05.04.2026
6
Давлат ва жамият ўртасида қайтар алоқа тизимининг шаклланиши: мурожаатлар, маҳалла институти, жамоатчилик фикри сўровлари
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлиги изчил равишда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу ерда гап нафақат иқтисодий ўсиш суръатлари, балки фуқаролар ўз кундалик ҳаётида реал ўзгаришларни қанчалик ҳис қилаётганлиги, давлат бошқаруви тизими ижтимоий кутилмаларни қанчалик самарали ҳисобга олаётганлиги ва одамларнинг талабларига тезкорлик билан муносабат билдираётганлиги ҳақида бормоқда. Ижтимоий йўналтирилган ёндашув мамлакатни узоқ муддатли ривожлантиришнинг стратегик ҳужжатларида, жумладан, "Ўзбекистон — 2030" стратегиясида ҳам мустаҳкамланган. Ушбу стратегия асосида фуқароларнинг ҳаёт сифатини изчил ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкониятларни кенгайтириш ва жамиятнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлашни назарда тутувчи "Халқ хизматидаги давлат" тамойили ётади[1]. Мазкур танланган йўлнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2026 йил 16 февралда ПФ-21-сон Фармони қабул қилинганлиги амалга оширилаётган ўзгаришларга янада тизимли хусусият беришга интилишдан далолат беради [2].
Белгиланган вазифаларни замонавий шароитларда янада муваффақиятли бажариш учун давлат ва жамият ўртасида самарали қайтар алоқани йўлга қўйиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар аҳоли томонидан пировард натижада кундалик ҳаёт призмаси — ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкони, инфратузилма ҳолати, ишга жойлашиш имкониятлари ва ижтимоий ҳимояланганлик даражаси орқали баҳоланмоқда. Шу муносабат билан давлат ҳокимияти органлари учун нафақат кенг кўламли ривожланиш дастурларини амалга ошириш, балки ислоҳотлар одамлар томонидан қандай идрок этилаётганлиги ҳақидаги объектив маълумотларга эга бўлиш ҳам муҳимдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида 13 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши айнан шу масалаларга бағишланди. Муҳокама давомида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш ва жамоатчилик фикрини янада чуқурроқ ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди[3].
Президент раислигида ўтказилган йиғилиш кўп жиҳатдан ижтимоий кайфиятни ўрганишнинг комплекс тизимини шакллантириш ҳамда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжларига янада тезкорлик билан муносабат билдириш йўлини белгилаб берди.
Кенгроқ контекстда гап мамлакатда фуқароларнинг мурожаатлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш институтлари фаолияти ва социологик тадқиқотлар натижалари бир-бирини тўлдирувчи ахборот манбалари сифатида қараладиган тизимни шакллантириш ҳақида бормоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими шакллантирилди, Президентнинг Халқ қабулхоналари унинг энг муҳим бўғини бўлди. Уларнинг ташкил этилиши давлат тузилмалари ва аҳоли ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқани мустаҳкамлаш борасидаги салмоқли қадамлардан бирига айланди.
Амалиёт шуни кўрсатдики, ушбу механизм одамлар кундалик ҳаётда дуч келадиган кўплаб муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш имконини берди: бандлик масалалари, ижтимоий ҳимоя, уй-жой таъминоти, коммунал хизматлар иши, инфратузилма фаолияти, алоҳида идоралар фаолияти самарадорлиги шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, сўнгги йиллардаги иш тажрибаси шундан далолат берадики, мурожаатларни рўйхатга олишнинг ўзигина муаммолар ечимига кафолат бўла олмайди. Кўпинча мурожаатларнинг такрорланиши бартараф этилмай қолаётган чуқур сабаблар мавжудлигини англатади. Муаммолар фақат жамоатчилик ўртасида, жумладан, ижтимоий тармоқларда кенг акс-садо берганидан кейингина фаол муҳокама мавзусига айланадиган ҳолатлар ҳам кам эмас.
Фуқароларнинг мурожаатлари нафақат қайтар алоқа функциясини бажаради, балки ижтимоий кескинликнинг ўзига хос индикатори сифатида ҳам намоён бўлади. Айрим масалалар бўйича мурожаатлар сонининг ортиши кўпинча комплекс таҳлил ва идоралараро ҳамкорликни талаб қиладиган тизимли муаммолардан далолат беради.
Ижтимоий кайфиятни аниқлашда ўзбекистонликларнинг ижтимоий ҳаётида анъанавий равишда муҳим функцияларни бажариб келаётган маҳалла институти муҳим роль ўйнайди. Одамларнинг реал яшаш шароитлари, уларнинг эҳтиёжлари ва қийинчиликлари ҳақидаги маълумотларнинг салмоқли қисми маҳалла даражасида шаклланади.
