12.01.2024
261
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ватан ҳимоячилари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига, армиядаги ҳарбий хизмат ва ҳарбийлик касбига ўзбекистонликларнинг муносабатини аниқлаш мақсадида мамлакат фуқаролари ўртасида социологик сўров ўтказди. Унда мамлакатимизнинг барча минтақаларида истиқомат қилаётган фуқаролар, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта авлод вакиллари, турли касб эгалари иштирок этдилар.
Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови шуни кўрсатдики, жамоатчилик онгида Ватан ҳимоячилари куни тўғрисида жасорат ва Ватанга садоқат тимсоли ҳисобланадиган давлат байрами сифатидаги тасаввур шаклланган, бу байрам ўзбекистонликлар томонидан барча ҳимоячилар - бугун Ўзбекистон Республикаси сарҳадларининг муҳофазасида турганлар, ўз жанговар постида хизмат қилаётганлар, Ватанимизнинг ҳақиқий ватанпарвар ва содиқ фарзандларига нисбатан юксак фахр-ифтихор ва эҳтиром ҳисси билан нишонланади.