03.06.2026
13
САНЪАТ ВА МАДАНИЯТ - МИЛЛАТ МАЪНАВИЙ ТАЯНЧИ ВА ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқот мамлакатимиз маънавий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири сифатида эътиборга моликдир. Ушбу учрашув нафақат соҳада мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларини муҳокама қилиш, балки миллий маданиятни асраш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва жамият маънавий тараққиётининг устувор йўналишларини белгилаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда маданият ва санъат масаласи фақат ижод аҳли ёки муайян соҳанинг ички масаласи эмас. У миллатнинг маънавий қиёфаси, жамиятнинг маданий даражаси, фуқароларнинг дунёқараши ва ёш авлод тарбияси билан бевосита боғлиқ бўлган стратегик йўналишга айланмоқда. Театр, мусиқа, тасвирий санъат, адабиёт, кино ва миллий маданий мерос инсоннинг эстетик диди, маънавий иммунитети ва ижтимоий фаоллигини шакллантирувчи муҳим омиллар ҳисобланади.
Айниқса, глобал ахборот макони тобора кенгайиб бораётган ҳозирги шароитда миллий қадриятлар, анъаналар ва маданий меросни асраш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки ҳар қандай миллатнинг маънавий барқарорлиги аввало унинг маданияти, санъати, тарихи ва миллий хотираси билан белгиланади. Шу маънода маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати жамиятнинг интеллектуал ва маънавий тараққиётини таъминлашга хизмат қилади.
Социологик нуқтаи назардан қараганда, аҳолининг маданий ҳаётдаги иштироки, маданий муассасалар фаолиятига муносабати, мусиқа, театр, музей, китобхонлик ва тасвирий санъатга бўлган қизиқиши жамият маънавий ҳолатини баҳолашнинг муҳим индикаторларидан бири ҳисобланади. Шу боис маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришда жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш амалиёти шуни кўрсатадики, фуқароларнинг маданий эҳтиёжлари, уларнинг маданий хизматлар сифатига берган баҳолари, миллий анъаналарга муносабати ҳамда маданий жараёнларда иштирок этиш даражасини таҳлил қилиш соҳани янада такомиллаштириш учун муҳим ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади.
Шу муносабат билан “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан маданият ва санъат соҳасига бағишланган янги социологик тадқиқотларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Мазкур тадқиқотлар доирасида аҳолининг маданият ва санъатга қизиқиши, маданий ҳаётдаги иштироки, миллий ва умуминсоний қадриятларга муносабати, мусиқа ва тасвирий санъатнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳамда маданий эҳтиёжлари каби масалаларни комплекс ўрганиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, “Маданият ва санъат жамоатчилик идрокида: қизиқиш, иштирок ва тажриба” мавзуси доирасида фуқароларнинг маданий жараёнларда иштирок этиш даражаси, театр, музей, концерт ва кўргазмаларга ташриф буюриш маданияти, миллий маданий меросни асрашга муносабати ҳамда маданият соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан жамоатчилик фикрини таҳлил қилиш режалаштирилган.
Президентимиз томонидан маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдодларни рағбатлантириш, ижодкорлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, миллий маданий меросни асраш ва унинг халқаро нуфузини ошириш бўйича илгари сурилган ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг маънавий тараққиёт стратегиясида муҳим ўрин тутади.
Маданият ва санъатга эътибор - инсон қадрини юксалтириш, миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва жамият маънавий бирлигини таъминлашга қаратилган эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир. Зеро, маънавий баркамол жамиятни шакллантириш йўлида маданият ва санъатнинг ўрни ва аҳамияти ҳар қандай даврда ҳам беқиёс бўлиб қолаверади.



