258

Жорий йилнинг 9 июл куни Тошкент шаҳрида “Бандлик ва ижтимоий ҳимояни уйғунлаштириш орқали Ўзбекистонда ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Жилбер Унго, халқаро ташкилотлар экспертлари, хорижий давлатлар элчилари, вазирлик ва идоралар вакиллари, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия аъзолари, шунингдек “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Рахимова Нигина Хайруллаевна хам Миллий комиссия аъзоси сифатида иштирок этди.

Тадбирда Олий Мажлиси Сенати раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқиб мазкур конференция ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари институтини мустаҳкамлаш, тенгсизлик ва камбағалликни қисқартириш, уларнинг олдини олиш соҳасидаги сиёсатни такомиллаштириш йўлидаги дастлабки қадам эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Жилбер Унгбо Ўзбекистон мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ютуқларга эришганини, бу борада ХМТ ва бошқа давлатлар учун намуна бўлганини алоҳида таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ва ижтимоий ҳамкорлар томонидан қўллаб-қувватланаётган ислоҳотларнинг кенг қамровли эканига урғу берди.

Ушбу тадбир давомида ижтимоий адолатни таъминлашда меҳнат меъёрларининг аҳамияти, ислоҳотлар даврида ижтимоий адолат ва муносиб меҳнатни илгари суриш, умумий фаровонлик учун ижтимоий мулоқот: имкониятлардан тенг фойдаланиш ва адолатли тақсимлаш мавзулари кенг муҳокама қилинди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ажралмас қисми эканлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқий ҳимояси давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Конференция охирида халқаро конференция якуни бўйича резолюция қабул қилинди.