22.10.2024
84
ОЛИЙ МАЖЛИСГА САЙЛОВЛАР ВА ЭЛЕКТОРАЛ ЦИКЛНИНГ ЯНГИ ҚОИДАЛАРИ
“Ижтимоий фикр” РЖФЎМ сайлов кампанияларини социологик нуқтаи назардан кузатиб боришда кўп йиллик тажрибага эга. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг сайлови арафасида Марказ мамлакатимиз сиёсий ҳаётига фуқароларнинг жалб этилганлик даражасини ўрганиш, бўлажак сайловлар ҳақида аҳолининг хабардорлигини аниқлаш, электорал фаолликни прогнозлаштириш мақсадида комплекс социологик тадқиқотлар ўтказиб келмоқда.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеага бағишланган жамоатчилик фикрининг комплекс сўровларида мамлакатимизнинг барча минтақаларида истиқомат қилаётган, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси, 18 ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, турли миллатлар, ижтимоий гуруҳлар вакилларидан иборат, турли соҳа ва тармоқларда банд бўлган 4 минг нафардан ортиқ кишилар иштирок этишди.