05.04.2026
14
Давлат ва жамият ўртасида қайтар алоқа тизимининг шаклланиши: мурожаатлар, маҳалла институти, жамоатчилик фикри сўровлари
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлиги изчил равишда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу ерда гап нафақат иқтисодий ўсиш суръатлари, балки фуқаролар ўз кундалик ҳаётида реал ўзгаришларни қанчалик ҳис қилаётганлиги, давлат бошқаруви тизими ижтимоий кутилмаларни қанчалик самарали ҳисобга олаётганлиги ва одамларнинг талабларига тезкорлик билан муносабат билдираётганлиги ҳақида бормоқда. Ижтимоий йўналтирилган ёндашув мамлакатни узоқ муддатли ривожлантиришнинг стратегик ҳужжатларида, жумладан, "Ўзбекистон — 2030" стратегиясида ҳам мустаҳкамланган. Ушбу стратегия асосида фуқароларнинг ҳаёт сифатини изчил ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкониятларни кенгайтириш ва жамиятнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлашни назарда тутувчи "Халқ хизматидаги давлат" тамойили ётади[1]. Мазкур танланган йўлнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2026 йил 16 февралда ПФ-21-сон Фармони қабул қилинганлиги амалга оширилаётган ўзгаришларга янада тизимли хусусият беришга интилишдан далолат беради.


