15.05.2023
455
“ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ОИЛА ТЎҒРИСИДА: КЎРСАТМАЛАР ВА УСТУВОРЛИКЛАР”
Оила жамият тараққиётида, ёшлар тарбияси
ва катта авлод вакилларини қўллаб-қувватлашда
биринчи даражали аҳамиятга эга. У ҳар бир инсон учун
ишончли таянч ҳамда далда бўлган ва шундай бўлиб қолади,
унга оналик ва оталик бахтини тақдим этади, ўсиб келаётган
ёш авлоднинг характери ва ҳаётий қадриятларини
тарбиялайди ва шакллантиради.
Халқаро оила куни арафасида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «Ўзбекистонликлар оила тўғрисида: кўрсатмалар ва устуворликлар» мавзусида социологик тадқиқот ўтказди. Тадқиқотнинг мақсади оиланинг ўрни, оилалар фаровонлигининг асосий омиллари ва замонавий воқелик шароитида ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси ҳақида фуқароларнинг фикрини ўрганиш, шунингдек, ўзбекистонликларнинг эрта никоҳ ва ажралишларга бўлган муносабатини аниқлаш эди.
Ҳар бир ўзбекистонликнинг ҳаётида оиланинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Тарихан ва тадрижий жиҳатдан Ўзбекистонда оила ҳар доим ҳам шахсни, ҳам умуман жамиятни ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ва ривожлантириш манбаи бўлиб келган.
Глобал ўзгаришларга, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг кўплаб асослари ислоҳ қилинаётганига, дунё миқёсида жамият тараққиётининг ижтимоий соҳасидаги янги тенденцияларга қарамасдан, Ўзбекистонда оила энг муҳим ҳаётий қадрият, миллий анъана ва урф-одатларнинг мужассамлашган маскани, шахсни шакллантиришнинг ва миллатни узлуксиз тараққий эттиришнинг асоси ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда оиланинг ривожланиши Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида ва 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида глобал даражада кўриб чиқилмоқда.
Хусусан, мамлакатда оилани мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар камбағалликни бартараф этиш, иқтисодий салоҳиятни кўпайтириш ва таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва бандлик, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қатор масалаларни ҳал этиш билан бир қаторда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида оилани мустаҳкамлаш, соғлом ва бахтли оналик ва болалик учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳақида ғамхўрлик қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Миллий қадриятларга асосланган ва халқаро ҳуқуқ нормалари ва талабларига жавоб берадиган никоҳ ва оилавий муносабатлар ҳамда оила аъзолари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик базаси доимий равишда такомиллаштирилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда муваффақиятли амалга оширилаётган давлат дастурлари оилани мустаҳкамлашга қаратилмоқда. Мамлакатимизда оилани қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш мақсадида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси,[1] «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида», «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларнинг кафолатлари тўғрисида»[2]ги Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»[3] Фармони қабул қилинди, ижтимоий реабилитация ва мослаштириш тизимини такомиллаштириш, оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда[4].
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази (РЖФЎМ) замонавий оиланинг ривожланиши масалаларини мажмуавий ўрганиш доирасида ҳар йили оилавий, шахслараро муносабатлар, эр-хотинлар, ота-оналар ва болалар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатлар мониторингини олиб бормоқда, мамлакатда оила тузилмасининг ривожланишини тавсифловчи расмий статистик маълумотларни қайд этмоқда.
Социологик сўров натижаларига кўра, респондентлар анъанавий равишда оилани ўз наслини давом эттириш имконияти деб билади, сўралган респондентлар оила ҳар бир инсоннинг таянчи бўлиб, унга ўз ҳаётий мақсадлари ва вазифаларини муваффақиятли амалга ошириш учун куч ва ишонч бағишлайди, деб ҳисоблашади. Сўров иштирокчилари оила тарбиянинг асоси ҳамда шахснинг, умуман жамиятнинг ахлоқини шакллантириш манбаи эканлигига ишонч билдирдилар.
Турмуш ўртоғини танлаш ва оила қуриш бир қатор мезонлар асосида амалга оширилади, улар орасида демографик, ижтимоий-иқтисодий, моддий-маиший ва психологик омиллар мавжуд. Ўтказилган сўров жараёнида ёшларнинг никоҳга кириши ва оила қуриши учун зарур шарт-шароитлар аниқланди.
Умуман олганда, сўров натижаларининг далолат беришича, респондентлар ўзаро муҳаббат ва ёшларнинг руҳий-ҳиссий мутаносиблиги никоҳга кириш учун асосий шартлар эканлигига ишонадилар. Сўралган респондентлар молиявий мустақиллик, барқарор, доимий иш ёки даромад манбаининг мавжуд бўлиши шартлигини айтиб ўтишди, улар шерикларнинг жисмоний соғломлиги зарурлигига эътибор қаратишди, бу эса соғлом болалар туғилиши учун зарурий шартдир.
