27.07.2024
183
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни арафасида одам савдоси бўйича жиноятларнинг тарқалганлиги сабаблари, уларга таъсир кўрсатувчи омиллар ҳақида ўзбекистонликларнинг тасаввурини аниқлаш, мамлакатда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, респондентларнинг одамларни эксплуатация қилишнинг замонавий шаклларига қарши курашиш чора-тадбирлари самарадорлигини янада ошириш бўйича таклифларини таҳлил қилиш мақсадида жамоатчилик фикри сўровини ўтказди.
Сўровда мамлакатимизнинг барча минтақалари аҳолиси, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта ёшдагилар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси иштирок этди.
Ҳозирги вақтда одам савдоси халқаро ҳамжамиятнинг глобал муаммоларидан бирига айланди, у дунёнинг барча минтақалари ва аксарият мамлакатларини қамраб олган ва уларнинг аҳволига салбий таъсир кўрсатадиган чуқур жиноий ҳодисани ифодалайди. Одам савдоси ижтимоий табақаланишга ёрдам беради, мамлакатларни инсон капиталидан маҳрум қилади, меҳнат бозорларига салбий таъсир кўрсатади ва инсон ресурсларига тиклаб бўлмас даражада зарар етказади. Замонавий дунёда қулликнинг замонавий кўринишлари, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва камситишларга қарши курашиш халқаро ҳамжамият ва ҳар бир давлат жамоатчилигининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этади.