироф этилганидан далолат беради.

Масъулиятли ота-оналик маданиятини шакллантириш, оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, оилавий жуфтликлар учун, айниқса, қишлоқ жойларда таълим ва маслаҳат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Давлат органлари, маҳалла институтлари, таълим муассасалари ва ноҳукумат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришнинг муҳим йўналишга айланаётганлиги тарбия ва профилактика бўйича ягона маконни шакллантиришга хизмат қилади.

Монографияда оила сиёсатига комплекс, илмий асосланган ва мослашувчан ёндашувсиз глобал даъватлар ва ўзгаришлар шароитида жамиятни барқарор ривожлантириш мумкин эмаслиги алоҳида таъкидланган. Айнан шунинг учун ҳам оилага ижтимоий, маданий ва иқтисодий жараёнларнинг ўзаги сифатида эътибор қаратиш стратегик ташаббуслар ва узоқ муддатли режалаштиришнинг диққат марказида бўлиши керак.

“Ўзбекистонда замонавий оила” монографияси нафақат кенг кўламли социологик таҳлил натижаларини ифода этади, балки оила сиёсати соҳасидаги илмий, ижтимоий ва давлат тафаккурини янада ривожлантириш учун ўзига хос тавсия ҳамдир.

Олинган маълумотлар ва хулосалар амалий аҳамиятга эга бўлиб, улардан оила институтини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг турмуш сифатини ошириш ва ижтимоий қадриятларнинг барқарор тизимини шакллантиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фойдаланиш мумкин.

Муаллифлар барча даражадаги (оила ва маҳаллий ҳамжамиятдан тортиб то давлат тузилмаларигача) саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш зарурлигини, шунингдек, оилавий муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда фанлараро ёндашув муҳимлигини таъкидлайдилар.

Нашр кенг доирадаги мутахассисларда ва ижтимоий ривожланиш, жамият барқарорлиги ҳамда инсон мавжудлигининг асосий институти сифатида оиланинг истиқболи масалаларига бефарқ бўлмаган ҳар бир кишида қизиқиш уйғотади.