25.09.2025
18
“БМТДА ПРЕЗИДЕНТ НУТҚИ - ГЛОБАЛ ҲАМЖИҲАТЛИККА ЧАҚИРИҚ”
2025 йил 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси иш бошлади. Умум-сиёсий мунозараларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Сессия раиси Анналена Бербок бошчилигида ўтган тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳамда АҚШ, Бразилия, Туркия, Жанубий Африка, Корея, Франция каби йирик давлатлар етакчилари қатнашди. Президентимиз нутқининг аввалида дунёда халқаро институтлар нуфузининг пасайиши, қарама-қаршилик ва урушлар кучайиб бораётганини таъкидлаб, БМТнинг асосий халқаро платформа сифатида мавқейини сақлаб қолиш зарурлигини қайд этди. Шу билан бирга, Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш таклифини илгари сурди.
Президентимиз Ш.Мирзиёев ўз нутқида, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий ислоҳотлар батафсил ёритди. Сўнгги йилларда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқаргани, таълим соҳасида эса тарихий натижаларга эришилгани мисол сифатида келтирилди. Хусусан, мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизгача ошгани қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев “Устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир” дея таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари нутқида нафақат миллий ислоҳотлар, балки бутун инсоният учун муҳим бўлган ташаббусларни ҳам илгари сурди. У таълим соҳасида педагогларнинг нуфузини ошириш ва улар учун ягона халқаро платформа яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф этди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида БМТ қароргоҳида болалар саратони ва оғир касалликларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги анжуман ташкил этиш режаси билдирилди.
Гендер сиёсатида эса хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва тадбиркорликдаги нуфузини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланиб, Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириш ташаббуси илгари сурилди.
Минтақавий хавфсизлик борасида Президент Ш.Мирзиёев, Афғонистон масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бу мамлакатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, халқаро ҳамжамиятнинг уни қўллаб-қувватлаши зарурлиги қайд этилди. Шу билан бирга, Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича алоҳида БМТ резолюциясини қабул қилиш таклифи берилди.
Президентимиз Ғазо ва Украинадаги вазиятларга ҳам тўхталиб, тинчлик ва сиёсий музокараларга чақирди. Шунингдек, терроризмга қарши глобал стратегия доирасида Тошкентда БМТнинг минтақавий офисини очишга тайёрлигини билдирди.
Экология ва барқарор ривожланиш соҳасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Бутунжаҳон форумини Ўзбекистонда ўтказиш, иқлим ўзгариши ва Орол денгизи муаммоларини глобал даражада ҳал этиш, иқлим миграциясига қарши халқаро механизм яратиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, 2030 йилга қадар Оролбўйининг 80 фоизини яшил қопламалар билан таъминлаш режаси эълон қилинди.
Президент рақамли ривожланиш ва сунъий интеллект имкониятларига ҳам тўхталиб, рақамли тенгсизликка йўл қўймаслик, сунъий интеллектдан тенг фойдаланиш ва унинг ечимларини беғараз алмашиш учун халқаро ҳамкорлик механизмларини яратиш таклифини билдирди. Ёшлар масаласида эса “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш ташаббуси билдирилди.
Нутқдаги ҳар бир ташаббус Ўзбекистоннинг глобал муаммоларда масъулиятли шерик сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлади. Жамиятда олиб борилган социологик сўровлар ҳам аҳолининг ташқи сиёсатда очиқлик ва ҳамкорликка асосланган йўналишини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан янграган нутқи — Янги Ўзбекистоннинг қатъий овози, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва адолат йўлидаги чақириқ сифатида тарихга кирди.