06.09.2025
12
Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги ва ШҲТ саммити юзасидан фуқаролар фикри ўрганилмоқда
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи ва ШҲТ саммитидаги иштироки бўйича мамлакатимиз фуқаролари ўртасида махсус социологик сўров ўтказишни бошлади.
Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Давлат раҳбарлари ўтказган музокараларда сунъий интеллект марказини ташкил этиш, “яшил” энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва фан соҳаларидаги йирик қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Инвестиция портфели 60 миллиард доллардан ошгани, савдо айирбошлаш ҳажми эса йилдан-йилга ўсиб бораётгани ҳам стратегик шерикликнинг кўламини кўрсатади.
Шундай шароитда аҳолининг мазкур жараёнларга муносабати, давлат раҳбарининг ташаббуслари ва ташқи сиёсий фаолияти жамият томонидан қандай қабул қилинаётганини ўрганиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки халқаро сиёсий қарорлар ва икки томонлама келишувлар нафақат давлатлараро муносабатларга, балки аҳолининг турмуш тарзи, иқтисодий имкониятлари ва мамлакат тараққиётига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Сўровнома орқали аҳолининг саммит ҳақидаги хабардорлик даражаси, Президент ташаббуслари ва чиқишларига муносабати, мамлакатимиз учун саммит аҳамияти ҳамда ШҲТ доирасидаги самарали ҳамкорлик йўналишлари ҳақидаги фикрларини ўрганиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, респондентлардан Ўзбекистоннинг Хитой билан стратегик шериклиги, икки давлат раҳбарлари музокаралари ва йирик компаниялар билан алоқалар ҳақидаги қарашлари, шунингдек, инвестиция ва ҳамкорлик зарур деб ҳисобланган соҳалар ҳақида фикр-мулоҳазалар ўрганилади.
Тадқиқотнинг аҳамияти шундаки, у жамоатчиликнинг ташқи сиёсий жараёнларга муносабатини чуқур таҳлил қилиш имконини яратади. Натижалар Ўзбекистон ташқи сиёсатини такомиллаштириш, стратегик шериклик йўналишларини белгилаш ва давлат раҳбарининг ташаббусларини жамиятда тарғиб қилишда ишончли асос бўлиб хизмат қилади.