07.03.2024
306
«ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ЖАМИЯТ ВА ОИЛАДАГИ ЎРНИ: ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИК, ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ ВА КАЙФИЯТ»
8 март Халқаро хотин-қизлар куни арафасида «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ «ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ЖАМИЯТ ВА ОИЛАДАГИ ЎРНИ: ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИК, ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ ВА КАЙФИЯТ» мавзусида жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўров ўтказди. Тадқиқотда мамлакатнинг барча минтақаларида яшовчи фуқаролар, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси, эркаклар ва аёллар, ёшлар, ўрта ва катта ёшлиларнинг вакиллари, иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишлайдиган одамлар иштирок этди.
Сўров натижаларининг тасдиқлашича, жамият тараққиётининг даражаси ва унинг салоҳият имкониятлари кўп жиҳатдан хотин-қизларнинг мавқеи билан белгиланади. Хотин-қизларнинг мақоми жамият тараққиёти, жамиятда шаклланган муҳит ва келажакда жамият қандай тараққий қилишининг кўрсаткичи ҳисобланади. Хотин-қизларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланганлик даражаси, таълим ва бандлик, ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги иштироки даражаси уларнинг жамиятдаги мавқеи ва ролининг асосий ижтимоий кўрсаткичлари ҳисобланади. Ўз навбатида, давлатда рўй бераётган ўзгаришлар хотин-қизларнинг қадриятлар тизимига ва уларнинг қадрият йўналишларига таъсир қилади.
Ўзбекистон жамиятида рўй бераётган барча соҳаларни модернизация қилиш ва эркинлаштириш хотин-қизларга янги талаблар қўядиган, ижтимоий ролларнинг доирасини ва мазмунини, жамиятнинг ижтимоий тузилмасидаги хотин-қизларнинг ўрнини ўзгартирадиган янги ижтимоий муҳитни яратмоқда.
Ўтказилган сўровнинг кўрсатишича, хотин-қизларнинг мақоми, уларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги фаоллигининг кучайб бораётганлиги мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг натижаси ҳисобланади. «Сўнгги пайтларда Ўзбекистон жамиятида хотин-қизларнинг роли ошдими?», деган саволга респондентларнинг аксарияти - 84%и ижобий жавоб берди.
Ўзбекистонликлар шунга ишонадиларки, сўнгги йилларда хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий роли сезиларли ўзгаришларга учради, уларнинг мақоми ошди, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ўсмоқда, қизлар ва аёллар нафақат оилада ва оилавий муносабатларда, балки касб-ҳунарда, бизнесда ҳам ўзларини англай бошладилар, улар моддий жиҳатдан янада мустақил бўлмоқдалар.
Тадқиқот жараёнида фуқароларнинг хотин-қизлар учун нима устувор, улар учун қайси фаолият турлари афзалроқ ҳисобланиши, уларни нима қизиқтириши ва уларнинг нимага кўпроқ мойил эканлиги ҳақидаги фикри аниқланди.
70,3% респондентларнинг қайд этишича, касб ва фаолият усулларини танлаш имкониятларининг кенгайиши, таълимнинг аҳамияти ортиб бораётгани, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг ўзгариши туфайли хотин-қизларнинг устуворликлари ўзгариб бормоқда, улар ижтимоий, маданий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишмоқда, эркаклар билан тенг равишда бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланишмоқда, меҳнат бозорида талаб қилинадиган мутахассисликларни ўзлаштиришмоқда, хизматда ўсишга эришишга интилишмоқда.
Олинган натижалар хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи ўзгариб бораётганини тасдиқлайди, уларнинг аксарияти ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб қилинган ва эркаклар билан биргаликда оила бюджетига ҳисса қўшишмоқда, унинг фаровонлигини оширишга ёрдам беришмоқда. Кўриниб турибдики, шахсий ютуқлар ва молиявий мустақиллик хотин-қизлар учун устувор аҳамият касб этмоқда, юқори ижтимоий мавқега эришишнинг, нуфузли таълим олишнинг, жамиятда юқори мавқега эга бўлишни кафолатлайдиган рақобатбардош мутахассисликни танлашнинг роли ортиб бормоқда.
Кўпчилик респондентларнинг фикрича, мамлакатимизда давлат хотин-қизларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатмоқда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш, қизларнинг таълим олиши учун шарт-шароит яратиша, айниқса олий таълим олиш масалаларида, қийин ҳаётий вазиятларга тушиб қолганларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар тадбиркорлиги ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантиришга кўмаклашиш, қизлар ва аёллар ўртасида илмий салоҳиятни ривожлантиришга кўмаклашиш, аёллар спортини ривожлантириш ва хотин-қизларнинг имкониятларини ҳар томонлама рўёбга чиқаришга қаратилган бошқа кўплаб ташаббуслар мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, хотин-қизлар ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Сўровда фуқароларнинг эркаклар ва аёллар томонидан олий таълим олишнинг устуворлиги ҳақидаги фикри ўрганилди. Шундай қилиб, аксарият сўров иштирокчилари (81,1%) жинсидан қатъи назар, олий маълумот олиш зарурлигига ишонадилар, чунки олий маълумотга эга бўлиш келажакни яхшироқ таъминлаш, обрўли иш топиш ва оила бюджетига янада салмоқли ҳисса қўшиш имконини беради.
