5

«ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИГА 35 ЙИЛ: ЮТУҚЛАР, МИЛЛИЙ ҲАМЖИҲАТЛИК ВА КЕЛАЖАК ҚИЁФАСИ»

2026 йил 26 август куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида «Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт» доимий илмий-амалий семинари доирасида «Ўзбекистон мустақиллигига 35 йил: ютуқлар, миллий ҳамжиҳатлик ва келажак қиёфаси» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир ўтказилган социологик тадқиқот натижалари асосида ташкил этилди.

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида ўтказилган мазкур илмий-амалий мулоқотнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлига жамоатчилик баҳосини таҳлил қилиш, мамлакатда амалга оширилган ўзгариш ва эришилган ютуқларнинг фуқаролар ҳаётидаги аҳамиятини очиб бериш, жамиятдаги ҳамжиҳатликнинг қадриятларга асосланган омилларини муҳокама қилиш ҳамда келгуси ривожланишнинг ижтимоий устуворликларини белгилашдан иборат бўлди.

Илмий-амалий семинарни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, иқтисод фанлари доктори (DSc) Рахимова Нигина Хайруллаевна очиб берди. Кириш сўзларида мустақиллик йилларида мамлакатда кечган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни аҳоли фикри ва баҳолари орқали ўрганиш, жамиятдаги ижтимоий кайфият, фуқаролик позицияси ва тараққиётга муносабатни илмий асосда таҳлил қилишнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.

Давра суҳбатида мустақиллик тушунчасининг фуқаролар ижтимоий онгидаги мазмуни, истиқлол рамзлари ва улар билан боғлиқ ҳис-туйғулар, фуқаролик идентификацияси, мамлакатнинг 35 йиллик тараққиёт йўлида эришган натижалари ҳамда Ўзбекистоннинг келажакдаги ривожланишига доир ижтимоий устуворликлар социологик нуқтаи назардан муҳокама қилинди.

Марказнинг Стратегик тадқиқотлар департаменти раҳбари Таджибаев Азизбек Баҳодир ўғли «Фуқаролар ижтимоий онгида мустақиллик: рамзлар, ҳис-туйғулар ва фуқаролик идентификацияси» мавзусида маъруза қилди. Унда мустақилликнинг жамоатчилик онгида қандай ижтимоий ва рамзий мазмун касб этаётгани, фуқароларнинг Ватан, давлат ва миллий тараққиёт билан боғлиқ қарашлари масалаларига эътибор қаратилди.

Марказнинг Дала тадқиқотлари ва маълумотлар сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Халикова Умида Мухамаджоновна «35 йиллик бунёдкорлик: Ўзбекистоннинг асосий ютуқлари фуқаролар баҳосида» мавзусидаги тақдимотида мустақиллик давридаги ўзгариш ва ютуқларни аҳоли қандай баҳолаётгани масаласини социологик тадқиқотлар нуқтаи назаридан ёритди.

Марказнинг CATI тадқиқотлар бўлими бошлиғи Бобоев Шерзод Норқўзиевичнинг «Ҳамжиҳатлик, масъулият ва келажак қиёфаси: Ўзбекистоннинг истиқболдаги ривожланиши ижтимоий устуворликлари» мавзусидаги маърузасида эса жамиятдаги ҳамжиҳатлик ва ижтимоий масъулият, фуқароларнинг келажакка муносабати ҳамда мамлакат тараққиётида муҳим деб баҳоланаётган йўналишлар муҳокама марказидан ўрин олди.

Маърузалардан сўнг ўтказилган умумий муҳокамада иштирокчилар мустақиллик йилларида шаклланган ижтимоий қадриятлар, миллий ҳамжиҳатлик, фуқаролик масъулияти ва жамиятнинг келажакка доир кутилмалари юзасидан фикр алмашдилар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Давра суҳбати мустақилликнинг 35 йиллик тарихий йўлини фақат эришилган натижалар нуқтаи назаридан баҳолаш билан чекланмай, уларнинг фуқаролар онги, ижтимоий кайфияти, қадриятлари ва келажакка ишончида қандай акс этаётганини социологик ёндашув асосида таҳлил қилиш имконини берди.

Тадбир якунида жамоатчилик фикрини мунтазам ва илмий асосда ўрганиш мамлакатда кечаётган ижтимоий жараёнларни чуқур англаш, аҳолининг устувор эҳтиёж ва кутилмаларини аниқлаш ҳамда жамият ва давлат ўртасидаги мулоқот самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Давра суҳбатини Марказнинг Халқаро алоқалар ва коммуникациялар бўлими бошлиғи - матбуот котиби Ахмедова Дилдора Олимжоновна модератор сифатида олиб борди.