23.02.2026
15
Жорий йил 20 феврал куни Ёшлар ишлари агентлигининг “Ёшлар пресс клуби” майдонида ёшлар билан доимий мулоқотлар самарадорлиги ва натижадорлигини янги босқичга олиб чиқишга бағишланган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбир давлат органлари, идора ва ташкилотларда ёшлар сиёсати ижросини такомиллаштириш, институционал мулоқот механизмларини кучайтириш ҳамда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди. Мазкур тадбирда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходимлари Ш. Бобоев ва С. Имомов иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими сўзга чиқиб, “Раҳбар ва ёшлар” форматини тизимли равишда жорий этиш, раҳбарлар ва ёшлар ўртасида очиқ ва мунтазам мулоқот майдонларини кенгайтириш, шу орқали ишонч, шаффофлик ва жамоатчилик иштирокини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, вазирлик, идора ва ташкилотлар ёш ходимлари ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш, мазкур йўналишда Президентнинг 2025 йил 15 январдаги ПҚ–9 қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, кадрлар захирасини шакллантиришнинг замонавий модели сифатида Амалиёт офиси (Internship Office) лойиҳасини йўлга қўйиш ҳамда ёшлар билан ишлаш учун масъул ходимларни рағбатлантириш ва тақдирлаш механизмларини такомиллаштириш каби устувор йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан ёшлар сиёсати самарадорлигини оширишга доир амалий таклифлар билдирилди, давлат ва жамоат институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ёшлар билан ишлашда мониторинг ва баҳолаш индикаторларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Муҳокама йиғилиши давлат бошқаруви тизимида ёшлар билан очиқ мулоқотни ривожлантириш, ижтимоий фаолликни қўллаб-қувватлаш ва стратегик вазифалар ижросини мувофиқлаштириш йўлида муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.


