18

2026 йил 2 февраль куни таниқли иқтисодчи олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Абдурахманов Қаландар Ходжаевичнинг 80 йиллик юбилейи кенг жамоатчилик иштирокида тантанали равишда нишонланди. Ушбу сана мамлакат илмий ҳаётида муҳим воқеа сифатида ўтди ва академик олимнинг иқтисодиёт фанини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссасини яна бир бор эътироф этди.

Юбилей тадбирида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Рахимова Нигина Хайруллаевна ҳамда марказнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари Сеитов Мансур Шерикбаевич иштирок этдилар. Улар ўз чиқишларида академик олим Абдурахмановнинг меҳнат иқтисодиёти, инсон капитали ва замонавий иқтисодий жараёнларни илмий асосда таҳлил қилишдаги ўрнини алоҳида таъкидладилар.

Академик олим Абдурахманов Қаландар Ходжаевичнинг ярим асрдан ортиқ давом этган илмий ва педагогик фаолияти мамлакат иқтисодий фанининг ривожланишида муҳим ўрин эгаллайди. У томонидан меҳнат иқтисодиёти соҳасида шакллантирилган илмий мактаб инсон капитали, бандлик ва меҳнат муносабатларини таҳлил қилишнинг замонавий ёндашувларини белгилаб берди. Олимнинг халқаро миқёсда нашр этилган фундаментал асарлари жаҳон академик муҳитида кенг эътироф этилган бўлиб, иқтисодий тафаккур тараққиётига салмоқли ҳисса қўшди.

Шу билан бирга, академик олим сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт шароитида меҳнат бозорида юз бераётган чуқур трансформация жараёнларини илмий асосда тадқиқ этиб, замонавий иқтисодий ривожланишнинг янги концептуал йўналишларини илгари сурди. Юзлаб шогирдлар тайёрлаган устоз сифатида у бутун бир олимлар авлодини камолга етказди. Унинг илмий мероси ва хизматлари миллий ҳамда халқаро илмий жамоатчилик томонидан юқори баҳоланиб, иқтисодиёт фанининг мустаҳкам пойдевори сифатида эътироф этилмоқда.