110

«ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ЖАМИЯТ ВА ОИЛАДАГИ ЎРНИ: ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИК, ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ  ВА КАЙФИЯТ»

 

 8 март Халқаро хотин-қизлар куни арафасида «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ «ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ЖАМИЯТ ВА ОИЛАДАГИ ЎРНИ: ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИК, ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ  ВА КАЙФИЯТ» мавзусида жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўров ўтказди. Тадқиқотда мамлакатнинг барча минтақаларида  яшовчи фуқаролар, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси, эркаклар ва аёллар, ёшлар, ўрта ва катта ёшлиларнинг вакиллари, иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишлайдиган  одамлар иштирок этди.

 

Сўров натижаларининг тасдиқлашича,  жамият тараққиётининг даражаси ва унинг салоҳият имкониятлари кўп жиҳатдан хотин-қизларнинг мавқеи билан белгиланади. Хотин-қизларнинг мақоми жамият тараққиёти, жамиятда шаклланган муҳит ва келажакда жамият қандай тараққий қилишининг кўрсаткичи ҳисобланади. Хотин-қизларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланганлик даражаси, таълим ва бандлик,  ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги иштироки даражаси уларнинг жамиятдаги мавқеи ва ролининг асосий ижтимоий кўрсаткичлари ҳисобланади. Ўз навбатида, давлатда рўй бераётган ўзгаришлар хотин-қизларнинг қадриятлар тизимига ва уларнинг қадрият йўналишларига таъсир қилади.

Ўзбекистон жамиятида рўй бераётган барча соҳаларни модернизация қилиш ва эркинлаштириш хотин-қизларга янги талаблар қўядиган, ижтимоий ролларнинг доирасини ва мазмунини, жамиятнинг ижтимоий тузилмасидаги хотин-қизларнинг ўрнини ўзгартирадиган янги ижтимоий муҳитни яратмоқда.

Ўтказилган сўровнинг  кўрсатишича, хотин-қизларнинг мақоми, уларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги фаоллигининг кучайб бораётганлиги  мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг натижаси ҳисобланади. «Сўнгги пайтларда Ўзбекистон жамиятида хотин-қизларнинг роли ошдими?», деган саволга  респондентларнинг аксарияти - 84%и  ижобий жавоб берди.