12.01.2024
238
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ватан ҳимоячилари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига, армиядаги ҳарбий хизмат ва ҳарбийлик касбига ўзбекистонликларнинг муносабатини аниқлаш мақсадида мамлакат фуқаролари ўртасида социологик сўров ўтказди. Унда мамлакатимизнинг барча минтақаларида истиқомат қилаётган фуқаролар, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта авлод вакиллари, турли касб эгалари иштирок этдилар.
Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови шуни кўрсатдики, жамоатчилик онгида Ватан ҳимоячилари куни тўғрисида жасорат ва Ватанга садоқат тимсоли ҳисобланадиган давлат байрами сифатидаги тасаввур шаклланган, бу байрам ўзбекистонликлар томонидан барча ҳимоячилар - бугун Ўзбекистон Республикаси сарҳадларининг муҳофазасида турганлар, ўз жанговар постида хизмат қилаётганлар, Ватанимизнинг ҳақиқий ватанпарвар ва содиқ фарзандларига нисбатан юксак фахр-ифтихор ва эҳтиром ҳисси билан нишонланади.
Сўров давомида иштирокчиларнинг аксарияти Ватан ҳимоячилари куни - бу барча ҳарбий хизматчилар, ўз Ватани мудофаасига дахлдор инсонлар ёки Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафларида хизмат қилганларнинг касб байрами эканлигини алоҳида таъкидлашди. Фуқаролар ушбу кунда барча касб ва ёшдаги эркакларни табриклаш одат тусига кирганлиги ҳақида фикр билдирдилар.
Мардлик, қаҳрамонлик ва жасорат барча даврларда ўзбек халқининг кўп асрлик тарихининг ажралмас бир қисми бўлиб келган ва, респондентларнинг фикрича, Ватан ҳимоячилари кунининг вазифаси ҳар биримизга ҳақиқий эркакларнинг фуқаролик бурчи ва юксак мақсади - тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш эканлигини мудом эслатиб туришдан иборатдир.
Барча замонларда ҳам Ватан ҳимояси ҳар бир эркак учун шарафли ва масъулиятли вазифа бўлиб келган, мамлакатимиз фуқароларининг мутлақ кўпчилиги жинси, ёши, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, Қуролли Кучлар сафидаги хизмат муқаддас бўлиб, ҳар бир йигитнинг ватанпарварлик бурчи эканлигига ишонади.
Фуқароларнинг фикрича, ҳарбий хизмат ҳар бир инсоннинг таржимаи ҳолида энг муҳим босқич ҳисобланади, армияда йигитлар ҳақиқий эркак бўлиб шаклланадилар, кучли ва яхши ҳаёт мактабидан ўтадилар, бу уларга нафақат жисмоний жиҳатдан камол топиш ва улғайишга, балки ўзига ишонган, эркин, мустақил бўлишига ва кўплаб фойдали кўникмаларни эгаллашига ва ўзини намоён этиш имкониятини қўлга киритишига имкон беради.
Тадқиқот давомида олинган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатдики, жамиятимизда ҳарбий кишининг ижобий қиёфаси шаклланган, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ҳарбий хизматни ўтаётган, фуқароларнинг тинч, осойишта ҳаётини ва фаровонлигини муҳофаза қилаётган инсонларга аксарият ўзбекистонликлар чуқур ҳурмат билан қарашади. Олинган натижалар Ватан ҳимоячисининг юксак ижтимоий мақомидан далолат беради.
Ўзбекистонда умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизматни ўташ қонунчилик даражасида мустаҳкамланган. Умумий ҳарбий мажбурият ёш йигитларни Ўзбекистон Республикаси мудофаасига мажбурий тайёрлашдан иборат бўлиб, Қуролли Кучлар сафи тўлдирилишини таъминлаш мақсадида ўрнатилган. Мамлакат фуқароларининг аксарияти – 74,1% ҳарбий хизмат барча йигитлар учун мажбурий бўлиши, ҳар бир ҳақиқий эркак армияда хизмат қилиши керак, деб ҳисоблайди.
Мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жамиятдаги обрў-эътибори ортиб бораётгани ва мустаҳкамланаётганини сўров натижалари ҳам тасдиқлайди: “Марҳамат қилиб, айтинг-чи, ўғлингиз, укангиз, турмуш ўртоғингиз ёки бошқа яқин қариндошингиз Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат қилишини хоҳлаган бўлармидингиз?” деган саволга ижобий жавоб олинди. Армиянинг бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси назаридаги обрўси ижобий, бу тенденция ёшлар ва уларнинг ота-оналарининг армияга бўлган муносабатида намоён бўлмоқда, асосий кўпчилик учун армияда хизмат қилиш нуфузли бўлиб қолди.
Бу ҳарбийлик касбининг юксак мақомидан, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш нуфузли ҳисобланишидан далолат беради, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёшларнинг истиқболда профессионал жиҳатдан ўсишига хизмат қилмоқда. Бу респондентларнинг жавоблари билан тасдиқланди, уларнинг аксарияти (88,6%) “Сизнинг фикрингизча, мамлакатимизда ҳарбийлик касби нуфузли ҳисобланадими?” деган саволга ижобий жавоб беришди.
Сўров шуни кўрсатдики, мамлакатимиз Қуролли Кучларида хизмат қилиш бўйича шахсий тажриба ижобий ва фойдали кўникмалар сифатида қабул қилинади. Тадқиқот иштирокчиларининг фикрича, ҳарбий хизмат йигитларга жуда катта фойда келтиради, улар учун янги истиқболлар ва имкониятлар эшигини очади, йигитларнинг чинакам содиқ ва фидойи дўстлар орттиришига, улғайиб, камол топишига, янада масъулиятли ва интизомли бўлиб етишишига хизмат қилади. Сўров иштирокчилари армия ёшларни матонатли ва мард, Ватанга садоқатли бўлишга ўргатади, деб ҳисоблайди. Ҳарбий интизом йигитларни ўз хатти-ҳаракати учун жавоб беришга тайёр, керак бўлганда Ватанни ҳимоя қилишга қодир ҳақиқий эркаклар қилиб тарбиялаш имконини яратади. Респондентларнинг фикрича, хизматни ўташ даврида йигитлар нафақат маънавий, балки жисмонан ҳам ўзгаради, улар кучли ва бардошли бўлишади; кундалик жисмоний фаоллик, спорт машғулотлари, мувозанатли соғлом овқатланиш ва кун тартибига қатъий риоя қилиш организмни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Сўров иштирокчиларининг фикрича, кўпчилик учун ҳарбий хизматни ўташ ҳарбий хизматчи, ўт ўчирувчи, фавқулодда вазиятлар хизмати ходими ёки ЙҲХБ ходими сифатида ўз мартабасини яратишда биринчи қадам бўлади.
Умуман олганда, жамоатчилик фикри сўрови натижалари шуни кўрсатдики, Ватан ҳимоячилари куни кўпчилик ўзбекистонликлар учун муҳим сана ҳисобланади, у фуқаролар томонидан замонавий Ўзбекистоннинг асосий байрамларидан бири, мардлик, ватанпарварлик ва ўз мамлакати ва халқига содиқлик рамзи сифатида қабул қилинади. Олинган маълумотлар таҳлили мамлакатимизда юрт мустақиллиги ва хавфсизлигини таъминлашга, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва фуқароларнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга шай замонавий, жанговар армия яратилганидан фахрланишларини тасдиқлайди. Сўров иштирокчилари Ўзбекистон Қуролли Кучлари Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осуда ҳаёти ва фаровонлиги, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг ишончли кафолати ҳисобланишига қатъий ишонадилар.