10

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Матбуот хизмати раҳбари Ахмедова Дилдора Олимжоновна “Ўзбекистон” телеканалидаги “Муносабат” кўрсатувида эксперт сифатида иштирок этди.

Кўрсатувда муҳокама этилган асосий савол – “Нега болалар мактабдан чиққач, яна репетиторлик дарсларига боришга мажбур?” – бугунги кунда нафақат ота-оналар, балки жамиятнинг барча қатламлари учун долзарбдир. Социологик тадқиқотлар кўрсатадики, қўшимча таълимга эҳтиёж бир нечта ижтимоий-иқтисодий омиллар билан белгиланмоқда яъни, умумтаълим мактабларидаги билим сифатини оширишга қаратилган жамият интилиши, ота-оналарнинг фарзандларини олий таълим муассасаларига тайёрлаш борасидаги кучли ижтимоий талаблар ва замонавий меҳнат бозорида рақобатбардош кадр бўлиш учун қўшимча билим ва кўникмаларга эҳтиёж.

Ижтимоий фикрни ўрганиш натижаларига кўра, аҳолининг катта қисми қўшимча таълимни фарзандлар ривожланиши учун ижобий омил сифатида баҳолайди. Шу билан бирга, унинг бир қатор салбий таъсирларини яъни, қўшимча таълим харажатлари оилаларнинг иқтисодий юкини ортиши, таълим тизимида тенг имкониятлар тамойилининг издан чиқиши, болаларнинг соғлиғи, психоэмоционал ҳолати ва ижтимоийлашув жараёнининг чекланиши каби холатлар ҳам кузатилмоқда.

 “Муносабат” кўрсатувида соҳа мутахассислари, ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида қўшимча таълимнинг ижобий ва салбий жиҳатлари таҳлил қилинди. Айниқса, ёшларнинг билим сифатини оширишдаги аҳамияти ҳамда давлат таълим сиёсатидаги устувор йўналишлар билан уйғунлигига эътибор қаратилди.