Маҳаллий тузилмаларнинг иши фуқароларнинг расмий мурожаатлари даражасигача етиб бормаслиги мумкин бўлган масалаларни аниқлаш имконини беради. Кўплаб муаммолар ҳамжамият ичида муҳокама қилинади ва айнан маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тизими орқали маълум бўлади.
Сўнгги йилларда маҳалла фаолиятига турли мутахассислар — ижтимоий ходимлар, ёшлар етакчилари, бандлик органлари вакиллари ва бошқа тузилмалар ходимлари фаол жалб этилиб, "маҳалла еттилиги" шакллантирилди. Шубҳасиз, маҳалла ишини ташкил этишнинг янги модели оилалар ва алоҳида фуқаролар муаммоларини янада тезкор аниқлаш, шунингдек, турли идоралар саъй-ҳаракатларини самарали мувофиқлаштириш имконини беради.
Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳатто шундай тизим мавжуд бўлган тақдирда ҳам аҳолининг барча муаммоларини ўз вақтида аниқлаш имкони бўлмаяпти. Баъзи ҳолатларда жойлардаги ишлар расмиятчилик хусусиятига эга бўлмоқда, турли тузилмалар ўртасидаги ҳамкорлик эса етарлича натижа бермаяпти.
Шу сабабли, муаммоларни аниқлашда фақатгина маъмурий механизмларнинг ўзи етарли эмаслиги шубҳасиз. Ижтимоий жараёнларни янада чуқурроқ тушуниш учун ижтимоий кайфиятни таҳлил қилишнинг илмий методларидан фойдаланиш талаб этилади.
Ҳақиқатан ҳам замонавий давлат бошқаруви амалиётида жамоатчилик фикри социологияси тобора катта аҳамият касб этмоқда, ижтимоий кайфиятни комплекс тизимли ўрганиш воситаларига бўлган талаб эса ортиб бормоқда.
Айнан социологик тадқиқотлар фуқароларнинг мурожаатлари ва маҳаллий институтларнинг иши орқали келиб тушадиган ахборотларни тўлдириш ҳамда жамиятда кечаётган жараёнлар ҳақида янада яхлит тасаввур шакллантириш имконини беради.
Жамоатчилик фикри социологиясининг ижтимоий кайфиятни ўрганиш таркибий қисмларидан бири сифатидаги роли жадал ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар шароитида ортиб бормоқда, бинобарин, у ислоҳотларнинг аҳоли томонидан идрок этилишини, давлат институтларига бўлган ишонч даражасини ва фуқароларнинг турли гуруҳлари ижтимоий кутилмаларини тизимли ўрганиш имконини беради.
Социологик сўровлар яна бир муҳим устунликка эга: улар нафақат аллақачон юзага чиққан муаммоларни, балки ҳали шаклланиш босқичида бўлган тенденцияларни ҳам кўриш имконини беради.
Социологик тадқиқотларнинг долзарблиги мамлакат аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижалари билан ҳам тасдиқланади. Хусусан, "Ижтимоий фикр" РЖФЎМ томонидан 2024-2025 йилларда ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, ўзбекистонликларнинг тўртдан уч қисмидан кўпроғи (75,1%) жамоатчилик фикри сўровлари ўтказилишини ижобий идрок этади, уларга нисбатан атиги 2,0% респондентларда салбий муносабат кузатилган. Шу билан бирга, тадқиқот иштирокчиларининг аксарият кўпчилиги (82,8%) социологик сўровлар жамиятга реал фойда келтиришига ишонади, чунки сўровлар мавжуд муаммоларни аниқлаш ва давлат ҳокимияти органлари эътиборини уларга қаратиш имконини беради.
Эътиборли жиҳати шундаки, фуқароларнинг салмоқли қисми сўровларда иштирок этишни ўз фуқаролик позициясини ифодалаш шакли сифатида кўради. Тадқиқотлар натижаларига кўра, респондентлар бундай сўровларда қатнашиш улар учун ҳар бир фуқаронинг фикри мамлакат учун муҳим эканлигининг тасдиғи ҳисобланишини, шунингдек, фуқаролар тадқиқотлардаги иштирокини ижтимоий фаоллик ҳамда мамлакатда кечаётган жараёнларга қизиқишнинг намоён бўлиши билан боғлашини қайд этганлар.
Тадқиқотлар маълумотларига кўра, 76,4% респондентлар социологик сўровлар натижалари билан қизиқиб танишишини таъкидлашган. Улар учун аҳолининг ҳаётига бевосита дахлдор мавзулар: асосий ютуқлар, кутилмалар, ўзгараётган шароитлар ва имкониятлар, айниқса, қизиқарлидир. Бу мамлакатда жамоатчилик фикри кенг муҳокаманинг муҳим элементи эканлигини ва аҳоли томонидан жамиятда кечаётган жараёнлар ҳақидаги муҳим ахборот манбаси сифатида идрок этилишини кўрсатади.
