15.05.2026
9
Жорий йилнинг14 май куни Бухоро шаҳрида Осиё хотин-қизлари II форуми ўз ишини бошлади. “Аёлларга инвестиция – барқарор ўсиш асоси: хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик имкониятларини кенгайтириш” мавзусида ўтказилаётган мазкур нуфузли халқаро форум хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг сиёсий, иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятини кенгайтириш масалаларига бағишланди. Форумда парламентлар, халқаро ташкилотлар, давлат идоралари, экспертлар ва жамоатчилик институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Форум доирасида хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки, иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, илм-фан, таълим, инновация ва сунъий интеллект соҳаларидаги имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ижтимоий ҳимоя ва рақамли муҳитда хавфсизлигини таъминлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Мазкур форумда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, иқтисод фанлари доктори Нигина Хайруллаевна Рахимова ҳам иштирок этмоқда. Форум доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, замонавий жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган илмий ва амалий ёндашувлар юзасидан фикр алмашилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ мамлакатда хотин-қизларнинг ижтимоий кайфияти, турмуш даражаси, иқтисодий имкониятлари, таълим, бандлик, тадбиркорлик, ҳуқуқий ҳимоя ва жамиятдаги мавқеи билан боғлиқ жараёнларни мунтазам социологик тадқиқотлар асосида ўрганиб келмоқда. Марказ томонидан ҳар йили “Аёллар ўзлари ҳақида: мавқе, кутишлар ва истиқболлар” мавзусида республика миқёсида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилади.
2026 йилги тадқиқот натижалари мамлакатда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатди. Жумладан, респондентларнинг 65 фоизи аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга эканлигини таъкидлаган бўлса, 67,4 фоиз иштирокчи яқин йилларда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи янада яхшиланишига ишонч билдирган. Бу кўрсаткичлар мамлакатда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати жамоатчилик онгида ижобий қабул қилинаётганини кўрсатади.
Сўров натижаларига кўра, аёллар мавқеини мустаҳкамлашда таълим ва иқтисодий мустақиллик муҳим омил сифатида баҳоланмоқда. Хусусан, респондентларнинг 50,4 фоизи бепул таълим имкониятларини кенгайтиришни, 50,1 фоизи эса иш билан таъминлаш имкониятларини оширишни муҳим деб ҳисоблаган. Шунингдек, 36,4 фоиз иштирокчи хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш аёлларнинг иқтисодий мустақиллиги ва ижтимоий фаоллигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этган.
Тадқиқотда аёлларнинг тадбиркорлик ва замонавий касбий кўникмаларга бўлган қизиқиши юқори эканлиги ҳам кузатилди. Хусусан, 52,2 фоиз респондент тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган бўлса, ахборот технологиялари ва рақамли кўникмалар соҳасида билим олишга эҳтиёж юқори эканлиги қайд этилди. Бу эса рақамли иқтисодиёт шароитида хотин-қизларнинг замонавий билим ва компетенцияларга интилиши ортиб бораётганини кўрсатади.
Форум доирасида кўтарилаётган масалалар ҳамда “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ томонидан амалга оширилаётган социологик тадқиқотлар мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини янада ошириш, гендер тенгликни мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш йўлида муҳим илмий-амалий аҳамият касб этмоқда.