Никоҳнинг мустаҳкамлиги бир қатор ижтимоий-иқтисодий ва ахлоқий-психологик сабаблар билан белгиланади, аммо респондентларнинг ярмининг фикрига кўра, бир-бирига бўлган ишонч ва феъл-атворларнинг ўзаро мослиги энг муҳим ҳисобланади. Оилаларнинг бир хил маданий ва таълим даражаси, тенг моддий ва ижтимоий мавқеи, 44,7% респондентларнинг фикрича, оилавий ришталарнинг мустаҳкамлигига, шунингдек, оилада болаларнинг мавжудлигига ижобий таъсир қилади (44,2%).
Оила қуриш усуллари ҳақида фикр юритар экан, респондентлар Ўзбекистон жамиятининг асослари ва анъаналарига амал қилиб, ота-оналарнинг бевосита иштирокида оила қуришни мақбул йўл (42,2%) сифатида алоҳида таъкидлашди ва буни бундай никоҳларнинг мустаҳкамлигидан далолат берувчи ўз кузатувлари ва ҳаётий тажрибаси билан изоҳладилар, шунингдек, респондентлар, агар ёшлар бир-бирлари билан мустақил равишда (ишда, мактабда, таътилда, жамоат жойларида ва ҳоказоларда) танишсалар, барқарор оилалар яратилишига ишонч билдиришди.
Олинган маълумотлар таҳлилининг кўрсатишича, ўзбекистонликлар ўзаро ҳурмат ва ишонч (58,6%), ўзаро муҳаббат (41,8%), шунингдек, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ёрдам беришга тайёрликни оила бахти ва фаровонлигини белгиловчи асосий омилларга киритишмоқда.
Оиланинг бахт-саодати ва фаровонлигини таъминлаш омиллари орасида психологик омиллар устуворлик қилиши характерлидир ва оиланинг моддий-молиявий фаровонлиги, гарчи респондентлар томонидан қайд этилган бўлса ҳам, асосий кўрсаткич ҳисобланмайди.
Эрта никоҳлар шахсий ва оилавий фаровонликка салбий таъсир кўрсатувчи сабаблардан бири ҳисобланиб, уларнинг мавжудлиги одамларнинг оилавий муносабатлари, уларнинг оила институти ва ижтимоий-маданий меъёрлар ҳақидаги қарашлари билан изоҳланади.
Маълумки, эрта никоҳлар кўпинча болалар, айниқса, балоғатга етган ва ўсмир қизлар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, уларнинг таълим олиш, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда иштирок этиш имкониятларини чеклайди, ижтимоий яккаланишга, улар саломатлигининг бузилишига олиб келади.
Teлефон сўрови ўзбекистонликларнинг эрта никоҳга муносабатлари ҳақида маълумот олишга имкон берди. Ўзбекистонда эрта никоҳга асосан салбий ва қораловчи муносабат қайд қилинди (61,6%). Сўровнинг ҳар ўнинчи иштирокчиси (9,5%) ушбу ҳодисага нейтрал ёки ижобий муносабатда бўлди (11,2%), чунки оила қуриш болалар туғилишига олиб келади, бу эса нима бўлганда ҳам қувончли воқеа ҳисобланади. 11,2% респондентлар шахсий ҳаётнинг дахлсизлигига асосланиб, эрта никоҳни ҳеч ким аралашишга ҳақли бўлмаган оилавий масала деб билишади.
Кўпчилик сўралганларнинг фикрича, қуйидагилар эрта турмуш қуришнинг асосий сабаблари ҳисобланади: ота-оналарнинг ўз фарзандлари оилавий ҳаётини имкон қадар тезроқ ташкил этишга интилиши (40,1%), оилалардаги маънавий ва ахлоқий тарбиянинг паст даражаси (22,8%), эркак ва аёлнинг ўзаро муносабати масалаларида ёшларнинг саводсизлиги ва (17,2%) ва оқибатда режалаштирилмаган ҳомиладорлик (15,9%).
Шак-шубҳасиз, ажралиш оилавий ҳаётдаги инқирозларга киради, бунда эр-хотинлар муносабатларни барқарорлаштириш ва оилавий ҳаёт жараёнида муқаррар равишда юзага келадиган мавжуд муаммолар ва қарама-қаршиликларни бартараф этишга ҳаракат қилмасдан, никоҳ муносабатларини тўхтатишга қарор қилишади.
XXI асрда дунё статистикасида ажралишлар сонининг кўпайиши тенденцияси мавжуд. Бу жиҳатдан Ўзбекистон бошқа давлатлар билан таққослаганда оилаларнинг барқарорлиги билан ажралиб туради, буни ажралишнинг нисбатан паст даражаси - 1000 нафар кишига 1,4 промилле (2022 йилда мутлақ кўрсаткич бўйича 48734) никоҳланишнинг ҳар 1000 нафар кишига 7,8 промилле бўлган даражаси ҳам тасдиқлайди[5].
Олинган маълумотларнинг таҳлили, респондентлар ажралишнинг асосий сабаблари сифатида феъл-атворнинг мос келмаслиги (42,2%) ва моддий муаммоларни (34,5%) кўрсатишаётганини аниқлашга имкон берди.
