135

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни арафасида одам савдоси бўйича жиноятларнинг тарқалганлиги сабаблари, уларга таъсир кўрсатувчи омиллар ҳақида ўзбекистонликларнинг тасаввурини аниқлаш, мамлакатда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, респондентларнинг одамларни эксплуатация қилишнинг замонавий шаклларига қарши курашиш чора-тадбирлари самарадорлигини янада ошириш бўйича таклифларини таҳлил қилиш мақсадида жамоатчилик фикри сўровини ўтказди.

Сўровда мамлакатимизнинг барча минтақалари аҳолиси, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта ёшдагилар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси иштирок этди.

 

Ҳозирги вақтда одам савдоси халқаро ҳамжамиятнинг глобал  муаммоларидан бирига айланди, у дунёнинг барча минтақалари ва аксарият мамлакатларини қамраб олган ва уларнинг аҳволига салбий таъсир кўрсатадиган чуқур жиноий ҳодисани ифодалайди. Одам савдоси ижтимоий табақаланишга ёрдам беради, мамлакатларни инсон капиталидан маҳрум қилади, меҳнат бозорларига салбий таъсир кўрсатади ва инсон ресурсларига тиклаб бўлмас даражада зарар етказади. Замонавий дунёда қулликнинг замонавий кўринишлари, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва камситишларга қарши курашиш халқаро ҳамжамият ва ҳар бир давлат жамоатчилигининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этади.

Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, одам савдоси ва уларни эксплуатация қилишга қаратилган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятларга қарши курашиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, бундай жиноятлар қурбонларига тиббий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш борасида юқори натижаларга эришилди.

Болалар меҳнатига барҳам берилди ва қишлоқ хўжалигида, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишни бартараф этиш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кафолатлаш, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш мақсадида ушбу соҳада фуқаролик жамияти, хорижий давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Одам савдосига қарши курашишда эришилган натижаларга қарамасдан, одам савдоси тўғрисидаги маълумотларни тўплашда чекловлар сақланиб қолмоқда, бу эса ушбу жиноятга қарши чора-тадбирларни танлаш ва ишлаб чиқишни қийинлаштиради ҳамда уларнинг самарадорлигини пасайтиради.

Мамлакатимизда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, одам савдоси ва уларни эксплуатация қилиш муаммоларини ҳал этиш бўйича илмий асосланган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш мақсадида фуқароларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги вазият бўйича фикрини аниқлаш, одам савдосига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш, ушбу турдаги жиноятларга қарши курашиш, фуқароларнинг ушбу турдаги жиноятлар сабаблари, турлари ва мавжуд маълумотлар ҳақидаги фикрини ўрганиш мақсадида жамоатчилик фикри сўровларини ўтказиш назарда тутилган.

«Ижтимоий фикр» РЖФЎМ одам савдоси билан боғлиқ муаммолар, ушбу ҳодисанинг мамлакатимизда тарқалганлиги ва ватандошларимизнинг чет элларда одамфурушлар тўрига тушиб қолиш хавфини баҳолаш бўйича комплекс мониторинг тадқиқотларини доимий равишда олиб бормоқда. Жамоатчилик фикри сўровлари жараёнида олинган натижалардан манфаатдор ташкилотлар одам савдосининг ўзига хос шаклларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, жиноий фаолиятнинг ушбу турини келтириб чиқарадиган ижтимоий, иқтисодий, маданий, сиёсий ва бошқа омилларни бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича мақсадли чора-тадбирларни кўриш мақсадида фойдаланиши мумкин.

Ўтказилган социологик тадқиқотнинг тасдиқлашича, жамоатчилик фикрида одам савдоси мамлакат, жамият ва ҳар бир фуқаро учун энг ўткир ва жиддий ижтимоий таҳдид бўлиб, у ҳаёт, эркинлик ва қадр-қимматга тажовуз қилади ҳамда инсоннинг асосий ҳуқуқларини бузади. Бу фикрга респондентларнинг аксарияти – 88,9% - қўшилишди.

