22.10.2024
112
ОЛИЙ МАЖЛИСГА САЙЛОВЛАР ВА ЭЛЕКТОРАЛ ЦИКЛНИНГ ЯНГИ ҚОИДАЛАРИ
“Ижтимоий фикр” РЖФЎМ сайлов кампанияларини социологик нуқтаи назардан кузатиб боришда кўп йиллик тажрибага эга. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг сайлови арафасида Марказ мамлакатимиз сиёсий ҳаётига фуқароларнинг жалб этилганлик даражасини ўрганиш, бўлажак сайловлар ҳақида аҳолининг хабардорлигини аниқлаш, электорал фаолликни прогнозлаштириш мақсадида комплекс социологик тадқиқотлар ўтказиб келмоқда.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеага бағишланган жамоатчилик фикрининг комплекс сўровларида мамлакатимизнинг барча минтақаларида истиқомат қилаётган, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси, 18 ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, турли миллатлар, ижтимоий гуруҳлар вакилларидан иборат, турли соҳа ва тармоқларда банд бўлган 4 минг нафардан ортиқ кишилар иштирок этишди.
Жамоатчилик фикри сўровлари 2024 йилнинг августидан октябригача 4та босқичда ўтказилди.
Сўровлар натижалари бўлажак сайловлар ҳақидаги хабардорлик даражаси ошишининг барқарор динамикасини кўрсатди. Тадқиқотнинг сўнгги босқичини ўтказиш пайтида мамлакатнинг 84,8% фуқаролари 2024 йил “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови йили” ҳисобланишидан хабардор эканлиги маълум бўлди.
Парламентга 2024 йилда бўлажак сайловлар 2019 йилда бўлиб ўтган аввалги сайловлардан фарқ қилади. Бу йил депутатлар сайлови мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилади. Депутатлик корпусининг янги таркибини шакллантириш турли ижтимоий гуруҳлар манфаатларининг тақдим этилишини таъминлаш имконини беради ва тегишли равишда фуқароларнинг сайловда иштирок этиш муҳимлигини англашига таъсир кўрсатмоқда. Социологик сўровларнинг тўртта тўлқини мониторинги бўлажак сайловларда шахсан иштирок этишнинг муҳимлиги кўрсаткичининг барқарор ўсишини кўрсатди – ушбу кўрсаткич тадқиқотлар биринчи циклидаги 63,5%дан сўнгги босқичдаги 71,6%га қадар барқарор ўсишни намоён этди.
Ўтказилган тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатдики, электоратнинг аксарият қисми мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар курсининг боришига таъсир ўтказиш, давлат бошқаруви жараёнларида иштирок этиш учун реал имкониятлар борлигини аниқ тушунган ҳолда сайловга онгли равишда ёндашмоқда.
Сўров жараёнида мамлакат сиёсий кун тартибига аҳолининг қизиқиши етарлича юқори даражада эканлиги қайд этилди, хусусан, электорал фаолликнинг ошиши кузатилмоқда, ўзбекистонликлар давлат ишларига эътибори ва бўлажак овоз бериш тадбирида фаол иштирок этиш ниятини намоён этмоқдалар. Шуни таъкидлаш жоизки, мониторинг сўровлари натижаларига кўра, овоз бериш санаси қанчалик яқинлашгани сайин, унда иштирок этиш истагини билдираётганлар фоизи шунчалик кўпроқ бўлмоқда – агар биринчи босқичда (август) 77,9% ўзбекистонликлар сайловларда иштирок этиш ниятини билдирган бўлсалар, сўнгги босқич натижаларига кўра (октябрь) ушбу кўрсаткич 82,6% даражасигача ўсиб борди.
Жамоатчилик фикри сўрови натижалари шуни кўрсатдики, жамоатчилик онгида сиёсий партияларнинг сайловолди дастури айнан қандай масалалар ечими асосида қурилиши кераклиги ҳақида етарлича аниқ тасаввур шаклланган. Партиялар сайловолди кампаниясининг асосий таркибий қисмлари таълим сифати ва ундан фойдаланиш имкониятлари (56,6%), аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш (42,2%), мамлакатни янада ривожлантиришнинг иқтисодий стратегиялари, солиқ тизимини такомиллаштириш масалалари, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун солиқ ставкаларини пасайтириш, аҳолининг реал даромадларини ошириш усуллари, ишлаб чиқариш соҳасини, жумладан, замонавий технологиялар ва “яшил иқтисодиёт” тамойиллари асосида ривожлантириш (30,7%) масалаларига дахлдор бўлиши керак. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш (23,4%), фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш (19,3%), энергетика муаммоларини ҳал қилиш (18,3%), инфратузилмани яхшилаш (18,0%) масалалари ҳам сайловолди кампаниясининг аҳамияти кам бўлмаган жиҳатлари бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови арафасида ижтимоий-сиёсий вазиятни социологик тадқиқ этиш натижалари тобора ўсиб бораётган электорал фаоллик ҳақида сўзлаш ва овоз бериш кунида сайловчиларнинг юқори даражадаги иштирокини прогнозлаш имконини беради.