04.11.2025
21
КИБЕРХАВФСИЗЛИК — ЗАМОНАВИЙ ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИ ГАРОВИ
2025 йил 3 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази ташаббуси билан “Кибержиноятлар ва уларнинг олдини олишда жамоатчиликнинг ўрни” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази ва Тошкент шаҳри ИИББ раҳбарияти, Ўзбекистон республикаси Марказий банк вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ахборот хавфсизлиги соҳаси мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази матбуот хизмати раҳбари Д. Ахмедова ва ахборот хавфсизлиги бўлими мутахассиси А. Набиевлар ҳам фаол иштирок этиб, жамиятда рақамли маданиятни шакллантириш ва фуқароларни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Мутахассислар таъкидлашича, рақамли иқтисодиёт тез суръатлар билан ривожланаётган шароитда кибержиноятчилик ҳам мутаносиб равишда ўсиб бормоқда. Масалан, 2024 йилда жиноятларнинг 44,4 фоизи ахборот технологиялари орқали содир этилган, шундан 98 фоизи банк карталари ва мобил илова ҳисоблари билан боғлиқ ҳолатларни ташкил этган. Бу ҳолат аҳоли ўртасида ахборот хавфсизлиги бўйича билим ва кўникмаларни кенг тарғиб этиш заруратини яна бир бор тасдиқлайди.
Анжуманда жамоатчилик иштирокини кучайтириш, киберхавфсизлик бўйича профилактик тадбирларни оммавий ахборот воситалари орқали фаол ёритиш ҳамда аҳолининг рақамли масъулиятини ошириш масалалари юзасидан таклиф ва тавсиялар ҳам билдирилди.