Жамоатчилик фикри сўровининг тасдиқлашича, одам савдоси тўғрисидаги маълумотлар ҳажмининг ошиб бориши ва улардан фойдаланиш янада қулайроқ бўлаётганлиги сабабли, одам савдосининг асосий йўналишлари ва эксплуатациянинг турли шакллари билан боғлиқ жиноятлар ва ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида мамлакат аҳолисининг хабардорлик даражаси ўсиб бормоқда. Олинган тадқиқот натижаларига мувофиқ, 81,2% фуқаролар қулликнинг замонавий шакллари билан боғлиқ жиноятлар, шунингдек, инсон органлари ёки тўқималарини ноқонуний олиб сотиш билан боғлиқ жиноятлар мавжудлигидан хабардордир.

Умуман олганда, одам савдоси тўғрисида ўзбекистонликларнинг хабардорлик даражаси юқори бўлишига қарамасдан, ушбу турдаги жиноятларнинг мавжудлиги тўғрисида тасаввурга эга бўлмаган фуқаролар тоифалари ҳам борлигига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бир қарашда, бу кўрсаткич унчалик катта эмас, аммо айнан ушбу фуқаролар хавф остига тушиб қолишлари мумкин.  Шу муносабат билан одам савдоси билан боғлиқ муаммолар ва инқирозли вазиятларда ҳимояланиш йўллари тўғрисида, айниқса, Ўзбекистондан ташқарида ишга жойлашишда муайян хавфлар юзага келиши мумкинлигидан хабардор қилиш ва уларнинг олдини олиш бўйича махсус ахборот тадбирларини амалга оширишни фаоллаштириш зарур.

Тадқиқотда одам савдоси муаммосини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг маърифий фаолияти самарадорлиги ҳақида ўзбекистонликларнинг тасаввури аниқланди. Фуқаролар оммавий ахборот воситаларининг аҳолини одам савдоси тўғрисида, умуман муаммо ҳақида, шунингдек, мамлакатимизда ушбу жиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш қандай амалга оширилаётгани, фуқароларни келгусида эксплуатация қилиш мақсадида жалб қилишнинг мавжуд хавфлари тўғрисида хабардор этишдаги ишларидан мамнунлигини билдирдилар: 48,4% респондентлар ОАВнинг ушбу йўналишдаги ишидан “тўлиқ даражада” қониқадилар, 20,7% респондентлар ОАВ бу муаммони “ўртача даражада” ёритмоқда деб ҳисоблашади.  ОАВда одам савдоси билан боғлиқ муаммонинг ёритилишидан қониқмаган респондентлар улуши 22,9%ни ташкил этди.

 Фуқаролар сўрови жараёнида одам савдоси муаммолари тўғрисида аҳолининг кенг қатламларини хабардор қилишга тўсқинлик қилувчи сабаблар аниқланди. Респондентларнинг фикрича, баъзи фуқаролар муаммонинг кўламини тўлиқ англамайдилар, амалда ҳар қандай киши жинси, ёши, ижтимоий мавқеи, миллати ва динидан қатъи назар, одамфурушлар тўрига тушиб қолиши мумкин. Тадқиқот иштирокчиларининг таъкидлашича, қулликнинг замонавий шакллари тўғрисида жамоатчилик хабардорлигининг етарлича даражада эмаслиги оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда ва чет элларда одам савдосига қарши курашиш масалаларини ёритишга кам эътибор қаратилаётгани, телевидение, радио ва матбуотда фуқароларни одам савдоси тармоқларига жалб қилишнинг мавжуд хатарлари, одам савдоси қурбонларига ёрдам бериш ва уларни жамиятга интеграциялаш, эксплуатация қурбонига айланганларга ёрдам берадиган ташкилотлар фаолияти тўғрисида ахборот лойиҳалари ва таҳлилий материалларнинг етарли эмаслигининг оқибати ҳисобланади. Фуқароларнинг одам савдоси тўғрисида янада кенгроқ билимларга эга бўлишига тўсқинлик қилувчи омиллар сифатида респондентлар баъзи фуқароларнинг ушбу муаммо шахсан уларга тааллуқли эмаслиги ва улар ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда ушбу турдаги жиноят қурбони бўлмаслигига қатъий ишончини таъкидладилар.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, 35 ёшгача бўлган ёшлар, эркаклар ва аёллар асосий хавф гуруҳлари ҳисобланишади, улар бошқаларга қараганда кўпроқ меҳнат қобилиятига эгалиги, ҳаракатчанлиги ва ҳаётий тажрибасининг етишмаслиги туфайли одам савдоси ва эксплуатация объектига айланадилар.