Тадқиқотда аёл фақат оилавий – маиший иш билан шуғулланиши, эрига ғамхўрлик қилиши, болаларни тарбиялаши ёки уйдан ташқарида банд бўлиши ҳамда оилавий ва касбий фаолиятни бирлаштириши мумкинлиги тўғрисида кенг кўламли фикрлар аниқланди. Сўровнинг кўрсатишича, фуқароларда аёл ҳам ишни, ҳам оилани муваффақиятли бирлаштира олади, деган фикр устунлик қилади – бу кўрсаткич 78,2% ни ташкил этди.
Шу билан бирга, бутун танловда аёл фақат ўз оиласи билан шуғулланиши кераклигига (14,7%) ишонадиган респондентларнинг муайян улуши мавжуд, аммо 5,0% сўров иштирокчилари орасида аёл фақат мартабада ўсиш ва касбий фаолият билан шуғулланиши керак деган фикр ҳам бор.
Ўзбекистондаги замонавий бандлик сиёсати барча фуқаролар, эркаклар ва аёллар учун меҳнат соҳасида тенг ҳуқуқ ва тенг имкониятларни кафолатлайди. Сўров жараёнида унинг иштирокчиларининг аксарияти (79,8%) бандлик жараёнида гендер камситишларини бошдан кечирмаганликларини айтишди.
Шу билан бирга, ҳар ўнинчи респондент бундай муаммога жуда тез-тез дуч келганини таъкидлади (12,2%). 6,2% респондент жуда кам бўлсада, дуч келганини кўрсатди.
Гендер кесимида аёллар эркаклара қараганда жинси туфайли ишга жойлашишда қийинчиликларга кўпроқ дуч келишади – бу кўрсаткич ушбу тоифада икки баравар юқоридир.
Эркаклар ва аёллар учун мартаба зинапоясида кўтарилиш учун тенг имкониятлар жамиятда гендер тенглик мавжудлигининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. 52,6% сўралганларининг фикрича, бу масалада гендер камситишлари йўқ, ходимлар мартабасининг ўсиши уларнинг жинсий мансублигига эмас, балки фақат уларнинг касбий фазилатларига, маълумот даражасига, шахсий хусусиятларига боғлиқдир. Шу билан бирга, 35,0% сўров иштирокчилари эркаклар мартаба жиҳатидан аёлларга қараганда муваффақиятлироқ, уларга хизмат зинапоясида кўтарилиш учун камроқ куч сарфлайдилар, улар аниқроқ қулайроқ шароитларда турибдилар, деган фикрдадир.
Гендер кесимининг кўрсатишича, эркаклар ва аёллар ўртасида эркаклар ўз мартабаларида тезроқ ўсишлари борасида якдил фикр кузатилади – мос равишда 33,0% ва 32,7%. Аммо шу билан бирга, ҳамма нарса профессионалликка боғлиқ деб ҳисоблайдиган эркакларнинг улуши аёлларга қараганда юқори бўлди – мос равишда 56,4% ва 48,3%.
Иш ҳақи даражаси меҳнат бозоридаги вазиятнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. 43,8% сўров иштирокчиларининг фикрича, аёллар ва эркаклар бир хил иш учун тенг ҳақ оладилар. Баъзи респондентлар (25,8%) иш ҳақи миқдори ишчиларнинг профессионаллигига боғлиқ, аммо жинсга боғлиқ эмас деб ҳисоблашади. Респондентларнинг яна бир қисми (17,5%) иш ҳақи бўйича аёлларга нисбатан камситиш бор, эркаклар худди шу иш учун катта маош олади, деб ҳисоблайди.
Тадқиқотда фуқароларнинг аёлнинг уйдан ташқарида ишлаши никоҳнинг мустаҳкамлигига таъсири ҳақидаги фикри ўрганилди. Энг кенг тарқалган фикр шундаки, аёл учун пуллик иш никоҳни мустаҳкамлашга ёрдам беради, чунки ишлайдиган аёл оилада ва жамиятда юқори мавқега эга бўлади, оила фаровонлигига ҳисса қўшади. 38,9% сўров иштирокчилари ушбу фикрга таянади.
Респондентларнинг катта қисми аёлнинг иши борлиги никоҳнинг мустаҳкамлигига таъсир қилмайди, деб ҳисоблайди – бу кўрсаткич 31,1% ни ташкил қилади.
Айни вақтда, 20,3% сўров иштирокчилари қарама-қарши нуқтаи назарга эга бўлиб, улар аёлда ҳақ тўланадиган ишнинг мавжудлиги унинг никоҳини заифлаштиришини таъкидладилар: молиявий мустақилликка эришган, меҳнат жамоасида ижтимоийлашган, манфаатлар доираси уйдаги ишлар ва оилавий муносабатлар билан чекланмаган аёл никоҳ сифатига юқори талабларни қўяди ва агар бу никоҳ уйғун иттифоқ ҳақидаги унинг тасаввурларига мос келмаса, уни бекор қилиши мумкин.