Ёшларнинг Интернетга қарамлиги ва ижтимоий тармоқларнинг таъсирини оилавий муносабатларнинг бузилишига олиб келадиган салбий омил деб атаган сўров иштирокчиларининг солиштирма улуши (17,7%) етарлича юқори эканлиги жуда эътиборлидир.
Шунингдек, респондентлар эр-хотин хиёнати (13,4%) ва қариндошларнинг эр-хотинлар ҳаётига аралашувини (12,5%) ажралишнинг муҳим сабабларига киритишган.
Респондентларнинг ярмидан кўпи (53,0%) учун оилада болаларнинг мавжудлиги, уларнинг руҳий мувозанати ва фаровон келажаги учун масъулият ажрашмоқчи бўлган эр-хотинни тийиб турувчи кучли омилдир. Сўровнинг ҳар бешинчи иштирокчиси (21,6%) ажрашишга монелик қилувчи сабаб сифатида қариндошларнинг ахлоқий таъсирини, ҳар ўнинчи (10,3%) респондент эса ажрашишни рағбатлантирмайдиган диний ақидаларни кўрсатди.
Ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги (84,6%) оиланинг асосий маъноси ва қадрияти болаларнинг мавжудлигида, деган фикрга қўшиладилар.
Оиланинг асосий вазифаси фарзандни дунёга келтириш эканини тасдиқлаган ҳолда, ўзбекистонликлар ота-оналарнинг ўз фарзандлари олдидаги масъулияти кўламини англайдилар ва, биринчи навбатда, ота-оналарнинг фарзандларга яхши тарбия ва таълим бериш бурчини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Респондентлар, шунингдек, яхши яшаш шароитларини яратишни ота- оналарнинг болалар олдидаги масъулияти соҳаларига киритишди.
Сўров иштирокчиларининг фикрига кўра, Ўзбекистонда оила қотиб қолган догма эмас, балки мамлакат ва бутун дунё сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар таъсири остида ўзгармоқда. Бироқ оналик ва оталик, анъанавий моногамия, оила аъзолари ўртасидаги ҳурмат ва муҳаббат, оилада ёши катталарнинг алоҳида ўрни каби қадриятлар ўзбекистонликларнинг замонавий оиласи учун ўзгаришсиз қолмоқда. Ёши улуғларни ҳурмат қилиш ўзбекистонликлар ахлоқининг асосий тамойилидир. Шунга асосланиб хулоса қилиш мумкинки, оиланинг ўзбекистонликлар учун қадрият сифатидаги аҳамияти шубҳасиздир. 53,2% респондентлар сўнгги 10 йил ичида оила жамиятнинг ижтимоий бирлиги сифатида янада мустаҳкам ва барқарор бўлганига ишонч билдиришди, сўралганларнинг ҳар ўнинчиси (9,5%) оила ўзгармаган деб ҳисоблайди, 47,0% сўров иштирокчилари замонавий оиланинг мустаҳкамлиги ташқи геосиёсий ва иқтисодий салбий омиллар таъсири остида бироз заифлашиши мумкин, дея ташвиш билдирдилар.
Ўтказилган тадқиқот оила жамиятнинг бирлиги сифатида унинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади, деган хулосага келишга имкон беради. Жамият ҳаёти ҳам оила ҳаёти билан бир хил маънавий ва моддий жараёнлар билан тавсифланади.
Агар жамият ва давлатнинг оилавий сиёсати оиланинг узлуксиз ривожланишининг асосий шарти сифатида унинг субъективлигини шакллантиришга, шунингдек, уни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса, оиланинг доимий равишда ўзгариб турадиган ташқи шароитларга мослашиш жараёни тезроқ ва муваффақиятли бўлади.
Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови оила мамлакатимиз фуқаролари учун ноёб ва доимий қадрият эканлигини кўрсатди. Ўзбекистонликлар ўзларини оила, севги-муҳаббат, болалар, ғамхўрликлар, оилавий ва қариндошлик муносабатларидан айри ҳис қилмайдилар. Жамоатчилик фикрида оила бардавом ҳаётий қадрият, жамиятнинг ахлоқий таянчи, маънавият маскани, миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш маркази ҳамда муносиб авлод тарбиясини таъминлайдиган асосий ижтимоий институт бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда.
[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 27 июндаги ПҚ-3808-сон Қарори.
[2] Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида» 2019 йил 11 мартдаги ЎРҚ-528-сон Қонуни; Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида» 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-561-сон Қонуни; Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларнинг кафолатлари тўғрисида» 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-562-сон Қонуни.
[3] Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони, Қонунчилик ҳужжатларининг миллий базаси, 2022 йил 7 март, № 06/22/87/0198
[4] Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 2 июлдаги ПҚ-3827-сон Қарори.
[5] html https://stat.uz/ru/press-tsentr/novosti-goskomstata/33757-o-zbekistonda-2022-yil-davomida-qancha-nikohdan-ajralish-holatlari-qayd-etildi-2