Шунингдек, фуқароларнинг салмоқли қисми нафақат тадқиқот натижалари билан танишишга, балки уларда бевосита иштирок этишга ҳам тайёр экани диққатга сазовордир. Масалан, респондентлар ярмидан кўпроғининг (55,2%) келажакда социологик сўровларда қатнашиш истагини билдирганлиги аҳолининг шу каби тадқиқотларга бўлган ишончи даражаси етарлича юқорилигини ва ижтимоий аҳамиятга молик масалалар муҳокамасида иштирок этишга тайёрлигини намойиш этади[4].
Бундан ташқари, социологик тадқиқотлар натижалари турли минтақалар, аҳолининг ижтимоий ва ёш гуруҳлари ўртасида давлат сиёсатини идрок этишдаги тафовутларни аниқлаш имконини беради.
Бугунги кунда мамлакат ҳаётида давлат бошқаруви ва бандликдан тортиб, ижтимоий ҳимоя, таълим ва инфратузилмани ривожлантиришгача бўлган деярли барча соҳаларига дахлдор кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни вақтда, аҳоли сони ўсишда давом этмоқда, ички мобиллик жараёнлари кучаймоқда, бандлик таркиби ўзгармоқда ва янги ижтимоий кутилмалар шаклланиб бормоқда. Бундай шароитларда ижтимоий кайфият етарлича тез ўзгариши мумкин: дастлабки босқичда ижобий идрок этилган қарорлар вақт ўтиши билан уларни амалга ошириш амалиётини ҳисобга олган ҳолда тузатишларни талаб қилади. Қолаверса, мамлакат минтақаларидаги ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий тафовутлар туфайли бир хил чора-тадбирларга кўпинча турлича муносабат билдирилади.
Айнан шу сабабли, замонавий шароитда мониторинг тадқиқотларининг аҳамияти сезиларли даражада ортиб бормоқда. Улар бир марта ўтказиладиган сўровлардан фарқли ўлароқ, ўзгаришларни динамикада кузатиш, шаклланаётган тенденцияларни аниқлаш ва бошқарув қарорларини қабул қилишда уларни ўз вақтида ҳисобга олиш имконини беради.
Мамлакат Президенти видеоселектор йиғилишидаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек: «Социологик тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва уларнинг сифатини ошириш зарур. Эндиликда жамоатчилик фикрининг бир марталик сўровлари билан чекланилмай, қайси ҳудудларда ишонч ортаётгани, қаерда эса сусаяётгани, қайси қарорлар адолатли, қайсилари халқ манфаатига жавоб бермаслиги бўйича доимий мониторинг ва таҳлиллар ўтказилади».
Бундай тадқиқотларнинг ўзига хослиги олинадиган маълумотларнинг мунтазамлиги ва қиёсланувчанлигидан иборатдир. Бу эса аҳолининг нафақат жорий баҳоларини, балки уларнинг ўзгариши йўналишларини қайд этиш, ижтимоий кайфиятдаги барқарор ва вақтинчалик силжишларни аниқлаш, шунингдек, кўрилаётган чора-тадбирларга турли ижтимоий гуруҳларнинг муносабатини кузатиш ва баҳолаш имконини беради.
Жамоатчилик фикрини ўрганишга бундай ёндашув халқаро амалиётда ҳам кенг қўлланилади. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида мониторинг асосидаги социологик тадқиқотлар давлат бошқаруви тизимининг ажралмас қисмига айланган.
Хусусан, Европа Иттифоқи мамлакатларида кўп йиллардан буён кенг кўламли «Евробарометр» (Eurobarometer) тадқиқоти ўтказиб келинмоқда. У фуқароларнинг асосий сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга бўлган муносабатини кузатиш имконини беради. Ушбу тадқиқот маълумотларининг вақт кесимида ва мамлакатлар ўртасида қиёсланувчанлиги ижтимоий кайфиятдаги ўзгаришларни динамикада аниқлаш ҳамда давлат сиёсатини шакллантириш ва тартибга солишда уларни ҳисобга олиш имконини беради. Олинган маълумотлардан ҳам миллий ҳукуматлар, ҳам Европа институтлари турли дастур ва ташаббусларни ишлаб чиқишда фойдаланадилар[5].
АҚШда Pew Research Center ва Gallup каби таҳлилий марказлар томонидан мунтазам ўтказиладиган тадқиқотлар муҳим роль ўйнайди. Уларнинг маълумотларидан ҳам академик муҳитда, ҳам бошқарув қарорларини қабул қилиш жараёнида кенг фойдаланилади[6].