Фуқаролар жавоблари таҳлилининг кўрсатишича, жамоатчилик фикрида, одатда, одам савдоси қурбонларини маълум бир психологик, феъл-атвор ва хатти-ҳаракат хусусиятлари бирлаштиради. Шундай қилиб, ўзбекистонликларнинг ҳисоблашича, содда, ишонувчан, тажрибасиз йигит-қизлар кўпинча одам савдоси қурбонига айланишади, улар ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданият даражасининг етарли эмаслиги билан ажралиб туришади, шунингдек, амалдаги қонунчилик, жумладан, халқаро қонунчилик ҳақида юзаки тасаввурга эгалар. Жабрланганлар учун хос хусусият хавфли хулқ-атвор ва ўйланмаган, таваккалчилик хатти-ҳаракатларига мойиллик ҳисобланади. Жабрланганлар, одатда, бошқаларнинг таъсирига осонликча бериладиган, ўз фикрига ва аниқ ҳаётий мақсадларга эга бўлмаган, ўзига ишонмайдиган кишилардир.

Сўровнинг кўрсатишича, ўзбекистонликлар баъзи фуқароларнинг одамфурушлар тўрига тушиб қолганлиги учун жавобгарликни қурбонларнинг оиласи ва ота-оналари (46,6%) ҳамда жабрланувчиларнинг ўзлари (44%) ўртасида тақсимлайдилар. Фуқароларнинг тасаввурида, давлат органлари ҳам одам савдосига қарши курашиши ва ватандошларимизнинг ноқонуний меҳнат миграцияси ва мамлакатимиздан ташқарида ноқонуний иш билан шуғулланишига тўсқинлик қилиш учун куч-ғайрат сарфлашлари керак.

Сўров давомида олинган маълумотларнинг таҳлили мамлакатда одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини тасдиқлайди, мамлакатимизда ҳам, чет элда ҳам миграция ва ноқонуний иш билан боғлиқ мавжуд хавф-хатарлар тўғрисидаги профилактик ва тушунтириш-тарғибот ишларининг самарадорлигидан далолат беради. Олинган натижаларга кўра, ўзбекистонликларнинг аксарияти одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф қилиш бўйича давлатимиз томонидан етарли даражада чора-тадбирлар кўрилмоқда, айни пайтда давлатнинг одам савдосига қарши курашиш бўйича ишлаб чиқилган стратегиясини эса самарали деб ҳисобламоқда. Фуқароларнинг фикрича, одам савдосига қарши курашиш бўйича мавжуд чора-тадбирлар вазиятнинг ижобий ўзгаришига ёрдам беради, аммо жиноятчилар ушбу ноқонуний бизнесга янги қурбонларни жалб қилишнинг янгидан-янги усуллари ва йўлларини кашф қилаётганлиги сабабли, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари янги даъват ва таҳдидларга ўз вақтида ва етарли тарзда жавоб бериб, ўз фаолиятини доимий равишда такомиллаштириб бориши зарур.