Сўров жараёнида унинг иштирокчилари гендер тенгсизликнинг мавжудлигига ёрдам берувчи сабаблар тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар. Тадқиқот натижаларига кўра, фуқаролар ўртасида билим ва маълумотнинг етишмаслиги (21,8%) ушбу сабаблардан бири бўлиб ҳисобланади.
Сўров иштирокчилари оила ва жамиятда эркаклар ва аёлларнинг ўрнига нисбатан кишилар дунёқарашида илдиз отган стереотипларни – анъанавий қарашларни, шунингдек диний қарашларни, дин томонидан белгилаб қўйилган диний хулқ-атвор қоидаларини гендер тенгсизлик мавжудлигининг муҳим сабаблари сифатида кўрсатдилар.
Сўров иштирокчилари қарор топган ижтимоий ақидаларни гендер тенгсизликнинг сабаблари, деб ҳисоблашади.
Сўров натижаларининг кўрсатишича, ҳозирги кунда фуқароларнинг аксарияти мамлакат ва жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ривожланишини чеклайдиган, инсон ҳуқуқларини бузадиган ва аёлларнинг ўзини ўзи англашига тўсқинлик қиладиган гендер тенгсизликини бартараф этишнинг муҳимлигини англашади. "Сиз қандай ҳисоблайсиз, ҳозирги кунда Ўзбекистонда гендер тенгсизликни бартараф этиш давлат ва жамият олдида турган муҳим ва долзарб вазифа ҳисобланадими?" деган саволга 53,0% респондентлар ижобий жавоб берди. Шу билан бир вақтда, айрим респондентлар муаммонинг жиддийлигини етарлича баҳоламадилар: 16,6% респондентлар саволга салбий жавоб берди, сўралганларнинг учдан бири (30,4%) бу масалага ўз муносабатини аниқлаштиришга қийналди.
Марказ томонидан ўтказилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, сўнгги йилларда гендер тенгликка эришиш масалаларида айниқса сезиларли ўзгаришлар юз берди, аммо шу билан бирга, жамоатчилик фикри сўровлари шуни кўрсатадики, турли хил ижтимоий стереотиплар аёлларнинг жамиятда чинакам тенг мавқега эришишига тўсқинлик қилмоқда. Мамлакатимиз дунёвий давлат ҳисобланишига ҳамда эркаклар ва аёллар ҳуқуқларининг тенглиги Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилганига ва аёллар жамиятнинг ижтимоий-маданий ҳаётида фаол иштирок этаётганига, таълим олиш ва шахсий қарашлари, фикр ва эътиқодларини билдириш ҳуқуқига эга бўлишига қарамамасдан аёлларнинг мавқеи бироз мавҳумлигича сақланиб қолмоқда. Аёлларга нисбатан камситиш яширин шаклда сақланиб қолмоқда, натижада жамиятда нима талаб қилиниши ёки аёлга нима қилишга рухсат берилиши ва нима бўлмаслиги ҳақида барқарор тасаввурлар пайдо бўлмоқда. Улар одамларнинг онги ва хулқ-атворидаги тўсиқлар, эркаклар ва аёлларнинг ижтимоий нуқтаи назарларидаги тенгсизликнинг сабаби ҳисобланади.
Мамлакатда гендер стереотиплари ва гендер тенгсизликни бартараф этиш, мамлакат Конституцияси ва қонунчилигига зид бўлган хурофот ва урф-одатларга қарши курашиш учун аҳоли ўртасида тарбиявий ишларни фаол олиб бориш, ривожланишга тўсқинлик қилаётган шаклланган стереотипларни йўқ қилиш зарур. Сўров иштирокчиларининг аксарияти (76,0%) бунга ишониб, фуқароларни ҳуқуқий ва гендер тенглик, эркаклар ва аёллар ўртасидаги адолатли ижтимоий муносабатлар зарурлиги тўғрисида хабардор қилиш муҳимлигини таъкидладилар.
Умуман олганда, ўтказилган тадқиқотлар натижалари жамоатчилик фикридаги ижобий тенденцияларидан далолат берадики, унга кўра гендер тенглик, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг жамият ва давлат қурилишидаги ролини ошириш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда, фуқароларнинг замонавий жамиятда аёлларнинг ўрни ҳақидаги фикр ва тасаввурлари ўзгармоқда. Гендер тенглик ҳамда ҳуқуқларни амалга ошириш ва жинсидан қатъи назар, жамиятнинг барча соҳаларида ҳуқуқий кафолатлар бериш борасида ижтимоий онгнинг ўзгаришида ижобий динамика мавжуд. Фуқаролар янги таҳрирдаги Конституциядаги фуқароларнинг эркаклар ва аёллар учун тенг сайлов, иқтисодий, оилавий ва репродуктив ҳуқуқларни амалга ошириш бўйича мустаҳкамланган шарт-шароитларни ижобий баҳолайдилар.