193

Фуқаролар Ўзбекистондаги коррупция ҳақида мавзусида тадқиқот ўтказилмоқда 

Коррупция мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган хавфли ижтимоий ҳодисалардан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашишни таъминлаш ва коррупциоген омилларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш масалаларига биринчи даражали аҳамият қаратилади. Коррупциянинг олдини олиш тизимини жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар қабул қилинмоқда, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш орқали давлат бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Коррупцияга қарши курашишнинг устувор масалаларидан бири унинг ўлчови билан боғлиқ. Коррупция ўлчовининг аҳамияти шундан иборатки, у энг коррупциялашган соҳа ва институтларни, коррупцияни юзага келтираётган омилларни аниқлаш; ушбу омилларни зарарсизлантириш ва коррупция кўламини минималлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини беради. Коррупцияни ўлчашнинг ўзи коррупцияга қарши сиёсатни амалга оширишнинг кучли воситаси ҳисобланади: тадқиқот натижалари жамоатчилик эътиборини коррупция хавфига жалб қилади ва кучайтиради ҳамда унинг давлат институтларига босим ўтказишига ёрдам беради. Коррупцияни ўлчаш орқали мониторинг қилиш коррупцияга қарши чора-тадбирларни янада самаралироқ амалга оширишга ёрдам беради. “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ коррупцияга қарши курашишда келгусида энг мақбул ва самарали бошқарув қарорлари ва воситаларини ишлаб чиқиш мақсадида жамиятнинг энг муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларида коррупциянинг тарқалиш даражасини ўлчаш бўйича мунтазам тизимли мониторингни амалга оширади. Коррупция масалалари бўйича жамоатчилик фикри сўровлари мунтазам равишда ўтказилмоқда ва унинг натижаларидан коррупцияга қарши курашиш фаолиятини такомиллаштириш жараёнида фойдаланилмоқда.

Айни пайтда “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ томонидан ўзбекистонликлар ўртасида иқтисодиётнинг айрим тармоқларидаги коррупциянинг кўлами ва унинг кўринишларини аниқлаш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва коррупциянинг давлат ва жамият ҳаётига салбий таъсирини камайтириш бўйича фаолияти самарадорлиги тўғрисида аҳолининг фикри ва тасаввурларини тўплаш ва таҳлил қилишга қаратилган сўров ўтказилмоқда.