15.05.2023
271
“ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ОИЛА ТЎҒРИСИДА: КЎРСАТМАЛАР ВА УСТУВОРЛИКЛАР”
Оила жамият тараққиётида, ёшлар тарбияси
ва катта авлод вакилларини қўллаб-қувватлашда
биринчи даражали аҳамиятга эга. У ҳар бир инсон учун
ишончли таянч ҳамда далда бўлган ва шундай бўлиб қолади,
унга оналик ва оталик бахтини тақдим этади, ўсиб келаётган
ёш авлоднинг характери ва ҳаётий қадриятларини
тарбиялайди ва шакллантиради.
Халқаро оила куни арафасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «Ўзбекистонликлар оила тўғрисида: кўрсатмалар ва устуворликлар» мавзусида социологик тадқиқот ўтказди. Тадқиқотнинг мақсади оиланинг ўрни, оилалар фаровонлигининг асосий омиллари ва замонавий воқелик шароитида ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси ҳақида фуқароларнинг фикрини ўрганиш, шунингдек, ўзбекистонликларнинг эрта никоҳ ва ажралишларга бўлган муносабатини аниқлаш эди.
Ҳар бир ўзбекистонликнинг ҳаётида оиланинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Тарихан ва тадрижий жиҳатдан Ўзбекистонда оила ҳар доим ҳам шахсни, ҳам умуман жамиятни ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ва ривожлантириш манбаи бўлиб келган.