Бир қатор Осиё мамлакатларида ҳам ижтимоий кайфиятни мониторинг қилиш амалиёти фаол ривожланмоқда. Масалан, «Asian Barometer Study» халқаро лойиҳаси доирасида Осиё давлатларида давлат ҳокимияти институтларига бўлган ишонч, ижтимоий адолат ва сиёсий иштирок масалаларига бағишланган жамоатчилик фикри тадқиқотлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда[7].
Халқаро тажриба шундан далолат берадики, жамоатчилик фикрини тизимли ўрганиш замонавий давлат бошқарувининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Замонавий давлат бошқаруви тизими учун нафақат алоҳида ижтимоий муаммоларни қайд этиш, балки янада кенгроқ ижтимоий жараёнларни тушуниш ҳам муҳимдир. Социологик тадқиқотларнинг асосий устунликларидан бири айнан мана шунда намоён бўлади, бинобарин, улар: жамоатчилик ишончи даражасига таъсир этувчи омилларни аниқлаш; долзарб муаммоларнинг сабабларини таҳлил қилиш; ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар доирасида амалга оширилаётган турли давлат дастурларининг самарадорлигини баҳолаш имконини беради.
Бундан ташқари, тадқиқот натижаларидан ижтимоий тенденцияларни олдиндан прогнозлаштиришда фойдаланиш мумкин. Ижтимоий кайфиятнинг қандай ўзгараётганини тушуниш давлат институтларига кўпроқ асосланган қарорлар қабул қилиш ва эҳтимолий ижтимоий хавф-хатарларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Шу маънода, жамоатчилик фикри социологияси расмий статистика маълумотларини, фуқаролар мурожаатлари орқали келиб тушадиган ахборотларни, шунингдек, маъмурий мониторинг натижаларини тўлдирган ҳолда, ижтимоий жараёнларни таҳлил қилиш ва бошқарув қарорларини қабул қилишнинг муҳим воситаларидан бирига айланиб бормоқда.
Хулоса қилиш мумкинки, агар ушбу жараёнда қуйидаги турли ахборот манбаларидан фойдаланилса, давлат ва жамият ўртасидаги қайтар алоқа тизими ҳақиқий самарали бўлади, хусусан:
- фуқароларнинг мурожаатлари – тезкор ечим талаб қиладиган муайян муаммоларни аниқлаш имконини беради;
- маҳалла институтининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар – маҳаллий ҳамжамиятлар ва алоҳида оилалар даражасидаги вазиятни яхшироқ тушуниш имконини тақдим этади;
- социологик тадқиқотлар янада кенгроқ ижтимоий тенденцияларни кўришга ёрдам беради.
Ушбу воситаларнинг ҳар бири ўз функциясини бажаради, уларни мужассамлаштириш эса мамлакатнинг ижтимоий ривожланиши ҳақида янада объектив тасаввурни шакллантириш имкониятини яратади.
Аслида гап ижтимоий жараёнларни таҳлил қилишнинг кўп босқичли тизимини шакллантириш ҳақида бормоқда, бунда ҳам маъмурий маълумотлардан, ҳам илмий тадқиқотлар натижаларидан фойдаланилади.
Айнан шунинг учун ҳам фуқаролар мурожаатларининг таҳлили ва социологик тадқиқотлар натижаларига жамоатчилик фикрининг ҳолати тўғрисидаги муқобил эмас, балки ўзаро бир-бирини тўлдирувчи ахборот манбалари сифатида қаралиши лозим.
Шу муносабат билан, Халқ қабулхоналари, маҳалла институтлари ва социологик тадқиқотлар ўтказувчи тузилмалар ўртасида барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, келиб тушаётган ахборотларни таҳлил қилиш ва қиёслаш бўйича ягона марказ ташкил этиш истиқболи тобора долзарб бўлиб бормоқда.
Нигина Рахимова
[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон – 2030" стратегияси тўғрисида" 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон Фармони. https://lex.uz/uz/docs/6600404
[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" 2026 йил 16 февралдаги ПФ-21-сон Фармони https://www.norma.uz/novoe_v_zakonodatelstve/obnovlena_strategiya_uzbekistan_-_2030
[3] Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими янги босқичга олиб чиқилади. 13.03.2026. https://president.uz/ru/lists/view/9010
[4] Ўша жойда. 7-бет.
[5] Евробарометр Оригинальный текст: "GESIS - Leibniz Institute for the Social Sciences". www.gesis.
[6] https://brainly.com/question/2034226
[7] Обзор Азиатского барометра. asianbarometer.org.