Сўров натижаларининг кўрсатишича, аксарият фуқароларнинг фикрига кўра, одамфурушлар тўрига тушиб қолиш хавфи анъанавий равишда юқори бўлган мамлакатлар айнан меҳнат муҳожирлари олдиндан виза олмасдан боришлари мумкин бўлган мамлакатлар ҳисобланади. Мамлакатга кириш ҳужжатларини тўплаш ва расмийлаштириш зарурати йўқлигидан ташқари, ушбу мамлакатлар менталитет жиҳатидан бизнинг фуқароларимизга яқинлиги, уларда тил бўйича тўсиқларнинг йўқлиги ва географик жиҳатдан бизга нисбатан яқинлиги ва қулайлиги билан жозибадордир.

Одам савдоси қурбонларига ёрдам бериш билан шуғулланадиган давлат идоралари ва нодавлат тузилмаларининг ишини баҳолаб, фуқаролар бу иш "жуда яхши", юқори даражада амалга оширилаётганини таъкидладилар, респондентларнинг ҳисоблашича, жабрланганларга муносиб эътибор, тушуниш ва нормал ҳаётга қайтишда ёрдам кўрсатилмоқда.

Сўров иштирокчилари одам савдосига қарши курашиш, меҳнат миграцияси жараёнларини бошқариш ва чет элда ишлашни истаган фуқаролар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, одам савдоси қурбонларига ёрдам бериш ва уларнинг уйларига қайтиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий ҳамкорлик даражасини ижобий баҳолашди.

Тадқиқот жараёнида аҳоли томонидан одам савдосига қарши курашишнинг энг самарали чора-тадбирлари айтиб ўтилди, бинобарин, мамлакат минтақаларида янги иш ўринларини яратиш, фуқароларни муносиб иш ҳақи тўланадиган доимий иш билан таъминлаш энг самарали тийиб турувчи омил ҳисобланади. Респондентлар аҳолини миграция ва ноқонуний ишга жойлашиш билан боғлиқ мавжуд хавф-хатарлар тўғрисида хабардор қилишга қаратилган профилактика ва тушунтириш ишларини ҳам одам савдосига қарши курашишнинг самарали воситаси ҳисоблашади. Тадқиқот иштирокчилари таъкидлаганидек, камбағалликка қарши курашиш, фуқаролар фаровонлигини ошириш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш юртдошларимиз учун одам савдоси ва уларнинг эксплуатация қилиниши билан боғлиқ эҳтимолий хавфларни камайтиради. Сўров иштирокчилари, шунингдек, фуқароларга чет элда қонуний равишда иш топишда ёрдам беришни ташкил этиш, одам савдоси ва уларни эксплуатация қилиш билан боғлиқ жиноятлар учун жазоларни кучайтириш, ватандошларни меҳнат миграциясига юбориш ва чет элда ишлаётганларни ҳисобга олиш билан шуғулланадиган хусусий агентликлар устидан назоратни кучайтириш зарурлиги тўғрисида таклифлар билдирдилар.

Умуман олганда, жамоатчилик фикри сўрови натижалари мамлакатимизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш борасида сезиларли ютуқларга эришилганини тасдиқлайди. Ўзбекистонликлар мамлакат раҳбарияти томонидан ушбу жиноий бизнесга мақсадли қарши курашиш ва одам савдосидан жабр кўрган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватламоқдалар. Улар халқаро ҳамкорлик ва хорижий шериклар билан ахборот алмашинув фаолиятини, шунингдек, ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича илғор халқаро тажрибаларни жорий этишни ижобий баҳолашмоқда. Тадқиқот давомида фуқаролар одам савдоси муаммосининг самарали равишда олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш учун давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оддий фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигига ишонч билдирдилар, чунки дунёнинг аксарият мамлакатларида кенг тарқалган ушбу жиноят турига фақат ҳамжиҳатликдагина қарши курашиш мумкин.